Мақолалар

Инсонпарварлик ёрдамини уюштирган саҳоба

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу биринчи бўлиб бир юртдан иккинчи юртга инсонпарварлик ёрдамини уюштирган шахсдирлар.

Ибн Абдул Ҳакам Лайс ибн Саъддан ривоят қилади:

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида Мадинада одамлар бошига қаттиқ очлик тушди. У киши Мисрдаги Амр ибн Осга мактуб ёздилар:

«Аллоҳнинг бандаси, мўминларнинг амири Умардан Осий ибн Осга. Салом! Аммо баъд: Умрим ила қасамки, эй Амр! Сен ва сенинг ёнингдагилар тўқ бўлса-ю, мен ва менинг ёнимдагилар ҳалок бўлса ҳам ишинг йўқми?! Ёрдам! Ёрдам!»

Амр ибн Ос унга мактуб ёзди:

«Аллоҳнинг бандаси, мўминларнинг амири Умарга Амр ибн Осдан. Аммо баъд: Лаббайка! Яна лаббайка! Сизга бир карвон юбордим. Унинг боши сизнинг ҳузурингизда, охири менинг ҳузуримда. Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ».

Амр катта карвон юборди. Унинг аввали Мадинага етиб келганида, охири Мисрда эди. Карвон ниҳоятда узун эди. У Умарга етиб келганида одамларга жуда кенглик яратдилар. У киши Мадинадаги ҳар бир уй аҳлига бир туяни устидаги егулиги билан бердилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Абдурраҳмон ибн Авф, Зубайр ибн Аввом ва Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳумни одамларга уларни тақсимлаб бериш учун юбордилар. Улар ҳар бир хонадон аҳлига бир туяни устидаги егулиги билан бердилар. Егуликни истеъмол қилиб, туяни сўядилар, унинг гўштини еб, ёғини эритиб оладилар, терисидан пойабзал қиладилар ва егулик солинган матони чойшаб ёки бошқа нарсага айлантирадилар. Шу билан Аллоҳ одамларга кенглик яратди».

«Ислом тарихи» китоби биринчи жуз

Read 2198 times

Мақолалар

Top