Мақолалар

Бир ҳадис ровийлари

Ислом дини араб ярим ороли орқали ташқи оламга ёйилишига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларининг ҳиссалари жуда ҳам катта бўлган. Ислом тарихида бунга мисоллар бисёр. Шу билан бирга, кўплаб асарларда саҳобия аёлларнинг ҳам динимиз ривожига қўшган беқиёс ёрдамлари ҳақида маълумотлар келтирилган. Шундай буюк саҳобия оналаримиздан бири Жамила бинти Собит розияллоҳу анҳо бўлади. Бу саҳобиянинг тўлиқ исми Жамила бинти Собит Абулақлаъ Ансорий бўлиб, Абулақлаънинг исми Қайс ибн Асийма ибн Молик ибн Умма ибн Забиъадир. Саҳобиянинг жоҳилият давридаги исми Осия (Осий яъни, гуноҳ қилувчи аёл маъносида) бўлган. Умар розияллоҳу анҳуга турмушга чиқиб, фарзанд кўрганидан кейин “Умму Осим” деб куня олган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Жамила (чиройли, гўзал) деган исм қўйиб берганлар. Унинг ҳаётдаги биринчи турмуш ўртоғи иккинчи халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бўлади. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Жамила бинти Собитга ҳижратнинг еттинчиси санасида уйланиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик чоғларида Осим исмли фарзанд кўришади. Осим исмини Жамила ўз инисининг исми билан номдош қилиб қўйган. Осим ибн Умар эса Умар ибн Абдулазизга она томонлама бобо ҳисобланади. Кейинчалик Умар ибн Хаттоб у аёл билан ажрашган деган ривоятлар келтирилади. Жамила Умар розияллоҳу анҳудан ажрашиб, Зайд ибн Ҳорисага турмушга чиқиб, ундан Абдураҳмон исмли фарзанд ҳам кўради. Жамиланинг иниси Осим ибн Собитни кўп мусулмонлар мушриклардан ҳимоя қилган ва у жангларнинг бирида шаҳид бўлган.

 

Муватто ва бошқа ҳадис асарларида келтирилишича, Умар розияллоҳу анҳу Қубо томонга уловда боради. Ўғли Осимнинг болалар билан ўйнаб юрганини кўриб қолади. Осимни ўзига чорлайди. Бироқ момоси Шамул бинт Абу Омир набираси Осимни бағридан қўйиб юбормайди. Бўлган воқеани Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳузурида муҳокама қилишади. Ҳукм онанинг фойдасига чиқади. Бундан Умар розияллоҳу анҳу норози бўлмайда ва ҳукмга кўнади.

 

Восил ибн Абу Шайбадан ривоят қилиб айтади: “Умарнинг аёлини исми Осия бўлган. У мусулмон бўлгач, Умарнинг олдига келиб шундай дейди: “Исмим менга ҳечам ёқмайди. Менга бошқа исм қўйиб берсангиз”. Умар ибн Хаттоб айтди: “Сен Жамиласан (Гўзал ва чиройлисан. Умар у аёлни исм билан ўз чўрисига ўхшатгандек туюлади)”. Бу ҳолатдан Осиянинг ғазаби келиб шундай дейди: “Менга келиб-келиб исм тополмай, бир чўрини номими?”. У аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб шундай дейди: “Ё Расулуллоҳ! Мен бу исмимни ёмон кўраман”. Шунда У зот аввалги исмини ўрнига: “Сен Жамиласан”, деб ном қўйдилар. Аёл эса (Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг “Жамила”сан деган сўзларидан) ғазаб қилади ва Умар ҳам шундай исм қўйганини эслатади. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам унга шундай дейдилар: “Билмайсанми, Албатта Аллоҳ азза ва жалла Умарнинг тили ва қалбига (илм берган)”.

 

Саҳобия аёллар борасида келтирилган маълумотларга қараганда, Жамила бинти Собит розияллоҳу анҳо онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга биринчи бўлиб байъат берган аёллар сирасига киради. Оналари Шамус бинти Абу Омир ҳам у киши билан бирга байъат берган. Ҳозирда араб давлатларининг олий билим юртларидан бири, “Жамила бинти Собит” номи билан аталади.

