Мақолалар

Мўмин марҳаматли бўлади

Ислом дини азалдан инсониятга асл мурувватни, диндошларига, ҳатто ғайридинларга ҳам эҳтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб келмоқда. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам фақатгина Ислом умматига эмас, балки бутун инсониятга гўзал хулқ-атворлари билан намуна бўлдилар. У зот аҳли китобдан бўлган қўшнилари билан ҳам яхши муносабатда бўлар, ҳадялар бериб, улардан ҳам ҳадялар қабул қилар эдилар. Ҳаттоки, Нажрон насронийлари келганида, уларга масжиднинг бир томонида ибодат қилишга ижозат бердилар. Дастлаб, роҳиб бўлган англиялик тарихчи Карен Армстронг “Муқаддас уруш” китобида бундай ёзади: “Муҳаммад (алайҳиссалом) фақат Макка мушриклари билан эмас, бир пайтнинг ўзида маҳаллий яҳудий қабилалари ва улар билан тил бириктириб ҳужумни режалаштирган Шом насронийлари билан ҳам урушишга мажбур бўлган эдилар. Аммо бу унинг қалбида душманларига нафрат туғдирмади, уни яъни аҳли китобни (яҳудий ва насронийларни) лаънатлашга олиб келмади. Мусулмонлар ҳаётларини ҳимоя қилишга мажбур бўлди, лекин ўз душманларининг динига қарши урушга кирганлари йўқ. Борди-ю, урушга мажбур бўлиб қолишса, инсонпарварликни унутмасди. Улар диний хизматчиларни, роҳибларни безовта қилишмасди, урушга қатнашмайдиган, ожиз кишилар, аёллар, ёш болалар, кексаларга тегмас, уларга заррача озор етказмас эди. Улар тинч аҳолини ўлдирмаган, бино ва уй-жойлардан ҳеч бирини вайрон қилмаган”. Демак, улар ҳар қандай ҳолатда зиён-заҳмат етказишдан холи бўлган.

 Инсон шаъни, саломатлиги, ҳуқуқлари – олий қадрият, унинг мол-мулки дахлсиз. Шунинг учун ҳам, уларга дахл қилиш жиноят сифатида баҳоланади. Жумладан, ўзганинг мулкини очиқдан-очиқ талон-тарож қилиш, талончилик мақсадида ҳужум қилиш, ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш содир этиш – босқинчилик ҳисобланади.

Динимизда бундай зўравонликлар кескин қораланади. Шунга қарамай, ўзларига исломни ниқоб қилиб олган ўзгаларнинг мол-мулкини ҳар қандай йўл билан бўлса-да, олиб қўйиш, қаршилик қилинса, уларга қарши кескин чора-тадбирлар кўришни ҳалол санайдиган турли экстремистик оқимлар талончилик ва босқинчилик қилиш, корхоналар ва иншоотларга зарар етказиш орқали ижтимоий барқарорликни издан чиқаришга уринмоқдалар.

Бу ҳақда шайх Юсуф Қарзовий шундай дейди: “Чет эл элчихоналарини вайрон қилиш, бошқа дин вакилларини ўлдириш – очиқ-ойдин зулм ва фасоднинг бир туридир. Чунки мазкур элчихоналар давлат билан расмий ва ўзаро розичиликка асосланган ҳолда фаолият олиб боради ва мусулмон давлати ҳимоясида ҳисобланади”.

Диндан миллатлараро адоват уйғотишда фойдаланиш, миллатчилик ва диний айирмачиликни келтириб чиқариш йўлидаги ҳаракатлар ислом дини таълимотига зиддир. 2006 йилнинг июль ойида Ислом олами уюшмаси ўтказган “Исломда тинч-тотув яшаш” мавзусидаги конференция баёнотида шундай дейилади: “Ислом дини барча миллат, халқ ва давлатлар ўртасида тинч-тотув яшашга буюради ва қуйидагиларни муҳим деб ҳисоблайди:
- исломнинг энг юксак ғояси бўлган тинчликни тарғиб қилиш ва инсонлар хавфсизлигини таъминлаш;

- инсон шаънини улуғлаш ва унинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш;
- ўзгаларни динга мажбурламаслик ва уларга нисбатан адолатсиз бўлмаслик;
- террорчилик, бузғунчиликнинг ҳар қандай турига қарши курашиш ва одамларни ноҳақ ўлдирмаслик”.

Албатта, кўнглида адовати бўлмаган ҳамда жамиятга зарари тегмайдиган бошқа дин вакиллари билан яхши муомалада бўлиб, улар билан дунёвий ишларда ҳамкорлик қилиш динимиз талабидир.

Барча аҳли китоблар, хусусан, насронийлар мусулмонлар қалбига яқин эканини Аллоҳ таоло қуйидаги ояти каримада баён этган: “Иймон келтирганларга нисбатан яқинроқ дўст – “биз насронийлармиз” деганлар эканини (ҳам) кўрасиз. Бунинг сабаби – улар ичида руҳоний ва роҳибларнинг борлиги ва уларнинг кибрига берилмаслигидир” (Моида, 82-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадислари билан аҳли зиммаларга бўлган аҳдни бузган киши Аллоҳнинг қаҳрига ва азобига учрашини мустаҳкамлаб қўйдилар: “Ким зиммий (аҳли китоб ватандош)га озор берса, менга озор берган бўлади. Менга озор берган одам эса Аллоҳга озор бергандир” (Имом Табароний ривоят қилган).

Яна бир ҳадиси шарифда “Ким аҳдлашган одамга зулм қилса ё унинг ҳаққини камайтирса ёки унга тоқатидан ортиқ вазифа юкласа, унинг ҳаққидан ботил йўл билан ўзлаштирса, мен у одам билан қиёматда ҳужжатлашаман”, дейилган (Абу Довуд ривоят қилган).

Ислом мамлакатида яшайдиган аҳли китоб ёки бошқа миллат ва дин вакили ўртада аҳдлашув борлиги учун эркинликда, қонуний ҳимояда ерли халқ билан бир мақомдадир. Шундай экан, бизлар ҳам юртимиз, шаҳримиз, маҳалламизда биз билан ватандош, ҳамшаҳар, маҳалладош бўлган турли миллат, турли дин ва эътиқод вакиллари билан ўзаро ҳурмат ва муҳаббат билан яшашимиз даркор. Бизнинг мамлакатимизда ирқи, миллати, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, барча оилалар ва уларнинг фарзандлари қонун олдида ҳуқуқан бир хил мавқеъдадир, имтиёзлардан ҳам бирдек фойдаланишади. Бу Ўзбекистон Конституцияси ва бошқа қонунлар билан кафолатланган.

 

Ҳасанбой ЭРКИНОВ,

 “Имом Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси.

Read 4279 times

Мақолалар

Top