Мақолалар

Виждон эркинлигининг ҳуқуқий пойдевори

Миллат тарихида ўчмас из қолдирган саналар бўлади. Эртага мамлакатимизда ана шундай кунлардан бири – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллиги тантана қилинади.

Конституциямизнинг 31-моддасида фуқароларнинг асосий ҳуқуқларидан бири виждон эркинлиги ҳуқуқи ҳисобланиши кўрсатилган.

Виждон эркинлиги инсоннинг ажралмас ҳуқуқларидан бири ҳисобланади. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 18, 19-моддаларида виждон эркинлиги масаласи ўз ифодасини топган.

Виждон эркинлиги масаласи таъкидланган юқоридаги декларация ва Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги  халқаро пактда қуйидаги ҳолатларда акс этган:

- ўз хоҳишига кўра динга эга бўлиш;

- ўз динини ўзгартириш;

- диний расм-русум ва ибодат маросимларини ўтказиш.

 Конституциямизда виждон эркинлиги масаласига бағишланган модданинг ўрин эгаллаши муҳим ижодий аҳамиятга эга. Мамлакатимизда виждон эркинлиги ва диний эътиқод эркинлиги масалалари Конституциямиз, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун (янги таҳрири) ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади. Тилга олинган қонуннинг 3-моддасида белгиланишича, виждон эркинлиги – фуқароларнинг ҳар қандай динга эътиқод қилиши ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмасликдан иборат кафолатланган конституциявий ҳуқуқидир.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг равишда виждон эркинлиги ва диний эътиқод эркинлиги ҳуқуқидан фойдаланади ҳамда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун ҳужжатларини бузганлик учун қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Демак, табиий ва демократик ҳуқуқлардан ҳисобланган виждон эркинлиги масаласи Конституция ва қонунларимизда ўз аксини топган ва мустаҳкамланган.

Жаҳонгир ҲОТАМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ходимлар бўлими мутахассиси

Read 7491 times
Tagged under

Мақолалар

Top