 

Жобир розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб айтди: “Умар розияллоҳу деди: “Ё Расулуллоҳ! Собит қизи Жамила тешикка тиққани каби юзини ерга урди. Бунинг сабаби у мендан мендан мен қодир бўлмаган нарсани сўради”.

 

Осим ибн Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу пайғамбар алайҳиссалом даврларида таваллуд топган. Отаси Умар ибн Хаттоб ва онаси Жамила бинти Собитдан ҳадис ривоят қилган.

 

Осим отаси каби узун бўйли бўлган. Даврининг дин жиҳатидан доноси бўлган. Сўзлари фасоҳатли, балоғатли ва шоирсифат эди. Халифа Умар ибн Абдулазизга она томонлама бобо ҳисобланади. У кишидан биргина ҳадис ривояти келган. Етмишинчи ҳижрийда вафот этган. Ота бир иниси вафот этганда унга атаб марсия айтган. Унда шундай дейилади: Маъноси, Қани эди, қисмат Осимни изидан юрганида, бирга яшардик ёки бирга ўлардик. У кишини Лайло исмли қизлари бўлиб, уни Абдулазиз ибн Марвонга никоҳлаб берган эди. Ибн Ҳиббон раҳматуллоҳ алайҳ у киши ҳақида: “Осим хулқи гўзал ибодатли ва динда фақиҳ бўлган”, деган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу аёллари билан ажрашгандан кейин Осимни момоси улғайтиради. Бунга Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳукм қиладилар. Осимни отаси Умар ибн Хаттоб ўзи халифалик даврида уйлантириб қўйиб, байтулмолдан бир ойлик нафақа билан таъминлайди. Кейинчалик ўз молларидан бериб, уни тижорат касбини қилиб, оила тебратишига буюради. Осим ўта тақводор бўлгани учун бўладиган низоларда ютиб чиқарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида Осим икки ёш эди.

 

Убайдуллоҳ ибн Умар Нофеъдан ривоят қилади. Нофеъ айтди: “Албатта Абдуллоҳ ибн Умар Маккага келдилар. Осим ибн Умар вафот этганини билиб, қабрига борди. У кишининг ҳаққига истиғфор айтиб дуо қилдилар”.

 

Абдуллоҳ ибн Нофеъ отасидан ривоят қилиб айтади: “Осим ибн Умар ҳалок бўлди. Ўшанда Абдуллоҳ ибн Умар йўқ эди. У Маккага келгач, Осимнинг фарзандларидан бирига деди: “Юр, отангни қабрига олиб бор. Бирга борди ва қабрини кўрсатди. Абдуллоҳ ибн Умар қабр устида турди ва ҳаққига дуо қилди. Кейин қайтди”.

Осим ибн Умарнинг хулқи жуда гўзал бўлганини тарихчилар ўз асарларида келтирган. Жумладан; Зубайр розияллоҳу анҳу айтади: “Осим инсонларнинг хулқ жиҳатидан энг гўзали эди. Абдуллоҳ ибн Умар айтарди: “Мен ва иним (Осим) инсонларни ғийбат қилмаймиз”. Ўша даврдаги инсонлар кўринишини хушсурат экани ҳақида дейишади: “Осим новча ва танали бўлиб, қўли оддий одамникидан анчагина узун эди”. Шунингдек унинг шеър ёзишга иқтидори ҳам бор эди.

 

Ибн Сирийн айтади: “Менга фалончи одам айтди: “Инсонлардан ҳаётимда кимни кўрган бўлсам, ўзи хоҳламаган нарсасини ҳам айтиб юборарди. Фақат Осим ибн Умар бошқача эди (У хоҳламаган нарсасини ҳеч қачон айтмасди)”.

 

Оиша бинти Мутийъ розияллоҳу анҳо айтади: “Осим ибн Умар вафот этар чоғида уни ўлимга тайёрлашди. Ўлимга бу каби (хайрли) он келмаган. Атрофдагилар жон беришига тайёргарлик қилиб турдилар. Осим айтди: “Менга қиладиган ишни ҳозирни ўзида бажариб олинглар”. Улар у кишини ўлимга ҳозирлаб, қиблага қаратишди. Шу онда руҳлари олинди. Акаларидан чамаси тўрт йил олдин етмиш ёшда “Рабза” деган жойда вафот этди.

 

Лутфуллоҳ ЖАМОЛОВ,

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси.

Read 4406 times

Мақолалар

Top