Мақолалар

Оилада эркак раҳбардир

Оила қуриш йигит билан қизнинг динимиз ҳукмлари асосида дўстлик, меҳр-оқибат, ҳурмат-эътибор, муҳаббат, кечиримлилик, самимийлик каби инсоний фазилатлар асосида ҳаёт кечиришга аҳдлашувидир.

Оила кўрки бўлган аёллармизга чиройли муомала кўрсатиш, ширинсўз бўлиш ва ҳар томонлама яхшилик қилишимиз лозим. Уларнинг феъл-атворидаги бирор ҳаракат ёқмаган тақдирда ҳам қўполлик қилмасдан, ширинсўзлик билан камчиликларини айтиш, уларни тузатишга кўмаклашиш керак бўлади. Чунки ҳар нарсада Аллоҳ таолонинг биз билмаган, ақлимизга келмаган ҳикматлари бор. Аёлларнинг хулқида бир эмас, бир неча яхшилик борлиги маълум. Оила саранжом-саришталиги, кийим-кечак ҳамда уйларнинг пок ва озодалиги, таом тайёрлаш борасидаги миннатсиз хизматлари ва энг муҳими, тўғри тарбия берилган, кўзлар қувончи бўлмиш солиҳ фарзандларни вояга етказиши шундай яхшиликлар сирасига киради. Бу ҳақда ҳазрат Расулуллоҳ алайҳиссалом бундай деганлар: "Мўмин эркак мўмина хотинига ғазаб қилмасин. Агар унинг хулқидан бири ёқмаса, иккинчиси хурсанд қилади" (Имом Бухорий ривояти).

Ислом дини ўзаро муҳаббат, раҳмат, меҳр-шафқат каби инсоний хислатлар оила мустаҳкамлигининг муҳим омилларидан эканини айтади. Булардан бирортасига арзимас нарса боис дарз етмаслиги зарур.

Шундан келиб чиқиб, комилликка интилган ҳар бир эркак оилада ўзига ҳаётий ҳамроҳ бўлаётган аёлининг барча ахлоқ ва хилқатини тўла тушуниб боради. Унинг туғма хусусиятлари ва табиатига қараб ҳаёт тарзини белгилаши лозим бўлади. Лекин шуни айтиб ўтамиз, кишининг аёлини ўзи кўзлаган ва тасаввур қилган ҳолатга келтириши учун ҳаракатлари ҳамиша ҳам яхши натижа бермаслиги мумкин.

Бунга қатор сабаблар бор. Биринчидан, рафиқа бўлган аёлнинг муомала, кийиниши, овқатланиши ўзи туғилиб ўсган бошқа оила турмуш тарзига мослашган. Иккинчидан, таълим-тарбияси ҳам ўз ота-онасининг ёши, касбу кори, дунёқараши, урф-одатларидан келиб чиқиб шаклланган. Учинчидан, аёл ўзининг хилқатидан келиб чиқиб, ҳаёт тасаввурига эга. Бу каби жиҳатларга эътибор бериш, янги оилага мослашиб олиш учун аёлга муайян вақт керак бўлади.  Куёв келинчакни ўз ҳаёт тарзига мослаб, кўниктириб олиш учун мулойимлик, кечиримлиликка суянмаса, қўполлик ва ғазаб қилса, оила ажримга юз тутиши мумкин. Жуфтлик муқаддаслигини ва унинг муаммоларини яхшиликча ҳал қилиш мақсадини онгу шуурига сингдирган инсон оилага кенг қамровли ахлоқ нуқтаи назари ила ёндашади. Бундай оила бошлиғининг хонадони осуда, сокин, бахтли, келажаги хайрли бўлади.

