Мақолалар

Дунёдаги энг лаззатли нарса – одобдир

Ислом умматини гўзал хулқ ва юксак фазилатлар билан зийнатлаган Аллоҳ таолога ҳамду-санолар, улуғ хулқ узра умматларига намуна бўлган пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга чексиз салавотлар бўлсин.

Суқроти ҳакимдан “Энг лаззатли нарса нима7” деб сўралганда “одоб” дея жавоб қилган экан.

Файласуфлардан бири: “Ақл – амир, одоб – вазирдир. Агар вазир бўлмаса амир заифдир, мабодо амир бўлмаса вазир ботилдир”. Яна, “қараш-қабул қилишга, обрў-одобга, хурсандлик-хотиржамликка, билиш-тажрибага, шараф-тавозеъга мухтождир” деганлар.

Фарзанд тарбияси барча жамиятда кўпчиликнинг эътиборини жалб қилувчи долзарб масала ҳисобланади. Ислом дини  эса бу борада бутун инсониятга намуна бўладиган қонун-қоидалар жорий қилган. Шубҳа йўқки,  эзгу хулқ ва фазилатларнинг барчаси мустаҳкам иймон ҳамда тўғри диний тарбиянинг самарасидир.

Гўдак ёшлигиданоқ Аллоҳга иймон келтириш, ундан қўрқиш, унинг кўриб турганини ҳис этиш, барча ишларда унга суяниш, унинг ўзидан мадад сўраш ҳамда унга итоаткор бўлиш каби хислатлар негизида улғайиб борса, унда яхши хулқ ва фазилатларни касб этиш, ёмон хулқлардан йироқ бўлишга  малака ҳосил бўлади. Зеро, унинг қалбида  мустаҳкам ўрнашган илоҳий эътиқод унинг ақли ва ҳиссиётлари устидан назорат ўрнатиб, қабиҳ сифатлар ва разилликлардан уни муҳофаза қилади.

Аллоҳга иймон келтирмаган, ундан қўрқмаган ҳолда улғайган фарзанддан ҳар қандай ёмонликни кутиш мумкин. Доно халқимизда ҳам: “Худодан қўрқмагандан қўрқ”, деган ҳикмат бор. Демак, иймон ва гўзал хулқ бир-бирига чамбарчас боғлиқдир. Ана шу боғлиқликни мулоҳаза қилган ахлоқшунос олимлар кўрсатмаларида: “Диний эътиқод ва Аллоҳга иймон бўлмай туриб, яхши хулқ ва салоҳиятни шакллантириб бўлмайди”, дейдилар.

Фарзанд тарбияси борасида динимизда кўрсатилган тавсияларнинг баъзиларини қуйида ҳавола этамиз:

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Фарзандларингизни иззат қилинг ва уларга чиройли одоб ўргатинг” (Имом Термизий ривояти).

Али карромаллоҳу важҳаҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:”Болаларингиз ва аҳли аёлингизга яхшиликни ва одобни ўргатинг”, дея марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривояти). Юқоридаги ҳадислардан фарзанд тарбиясида мураббийлар, хусусан, ота-оналарнинг зиммасида улкан масъулият борлигини кўришимиз мумкин.

Исломда фарзанд тарбияси биринчи ўринда фарзандни синчковлик билан кузатиш ҳамда унинг феъл-атворини мулоҳаза қилишдан бошланади. Ота-оналар, устозлар ҳамда тарбия ишларига бефарқ бўлмаган кишилар болалардаги тўрт хил кўринишга эътибор қаратиб, уларни бартараф этмоққа ҳаракат қилмоқлари лозим. Чунки булар  энг қабиҳ амаллар ва разил сифатлардан саналади. Улар қуйидагилар:

ёлғончилик;

ўғирлик;

сўкиниш ва ҳақоратлаш;

ахлоқий инқироз;

  1. Ёлғончилик барча салбий сифатлар ичида энг хунук сифатлардан биридир. Ота-она ўз фарзандини бундай иллатдан сақламоғи лозим. Тарбияга масъул кишилар ёш болаларни йиғидан юпатиш, уларни бирор ишга қизиқтириш ёки жаҳлидан тушириш учун ёлғон гапирмаслиги шарт. Борди-ю,  улар бу ишни содир этса, ўзларининг ёлғончилиги билан уларга ёмон ўрнак бўладилар.

Абдуллоҳ ибн Омир розияллоҳу анҳу шундай ривоят қилади: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг уйимизда ўтирганларида онам мени чақириб: “Бу ёққа кел, бир нарса бераман!” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам онамдан: “Унга нима бермоқчисиз?” деб сўрадилар. Онам: “Хурмо бермоқчиман”, деб жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар унга бирор нарса бермаганингизда эди сизга ёлғон сўзлаганлик гуноҳи ёзиларди”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Бас шундай экан, катталар ёш болага ёлғоннинг ёмон хислат эканлигини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ва ҳаётий мисоллар билан тушунтиришлари, унинг салбий оқибатларидан уларни огоҳ этишлари зарурдир.

