Мақолалар

Зиён кўрувчилардан бўлманг!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан олдин ўтган халқлар орасидан жароҳатли бир киши қийналганида, пичоқ билан қўлини кесиб, қонсизликдан ўлди. Аллоҳ таоло: "Ушбу бандам ўз жонини чиқаришга уринди. Мен жаннатни унга ҳаром қилдим", деди», деганлар (Имом Бухорий).

Қуръони каримда: «Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик...» (Исро, 70), дея марҳамат қилинади. Шундай экан, ҳеч бир инсон ўзига ҳам, атрофидаги кишиларга ҳам жабр қилиши ва озор етказиши мумкин эмас. Кишининг ўз жонига қасд қилиши улкан гуноҳдир. Ибн Сирин раҳматуллоҳи алайҳ: “Ўзини ҳалокатга ташлаш Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидсизлик белгисидир”, дейди. Қуръони каримда: “...ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир" (Нисо, 29), дейилган.

Ўз жонига қасд қилиш Аллоҳ таолонинг қазою қадарига рози бўлмасликдир. Ҳадисларда, ким ўзини нима билан ўлдирса, дўзаҳда у шу нарса билан азобланиши баён қилинган.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом бизларни огоҳлантириб, бундай деганлар: "Аллоҳ таоло хоҳласа, ширк келтирган ва қасддан бир мўминни ўлдирган одамнинг гуноҳидан бошқа ҳамма гуноҳларни кечади" (Абу Довуд ва Насаий).

Бундан ширкка кетган, ўзига зулм қилган ёки бошқа бировни ўлдирганлардан узр қабул қилинмаслиги маълум бўлади. Ҳатто бундай ишларни ўйлаб, қасдланиш ҳам гуноҳ. Ҳаёт синовларига бардош беролмай, ўзини ўлдиришга уринишни уламолар Аллоҳ таолога исён қилиш деганлар. Хабарларда уларнинг охиратда оғир азобларга йўлиқиши айтилган.

 

Жозиба ЖАМИЛОВА

Read 4377 times

Мақолалар

Top