Қуръони каримнинг ушбу оятларида жуфт яшаш лозимлиги айтилади:

"Унинг аломатларидан (яна бири) сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир" (Рум, 21);

"У сизларни бир жон (Одам (алайҳиссалом)дан пайдо қилган зотдир. Демак, (инсон учун она қорни) қароргоҳ ва (ота пушти) омонатгоҳ (экан). Фаҳмлайдиган қавм учун оятлар тафсилотини бердик" (Анъом, 98)[1];

"(У) сизларни бир жондан (Одамдан) яратди, сўнгра ундан жуфтини (Ҳаввони пайдо) қилди ва сизлар учун чорва ҳайвонларидан саккиз жуфтни туширди (дунёга келтирди). У сизларни оналарингизнинг қорнида уч (қават) зулмат ичида аста-секин яратур. Мана шу Аллоҳ Раббингиздир. Ҳукмронлик фақат Уникидир. Ундан ўзга (ҳеч) илоҳ йўқ. Бас, (Унга ибодат қилмай) қаёққа бурилиб кетмоқдасиз?!" (Зумар, 6).

Бу оятларда жуфтлик асослари ва унинг одоблари тўғрисида ҳам маълумотлар берилган. Буни ҳар бир ақлли, заковатли ва имонли инсон тушуниб етиб, уларга амал қилиши лозим. Ҳар бир яратилган мавжудотнинг асоси борлиги, бундай яратилишга амал билан итоат этиш бошқа ибодатлар каби фарз экани маълум қилинмоқда. Гоҳида инсон якка-ёлғизлик ёки танҳоликни хоҳлайди, иродаси заифлик килади, тушкунликка тушади, бу ҳолатларнинг барчаси яратилиш низомига имон келтирмаслик оқибатидир. Зеро, дунё ҳаёти жуфтликка асосланган экан, ҳар бир инсон бу омилни умрининг охиригача ижро қилиши лозим.

Яна таъкидлаш мумкинки, бу жуфтлик фақат никоҳ билан пок сақланади. Ана шу никоҳнинг доимийлигини таъминлаш мақсадида эр зиммасига бир қатор моддий, ҳуқуқий, маънавий, ахлоқий масъулиятларни бажариш шарт қилиб қўйилди.

Динимизда салоҳиятли аёл ҳаёт сурури ва оила чироғи, берилган неъмат ва марҳаматларнинг улуғи деб баҳоланади. Шундай экан, ҳар бир эркак аёлига ғамхўрлик кўрсатиши, муомала маданиятига аҳамият бериши, берилган буюк марҳаматни эъзозлаши керак. Аввало унга муҳаббат қўйиш учун эркак киши инсонпарварлик, мардлик нуқтаи назаридан, аёл билан ҳамфикр ва ҳамнафас бўлишга интилиши лозим. Агар аёл киши овқат тайёрлаб келса, янги кийим кийса, бирор хабар ёки воқеани айтса, эр унга эътибор қилиши, муносабатини билдириши даркор. Уй ишларида ёрдам бериб, оғирини енгил қилиши аёлнинг кўнглини кўтаради, ўртадаги мехр-оқибат ришталари мустаҳкамланади.

Бу ҳакда Аллоҳ таоло: "Аёллар ила яхши муомалада бўлиб ҳаёт кечиринглар", деб марҳамат қилган (Нисо, 19).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Дунё неъматларининг энг яхшиси салоҳиятли аёлдир", деганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умрларининг охирида умматларига насиҳат қилганлар. Уммат ҳаётидаги жуда мураккаб масалаларни қамраб олган бу насиҳат ислом тарихидаги "Видо хутбаси" дейилади. Унда асосий масалалар қаторидан оила масаласи ўрин олган. Эр-хотиннинг ўзаро муомала маданиятига алоҳида урғу берилган. Жумладан:

"Эй инсонлар! Аёлларга доимо яхши муомалада бўлинглар. Улар сизларга итоаткор сифатида берилди. Сизларга нисбатан улар очиқ ахлоқсизлик содир этмагунча ундан (чиройли муомала қилишдан) бошқача муомала қилишга ҳаққингиз йўқ...

Огоҳ бўлинг, уларнинг устида сизларнинг ҳаққингиз бор. Сизларнинг устингизда уларнинг ҳаққи бор.

Сизнинг ҳаққингиз сиз ёқтирмаган кишига тўшагингизни бостирмаслиги, сиз ёқтирмаган кишиларнинг уйингизга киришига изн бермасликларидир.

