Мақолалар

Юксак фазилатли амаллар сари

Аллоҳ азза ва жалла белгилаган вақтда ва мавсумда ҳажга бориш ҳамда ота-онага яхшилик қилиш санаб адоғига етолмайдиган фазилатларга тўладир. Бунга доир бир неча ибратли воқеалар бор.  

Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳу айтадики: Биз Умар ибн ал-Хаттоб розияллоҳу анҳу билан у кишини халифалигининг илк  даврида бирга ҳаж қилдик. Мўминлар амири  Байтуллоҳга кирганида тавоф вақтида Ҳажар ал-асвадни ўпар экан, бундай деди: “Сени ўпаяпман, ҳолбуки, сен оддий тошсан. Сен на фойда ва на зарар ҳам етказа оласан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сени ўпгани учун ўпмоқдаман. Агар бундай бўлмаганида эди, сени ҳаргиз ўпмаган бўлардим!” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Динордан ривоят қилинади: “Ибн Умар Маккага қараб йўлга чиққанда туяга минишдан малолланиб қолса ўшани минар эди. Яна бошига ўраб юрадиган салласи бўлар эди. Бир куни ўша эшагида кетаётган эди, бир аъробий ўтиб қолди.

–   Сен фалончининг ўғли фалончи эмасмисан? – сўради Ибн Умар.

–   Ҳа шундай, – деб жавоб берди аъробий.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумо унга эшагини бериб:

–   Мана буни миниб ол! – деди ва салласини ҳам бериб:

– Буни бошингга ўраб олгин, – деди.

Шунда у кишининг баъзи ҳамроҳлари:

–   Аллоҳ Сизни мағфират қилсин! Нега бу аъробийга миниб келаётган эшагингизни ва бошингизга ўраб юрган саллангизни бериб юбордингиз – деб сўрашди.
У киши:

–   Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Яхшиликларнинг  энг эзгуси кишининг oтаси вафoт этганидан кейин унинг дўстлари билан  яхши муносабатда бўлишидир”, деб айтганларини эшитганман. Унинг oтаси менинг oтам Умар ибн ал-Хаттобнинг (розияллоҳу анҳу) дўсти эди, –  деди (Имoм Муслим ривoяти).

Мазкур икки қиссадан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш, у зотнинг суннатларига амал қилиш қандай бўлиши ва вафот этган ота-онасига фарзанднинг яхшилик  қилиши  қай ҳолатда бўлишини англаб олишимиз мумкин. Бу ўрнак олишга арзигулик  ибратли дарслардандир.

Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилинади: “Ривоят қилинишича бир киши онасини елкасида кўтариб Байтуллоҳни тавоф қилдирибди.

Тавофни тугатгач, бу амалини она учун қилинган катта хизмат, беқиёс хайру эҳсон деб, ўйлаган ўғил Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

– Онамнинг мендаги ҳаққини адо этдимми? – деб сўрабди.

Расулуллоҳ унга:  

– Йўқ! Сен бир маротаба оҳ уришининг ҳаққини ҳам адо этолмадинг, – дедилар (Яъни, онасини кўтариб тавоф қилдириши унинг ҳомиладорлик вақтидаги қийинчилик лаҳзаларидан бирига ҳам тенг эмаслигини айтдилар).

Агар биз Аллоҳ азза ва жалланинг розилигини топиш учун бор кучимизни ота-онамизнинг хизматига сарфласак, нақадар бахтли инсон бўлар эдик!.

Ҳотам бин ал-Асам фарзандларини чақириб, шундай деди: “Мен бу йил ҳажга боришни истайман”. Унинг болалари йиғладилар ва айтдиларки: “Эй отажон, сиз ҳаж сафарига бормоқчи бўлсангиз, бизларни кимга қолдириб кетмоқчисиз?”

Шунда Ҳотам бин ал-Асамнинг қизларидан бири: “Йиғидан тўхтанглар, отамизни ҳажга боришлари учун уни ўз ҳолига қўйинглар. Аллоҳ азза ва жалланинг ризқ берувчи зот эканини билмайсизларми, бу хусусда Қуръони каримда шундай дейилган-ку:      

إِنَّ اللَّهَ هُوَ الرَّزَّاقُ ذُو الْقُوَّةِ الْمَتِينُ

Зеро, Аллоҳнинг ўзи Раззоқ (ризқ берувчи), қувватли ва Матин (қудратли)дир.

Шундан сўнг болалар опасини койиб оч ҳолида ухлагани ётишди. Кунларнинг бирида бу уй ёнидан ўша мамлакатнинг амири ўтиб қолди. Амир чанқоғини бостириш учун яқиндаги уйлардан биридан сув сўради. Унга Ҳотам бин ал-Асам уйидан янги кўзада сув келтиришди, у сувдан ичиб олди ва сўрадики: Бу кимнинг уйи?. Шунда унга аёнлари: “Бу Ҳотам бин ал-Асамнинг уйи”, деб жавоб бердилар. Шунда амир бу уйга бир тилла танга ташлади ва дедики: Агар ким мени ҳурмат қилса мен қилган ишни бажаради. Сўнгра амирнинг аъёнлари Ҳотам бин ал-Асамнинг уйига бир неча тилла танга отдилар. Буни кўриб Ҳотам бин ал-Асамнинг қизи йиғлаб юборди. Унинг онаси: “Нимага йиғлаяпсан, қизим?” деб сўради. Шунда у: “Аллоҳ азза ва жалла ризқимизни мўл қилди. Онажон, бизга Аллоҳнинг бандаси назарини қаратди, бизни беҳожат қилди ва бизга ташаккур айтди. Агар Аллоҳ азза ва жалланинг Ўзи бизга назар солса нима бўлишини тасаввур қилинг!”

 Илёс Аҳмедов тайёрлади

Read 5184 times

Мақолалар

Top