Мақолалар

Ислом умматининг илм денгизи

У ёш бўлишига қарамай, 1660 та ҳадис ривоят қилиб, кўп ҳадис ривоят қилувчи саҳобалардан бешинчиси бўлди.

У болалигиданоқ ўткир фаросатли, серғайрат, кундузлари рўзадор, тунлари қоим эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир нафас ажралмас эди

У Набий алайҳиссаломга ҳурмати чексизлигидан намозда у зотнинг ёнларида туришга журъат этолмасдан, “Эй Аллоҳнинг Расули, мен сизнинг ёнигизда туришимдан кўра улуғроқсиз”, деганида, у зот алайҳиссалом муборак қўлларини осмонга кўтариб, унинг ҳақига: “Эй Аллоҳим, бунга ҳикматни ато қилгин”, деб дуо қилган йигитдир.

У доимо Набий алайҳиссаломнинг хизматида бўлиб, у зотга нисбатан муҳаббати беназир бўлган саҳобадир.

У Умар розияллоҳу анҳу ҳам ўзини қийнаган ишларда маслаҳат солган ва “Қани, бир шўнғиб кўрчи, эй ғаввос”, деган йигитдир.

У – ислом умматининг илм денгизи, Қуръони каримнинг таржимони, буюк фақиҳ саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудир.

Набий алайҳиссаломнинг умрлари сўнгида ҳали ўн тўрт ёшга ҳам кириб улгурмаган саҳобанинг ўзидан ёши улуғ кўплаб саҳобаларни ҳадис ривоят қилишда ортда қолдириб, бешинчи ўринни олиши унинг қандай буюк инсон эканини яққол намоён қилади.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Набий алайҳиссаломнинг дорул бақога риҳлатларидан кейин ҳам илм талаб қилишни ўта тиришқоқлик билан давом эттирди. У киши олим саҳобаларни ўзларига устоз деб билди ва Расулуллоҳ алайҳиссаломдан ўргана олмай қолган нарсаларини ўрганишга киришди. Ўша кезда у зот икки оёқда юрувчи тирик сўроқ белгисига айланиб қолган эди. Агар “Биров фалон масалани билар эмиш”, деган гапни эшитса, ўша кишини топиб, масалани ундан ўрганмагунча тинчимас эди.

Шунингдек, у зот жамики устозларини қаттиқ ҳурмат қилар эди. Бу эса толиби илмлар амал қилиши лозим бўлган муҳим қоидалардан биридир. У зот Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан дарс олиб юрган  кунлардан бирида Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу манзилдан чиқиб, отга минмоқчи бўлди. У зот отнинг жиловини ушлаб турмоқчи бўлган эди, устози бундан қайтарди. Шунда у: “Уламоларимизни шундай ҳурмат қилишга буюрилганмиз”, деган эди, устози Зайд ибн Собит бўлса у зотнинг кафтларини ушлаб ўпиб, “Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг оилаларига шунда муомалада бўлишга буюрилганмиз”, деди.  У зот ўша вақтларда фақат илм учун яшар, бутун вужуди, барча имконияти илм олишга қаратилган эди. Ривоятларда келишича, у зотдан баъзи одамлар: “Бунча илмга қандоқ қилиб эришдингиз?”, деб сўраганида: “Савол берувчи тил билан, ақлли қалб билан”, деб жавоб берган экан.

Умар розияллоҳу анҳу бир куни ёлғиз қолиб, у зотга одам юборди. Келганида у зотга “Китоби бир, набийси бир ва қабиласи бир бўлатуриб, бу уммат қандай қилиб ихтилоф қилиши мумкин?!”, деди. “Эй мўминларнинг амири, бизга  Қуръон нозил бўлди, биз уни ўқидик ва нима ҳақида нозил бўлганини билдик. Биздан кейин шундай қавмлар бўлурки, улар Қуръонни ўқурлар, аммо нима ҳақида нозил бўлганини билмаслар. Бас, ҳар бир қавмнинг ўз фикри бўлур. Ҳар бир қавмнинг ўз фикри бўлганда, ихтилофга тушарлар, сўнгра урушарлар”, деди у зот. Илми  ниҳоятда ўткир, серқирра ва кўп бўлганидан у зот “Ислом умматининг илм денгизи” лақабини олган эди. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу у зотни ўз яқинларига ўтқизиб: “Мен Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг сени чақириб, бошингни силаб, оғзингга тупура туриб: “Эй Аллоҳим, уни динда фақиҳ қилгин, унга таъвилни ўргатгин”, деганларини кўрганман”, дер эди. У зот ўзи илм денгизи бўлиши билан бирга, бошқаларни ҳам илмга тарғиб қилар эди.

Ибн Занжавайҳ Али ал-Авдийдан қуйидагиларни ривоят қилади: “У зотдан жиҳод ҳақида сўрадим. Шунда у зот: “Мен сени жиҳоддан ҳам яхшироқ нарсага далолат қилайинми? Қуръонни ва фиқҳни ўрган, илм ўрган”, деди”.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Макка фиқҳ мактабининг асосчиларидан бўлиб, у зотнинг шогирдлари орасида Масруқ, Икрима каби илмда забардаст ва пешқадам зотлар бор эди. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг эшиги олдида инсонлар илм ўрганиш учун саф-саф бўлиб навбатга турар эди.

Хулоса қилиб айтганда, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу уммат ҳар қанча фахрланса арзийдиган ҳамда Аллоҳнинг динини билишда илми бамисоли бепоён уммон каби бўлган зот эди.

Исроил ЗОКИРОВ,

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

Read 8896 times
Tagged under

Мақолалар

Top