Уларнинг ҳаққлари таомлари ва либосларини чиройли қилмоғингиз".

Ушбу насиҳатда эр-хотин орасидаги муомала маданияти ўзига хос услубда баён қилинган. Бу насиҳатга амал қилганлар оилада ўзлари кўзлаган эзгу мақсадга эришади. Саодатли ҳаётга, жамиятда ҳам ўрин ва мавқега эга бўлади. Оиласига, аёлига яхши муомалада бўлган инсон ўзи яшаб турган жамиятнинг комил инсонларидан ҳисобланади. Бу фикр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадиси шарифида ўз ифодасини топган: "Мўминлар орасида имон жиҳатидан комили чиройли хулққа эга бўлганларидир. Сизларнинг яхшиларингиз аёлларига яхши муомалада бўлганларингиздир".

Яна бир ҳадисда бу эзгу амал бундай баён қилинади: Кунларнинг бирида Расули акром соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бир жамоа аёллар эрларидан шикоят қилиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эркакларга баланд овозда:

"Муҳаммад хонадони атрофини эрларидан шикоят қиладиган аёллар айландилар. Ана ўша эркаклар яхшиларингиздан эмас экан", дедилар.

Аёллар ахлоқида баъзи бир камчиликлар содир бўлса, ақл-заковат билан ўз ўрнида бартараф этиш мақсадга мувофиқ бўлади. Ана шунда катта ҳикматлар, фойдалар борки, унинг эвазига оила баракотга эга бўлади. Қуйидаги ояти каримада баён қилинганидек:

"...Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин" (Нисо, 19-оят).

Иродали, имонли эр Аллоҳ таолонинг бу оятидан чиройли таълим олиши ва уни ҳаётида қўллаши керак бўлади.

Кези келганида шуни айтиш керак, инсон нуқсондан холи эмаслиги барчамизга маълум. Бу ояти каримада ҳам инсонда камчилик бўлиши эслатиб ўтилмоқда. Демак, хато-камчилик мавжуд экан, унинг кечирими ҳам бўлиши керак. Хато-камчиликни адоват ва ситамга сабаб қилмаслик олижанобликдир. Зеро, кечирмаслик, нифоқни кучайтириш ажримга олиб борадиган кўприк эканини унутмаслик керак. Баъзи бир воқеа-ҳодисалар биз хоҳламасакда, содир бўлади. Ояти каримада бундай ҳолатларга яхшилик билан ечим топишга чақирилмоқда. Мана шу маъно Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисида ҳам таъкидланади: "Имони комил мўмин мўмина аёлга ғазаб килмайди. Аёлнинг бир хулқи ёқмаса, бошқа хулқи ризосини ифода этади".

Хулоса қиладиган бўлсак, эркак киши мустаҳкам оила барпо этиш учун ўзининг ҳар бир ишига муомала маданиятини сингдириши, оила мустаҳкамлигини асрашни асосий мақсад қилмоғи зарур.

Аёлининг одобига масъуллик

Инсон тарбияси атрофдагилар таъсирида шаклланади. Чунки инсон туғилишдан ақлли бўлиши мумкин, лекин тарбияли бўла олмайди. Шу сабабдан инсон мураббий ёки устоздан тарбия олишга муҳтож бўлади. Шундан келиб чиқиб, оила аъзоларининг ахлоқий тарбиясида оила раҳбари – ота зиммасига катта масъулият тушади. Бу масъулият сабаби ва аҳамиятини таъкидлаб Қуръони каримда: "Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир", (Нисо, 34-ояти) деб баён қилинган.

Ҳадиси шарифда: "Барчангиз раҳбарсиз ва барчангиз қўл остидагиларингизга масъулдирсиз", дейилган.

