Мақолалар

Аллоҳнинг ғазабидан эҳтиёт бўлинг

Инсоният бу ҳаёти дунёда синовлар ичра яшайди, шу синовлардан саломатликда ўтиб Аллоҳнинг ҳузури олийсига соф иймон билан бориш – яшамоқлигининг асосийси мақсади ҳисобланади.

Мўминлик яқин қариндошликдан ҳам азиз бўлган дўст ва қалбларнинг боғлиқлигидек мукаммал муносабатларга таянади. Буни саодат асри саҳобийларидан ҳам ибрат олиш мумкин. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келган кунларидаёқ Маккадан келган ва мадиналик барча саҳобаларни бир-бирларига яқин дўст, дин биродар қилиб қўйганларининг ҳикмати қалбларини яқин қилиш эди. Бу ҳикматнинг сабаби мўминлар бир-бирларини йўқликларида ҳам ҳимоя қилиши, дўстларининг обрўларини сақлаши эди. Ислом инсонларни манфаатини биринчи ўринга қўяди ва инсонни йўқлигида ҳам шаъни ва обрўсини муҳофаза этади. Аллоҳ таоло бир киши бошқа бир кишини йўқлигида айбларини айтишдан қайтариб оятлар нозил этган. Бу иш яни бошқа инсонни йўқлигида айбларини айтиш “ғийбат” деб номланадиган гуноҳи кабиралардан ҳисобланади.

“Ғийбат” луғатда бир нарсанинг кўздан тўсилишидир. Бу борадаги нозил бўлган оятлар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ва уламлоларнинг сўзларни келтириш билан ғийбат қанчалик улкан гуноҳ эканини баён этамиз.

Бу ҳақида Ҳужурот сурасида қуйдагича баён этилади: “Баъзиларингиз-баъзиларингизни ғийбат қилмасин. Бирортангиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчидир, ўта раҳмлидир” (12-оят).

Оятда Аллоҳ таоло инсонларни ғийбат қилиш – ўлган яқин кишисининг гўштини ейиш, деб ундан қайтармоқда. Ҳадисларда ҳам ғийбатнинг жамият ва инсонларга қанчалик зарарлик экани ҳақида батафсил маълумотлар берилган.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Меърожга чиққанимда мисдан бўлган  тирноқлар билан юзлари-ю кўксиларини тирнаётган бир қавмнинг олдидан ўтдим. Мен: Эй Жаброил, улар ким?” деб сўрадим. “Улар дунёда одамларнинг гўштини еб, обрўсни тўкканлар”, деб жавоб берди”, дедилар” (Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилган).

Мўмин-мусулмонлар ғийбатдан четланибгина қолмасдан, бошқа ғийбатчиларнинг оғзига уриб, ғийбатга йўл қўймасликка ҳаракат қилишлари ҳам матлубдир. Чунки иймонли инсон ҳадис ва оятга итоат этиб ғийбатдан ва шу каби Аллоҳ қайтарган кабира гуноҳдан сақланади. Кимки бир кишини ғийбат қилинишидан ҳимоя қилса Аллоҳ таоло унга бир фаришта юборадики, уни ҳимоя қилганни гўштини дўзахдан ҳимоя қилади. Аммо бир кишики мўминни ҳақоратлаб, ғийбат қиладиган бўлса токи гапидан қайтмагунча Аллоҳ таоло уни жаҳаннам кўпириги устида ушлаб туради. Аллоҳ таоло раҳматли зот, гуноҳига тавба қилишига бандасига имкон бермаса, мўминлар ҳам жаҳаннам аҳлига айланиб кетар эди. Аммо Ўз Аллоҳ фазли ила тавба қилувчиларни асрайди. Уламолар ғийбатнинг сабабларини келтиришда кимдандир дунё матоси сабаб аччиқланади ва ғийбат қилади. Яна бир сабаб эса ўз обросини кўтариш мақсадида, бошқа бир инсоннинг обрўсини тўкиш учун ғийбат қилади. Ҳасад қилиб ҳам инсонни ғийбат қилади. Чунки ҳасад ҳам инсонни ичига ўрнашиб олиб бошқаларга етган яхшиликка ичидан жизғанак бўлиш билан ғийбат қилади.

Ғийбат – иллат, у жамиятни пароканда қилиш билан бирга инсонларни дунё ва охират азобига гирифтор қилади. Аллоҳ таоло барчамизни бу иллатдан сақланиш ва савобли ишларга мушарраф бўлгувчилардан қилсин.

Зафар МАҲМУДОВ,

 “Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчиси.

 

Read 4136 times

Мақолалар

Top