  1. Ўғирлик хатарлилиги жиҳатидан ёлғончиликдан кам эмас. У барча даврларда инсонларнинг нафратига сазовор бўлган иллатдир. У ижтимоий муҳитни издан чиқариб, жамиятни таназзулига олиб боради. Бу хислатнинг ҳам бирор инсонда шаклланишига асосий сабаб Аллоҳни танимаслик, унинг барча амалларни кузатиб турганини ҳис этмаслик, қиёмат куни гуноҳларга яраша жазо муқаррарлигини билмасликдир. Фарзандини келажакда ўғри бўлишини истамаган ота-она унга гўдаклигиданоқ Аллоҳни танитиш, ўғирлик қилган одам қиёмат куни жазоланиши муқаррар эканини билдириши лозим. Айрим ота-она фарзандининг ёшликда қилган ўғирлигига бепарво қараб, унинг бу қилмишини гўдакликка йўядилар. Бу –мудҳиш хатодир. Бундай бепарволик ана шу болада ўзгаларнинг молига хиёнат қилишдан қўрқмаслик ҳиссини келтириб чиқаради. Қуйидаги ҳикояда бунинг тасдиқини кўришимиз мумкин:

“Шаръий маҳкамалардан бири ўғирлик билан қўлга тушган ўғрини қўлини кесишга ҳукм чиқаради. Ҳукм ижро этиладиган кун келганида ўғри овозининг борича: “Менинг қўлимни кесишдан олдин онамнинг тилини кесинглар! Мен ҳаётимда биринчи бор қўшнимизнинг уйидан товуқ тухумини ўғирлаганимда у мени койимади, уни эгасига қайтириб беришимни талаб қилмади. Аксинча, қилган ишимдан хурсанд бўлиб: “Худога шукр! Менинг ўғлим ҳақиқий эркак бўлибди”, деган эди. Агар онамнинг тили бўлмаганда эди мен ўғри бўлмасдим, дея бақирган экан”.  

  1. Сўкиниш ва ҳақорат ёшларда энг кенг тарқалган қабиҳ иллатлардан биридир. Ота-она ўз фарзандини бундай ахлоқий бузуқликдан асраши лозим. Ушбу иллатнинг фарзандларда шаклланишига иккита асосий сабаб бор:

а) ота-она ўзаро муомала жараёнида бир-бирини  уятсиз сўзлар билан ҳақорат қилса, қабиҳ ва мункар сўзларни гапирса, бу ҳолатга гувоҳ бўлган фарзанд, шубҳасиз, ана шу сўзларни айтишни ўзига одат қилади.

б) ота-она фарзандини кўчага қаровсиз қўйиб юбориши натижасида у хулқи бузуқ, тарбияси оғир болаларга қўшилади ва улардаги салбий  сифатларни ўрганади.

  1. Бугунги кунда кўпчилик ёшлар “оммавий маданият”га кўр-кўрона тақлид қилаётгани боис ахлоқий бузуқликка юз тутмоқда. Бу ҳол ёшларнинг диний эътиқод ва миллий қадриятлардан йироқлашишига сабаб бўлмоқда. Улар диний ва ахлоқий меъёрларни инсоннинг эркинлигига қарши чиқувчи тўсиқ деб билмоқда. Агар Ғарб маданиятига назар соладиган бўлсак, у ерда ахлоқий меъёрлар таназзул ёқасида эканини кўришимиз мумкин. Афсуски, бу ҳол бизнинг диёрларга ҳам аста-секин кириб келмоқда. Ҳар бир ота-она фарзандини кўр-корана тақлид қилишдан сақламоғи лозим. Ҳадиси шарифлардан бирида: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ким ўзини бирор қавмга  ўхшатса, у ўшалардандир”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Юқоридаги ҳадисга биноан, ибодат, одоб-ахлоқ масалаларида бошқа дин вакилига тақлид қилиш шаръан жоиз эмас. Аммо тиббиёт, математика, кимё ва бошқа илмлар каби жамиятга фойдали соҳаларда уларга эргашиш жоиз.

Шу ўринда яна бир жиҳатга эътибор қаратамиз. Ҳозирги кунда оммавий ахборот воситалари: телевидения, радио, интернет тармоқлари жадал суръатда ривожланиб, жамиятнинг барча қатламларига кириб бормоқда. Оммавий ахборот воситалари кишиларга турли ахборотларни етказиш, уларнинг илмий ва ахлоқий даражасини ошириш ҳамда ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлашда беқиёс аҳамиятга эга. Бироқ ундан ғаразли мақсадларда ҳам фойдаланилмоқда. Айниқса, интернет тармоқлари орқали турли сайтларнинг ёшлар тарбиясини издан чиқариш мақсадида олиб бораётган фаолияти бунга мисол бўлади. Тарбияга масъул шахслар ёшларни бундай маънавий ҳужумлардан ҳимоя қилиши, уларни доимо эзгулик сари чорлаб, диний анъана ва миллий қадриятларимиз руҳида тарбиялашда панд-насиҳатлар қилмоғи лозим.

 Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ,

 “Новза” жоме масжид имом-хатиби

Read 5212 times
Tagged under

Мақолалар

Top