Мақолалар

Муносабат: Яқин дўстлик ришталари мустаҳкамланмоқда

Ўзбек ва қирғиз халқи азалдан яхши қўшни бўлиб бир-бирига йўлдошу қўлдош бўлиб яшаб келган. Бу халқларнинг илдизини суриштириб бораверсангиз, томири бир чиқади. Шунинг учун боболаримиз қону қондош бўлиб қуда-андачилик қилиб аҳил-иноқ ҳаёт кечирган.

Икки давлатнинг улуғ адиблари Чингиз Айтматов ва Шароф Рашидовнинг қалин дўст бўлгани ҳам ана шу руҳий яқинлик тимсолидир.

Ўзбекистон ва Қирғизистон мустақилликка эришгач, икки давлат ўртасида дипло­матик муносабатлар ўрнатилди. 1992 йилнинг июлидан Тошкентда Қирғизистон элчихонаси, 1998 йилнинг октябридан Бишкекда Ўзбекистан элчихонаси фаолият юритмоқда. 1996 йил 24 декабрда икки давлат ўртасида имзоланган «Абадий дўстлик тўғрисида»ги шартнома давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг шартномавий-ҳуқуқий асоси ҳисобланади. Давлатлар ўртасида гуманитар соҳадаги ҳамкорлик ана шу шартнома, 1994 йилнинг 16 январида имзоланган Маданият, соғлиқни саклаш, фан, таълим, туризм ва спорт бўйича ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисидаги ҳукуматлараро битим, 1996 йил 24 декабрда имзоланган Маданий ҳамкорлик тўғрисидаги муассасалараро битимга мувофиқ амалга оширилади. 2005 йилгача икки давлат ўртасида икки томон учун аҳамиятли бўлган 181 ҳужжат имзо­ланган.

Аммо кейинги йилларда трансчегаравий дарёлардан фойдаланиш масаласида икки давлат ўртасида бир озгина  тушунмовчиликлар бўлиб ўтган эди.

Айни кунларда бир-бирини соғиниб қолган халқларнинг алоқалари яна эски узанига тушиб кетмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таклифига биноан Қирғизистон Республикаси Президенти Сооранбай Жээнбеков бугун расмий ташриф билан мамлакатимизга келди.  

Сооронбой Жээнбековнинг Қирғизистон Президенти сифатида Ўзбекистонга ташриф буюришида жуда ҳам катта тарихий аҳамиятга эга.

“Қирғизистон – бизнинг яқин қўшнимиз. Шунинг учун бизнинг орамизда ҳеч қандай чегара бўлиши керак эмас.  Биз бир-биримизга қалбимизни, бағримизни очдик. Шу боис бугун қандай масала бўлса, ечилиши лозим”, деди юртбошимиз.

Ўз навбатида, Сооронбой Жээнбеков Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистонга таклиф этгани учун миннатдорлик билдириб, Қирғизистон халқи номидан чуқур ҳурмат ва эҳтиром изҳор этди. Шу билан бирга “Сиз мамлакатларимиз ўртасидаги давлат чегарасини чинакам дўстлик, яхши қўшнилик ва шериклик чегарасига айлантирдингиз”, деб Давлатимиз раҳбарининг яқин қўшниларимиз билан олиб бораётган дўстона сиёстига юқори баҳо бериб ўтди.

Геополитик нуқтаи назардан Ўзбекистон Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган. Аҳолисининг нуфузи, қишлоқ хўжалиги инфратузилмасининг яхши ривожлангани, кончилик саноати, ишлаб чиқариш салоҳияти каби масалаларда минтақада етакчи давлат ҳисобланади. Шунингдек, қирғизистонликлар Ўзбекистон автосаноати, қишлоқ хўжалиги техникаларига ҳам қизиқиш билдирмоқда. Қўшни Қирғизистонда ҳам фойдали қазилмалар: нефть, газ, қўнғир кўмир ва тошкўмир, олтин, темир, алюминий, вольфрам, мис, қалай, симоб, қўғошин-рух, сурма рудалари конлари мавжуд.

Ана шу ишлаб чиқариш қувватидан, табиий бойликлардан унумли фойдаланиш учун кучларни бирлаштириш керак. Шунинг учун ҳам президентлар ушбу ташриф савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникациялари ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш, давлат чегараларини делимитация қилиш борасидаги ишларни якунига етказиш, янги ўтказиш пунктлари очиш ва уларнинг самарали фаолият юритишини таъминлаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалаларини муҳокама қилиш учун яхши имконият эканини таъкидладилар.

Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатида аввало қўшни давлатлар билан муносабатларни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратмоқда. Кейинги даврда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги интеграция жараёнлари ва шериклик алоқалар фаоллашаётгани бунинг ёрқин далилидир. Жумладан, Қирғизистон Республикаси билан алоқалар ҳам янги мазмун билан бойиб бормоқда. Парламентлар, турли вазирлик ва идоралар, ҳудудлар ўртасидаги борди-келдилар кенгаймоқда.

Музокарада Президент Сооронбой Жээнбеков Қирғизистон Ўзбекистон Республикасининг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мунтазам маслаҳат учрашувларини ўтказиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватлашини яна бир бор қайд этди.

Дарҳақиқат, бугун бутун дунёда минтақалар жипслашиб ўзларининг ички имкониятларидан фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Халқаро сиёсатда шу структура ўзини оқламоқда. Шундай экан, нега Марказий Осиё минтақаси давлатлари жипслашмаслиги керак. Ўзбекистон Республикасининг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мунтазам маслаҳат учрашувларини ўтказиш тўғрисидаги ташаббуси энг оқилона таклифдир. Чунки минтақани ривожлантиришнинг энг оптимал йўли – шу йўлдир.

18 октябрда пойтахтдаги Симпозиумлар саройида бўлиб ўтган “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон ва Озарбайжон мисолида” мавзуида илмий-амалий конференцияда қатнашган Қирғизистон Республикаси муфтийси Максатбек Токтомешов:

– Бу анжуманга келганларнинг аксари бир-биримизни танидик. Чунки илгари муфтиятимиз битта эди. Бизнинг ота-боболаримиз шу маконда – Тошкентда, Бухорода таълим олган. Биз ўз мамлакатимизда янги диний таълим муассасалари очишни режалаштиряпмиз. Аммо ҳозирги вақтда ана шу заминдаги ўқув даргоҳларидан фойдаланмоғимиз керак. Негаки, бу ерда азалий диний тажриба, катта илмий база бор. Ҳозир анжуманда ўтириб ана шуларни ўйладим. Анжуман ана шу илиқ муносабатларимизни қайта тиклаш сари қўйилган дадил қадам бўлди, – деган эди.

Бугунги икки томонлама ҳам манфаатли, ҳам дўстона алоқаларнинг мустаҳкамланиши халқларимиз фаровонлиги, осойишталиги учун қуйилаётган муҳим қадамлар ҳисобланади. Қирғизистон Республикаси янги Президентининг мамлакатимизга ташрифи муносабатларимизни янги босқичга олиб чиқишига хизмат қилади. Шу сабабдан ҳам мазкур ташрифни икки халқ хурсандчилик ва катта умидлар билан кузатиб бормоқда.

ЎМИ матбуот хизмати

Read 4667 times

Мақолалар

Top