Эркак ва аёл инсонийлик бурчида тенг бўлса-да, яратилиш хилқатларига эътиборан ояти каримада эркакларга қатор масъулиятлар юкланмоқда. Жумладан, эркаклар аёллар бажара олмайдиган ишларни масъулият билан бажариши кераклиги, уларнинг нафақа ва одобларига ҳам жавобгарлиги таъкидланмоққа. Бошлиқлар раъиятига қалқон бўлгандек, эркак ҳам оилада барча муаммоларнинг ечими учун тайёр бўлиши лозим. Бунга сабаб Аллоҳ уларга ақл, қувват, тадбир ва ишнинг кўзини билиш қобилиятини ато этди. Уларни шу хислатлар орқали касб ва тирикчилик қилишга буюрди.

Оилани бошқариш жараёнида эркак кишининг энг мураккаб масъулиятларидан бири –оила тинч-тотувлигини сақлаш. Бу мақсадни таъмин этишда оила раҳбари ақлли, билимли, узоқни кўра билишдек хислатларга эга бўлиши керак. Оила аъзоларининг фикр-мулоҳазасини англаш, ахлоқ-одобини назорат қилиш, ўринли ва эзгу талаб-истагини қондириш учун оғир-босиқлик, мулоҳазакорлик, тадбиркорлик талаб қилинади. Оилани бошқарувда ота иложи борича адашмаслиги керак. Тарбия тизгини қўйиб юборилса, ноқобил фарзанд пайдо бўлади. Айрим оила бошлиқлари хаёл қилганидек, хонадоннинг бошқа аъзоларига жабр-зулм ўтказиш, "деганим - деган" йўсинида ҳокими мутлақ бўлишга интилиш ҳам яхши оқибатларга олиб келмайди. Охиратда оила аъзоларининг барча фаолиятидан сўралиши бор. Ҳадиси шарифда бу мазмунни таъкидлаб: "Барчаларингиз ўз қўл остингиздаги аҳли аёлингизга масъулдирсиз", дейилган.

Оилавий ҳаёт эр-хотин орасидаги шерикликдир. Ҳаётдаги барча шерикликнинг шарти иттифок бўлгани каби, эр ва хотин ўртасидаги шериклик асоси ҳам ҳамжиҳатликдир. Бунда эркак тадбиркор бўлиши лозим. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай руҳий яқинлик баён этилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): "Албатта, сен мендан качон рози бўлсанг ҳам биламан. Мендан қачон аччиқланган бўлсанг ҳам биламан", дедилар.

"Уни қаердан биласиз?" дедим.

"Қачон мендан рози бўлсанг, "Муҳаммаднинг Рабби ила қасам, ундай эмас," дейсан. Қачон аччиқланган бўлсанг, "Иброҳимнинг Рабби ила қасам, ундай эмас," дейсан".

"Тўғри, эй Аллоҳнинг Расули, исмингиздан бошқа сўзни тушириб қолдирмайман", дедим” (Имом Муслим ривояти).

Ҳадиси шариф мазмуни шуни кўрсатадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оишанинг розияллоҳу анҳонинг кайфиятини ўзлаштириб олганлар ва шерикликдаги ҳаётда ундан фойдаланганлар. Бу ҳадиси шарифда икки тарафнинг бир-бирларига нозик қарашлари ва илтифотлари очиқ баён этилмоқда. Икки хил ҳолатдаги сўзлашувда биргина сўзнинг ўрни алмашиб қолиши сабаби ҳам юксак муомала маданиятидан экани кўринмоқда.

Бу ибратли вазиятдир, икки тараф бир-бирини яхши тушуниши, аёл эрнинг, эр аёлнинг риоясини қилмоғи лозим. Икки томон бир-бирининг одатларини – нимадан хафа, нимадан хурсанд бўлишини кайфиятида бўладиган ўзгаришлардан яхши тушуниши зарур. Шунда бир-бирини хафа қиладиган нарсалардан йироқ бўлиб, хурсандчилик келтириб яшашга эришади.

Саидмуҳаммадхон МУҲИБУЛЛАЕВ,

Хожа Бухорий номли ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

 

[1]А.Турсун. Мустаҳкам оила асослари. Тошкент: Мовароуннаҳр. 2012.-Б.24.

Read 7592 times
Tagged under

Мақолалар

Top