Мақолалар

Сўрасангиз,  Аллоҳдан сўранг

«Инсонга зарар етганида, ётган ҳолда ё ўтириб ёки тик туриб ҳам Бизга илтижо қилади. Ундан зарарини кетказганимизда эса, гўё етган зараридан Бизга дуо қилмагандек кетаверади. Мана шу тарзда исрофчи (тажовузкор)ларга қилмишлари зийнатли (чиройли) қилиб қўйилди» (Юнус, 12).

Инсон (имони заиф экан) бошига қийинчилик тушса, дардга чалинса, бетоқат бўлади. Халос бўлиш йўлларини ахтаради, ҳеч бир чора фойда бермагач, қийинчиликни кетказишни ёки дарддан халос қилишни сўраб Яратганга илтижо қила бошлайди. Аллоҳ таоло қалбдан қилинган илтижоларни қабул қилувчи Зот. Дуолари қабул бўлиб, қийинчилик ё дарддан халос бўлгач эса, баъзилар гўё етган зараридан Аллоҳ таолога илтижо қилмагандай кетаверади. Яъни, Яратганни унутади ва такаббурлик қилади. Чунки, «...Мана шу тарзда исрофчи (тажовузкор)ларга қилмишлари зийнатли (чиройли) қилиб қўйилди» (Юнус, 12).

Зумар сураси 49-оятида бундай дейилган: «Инсонга бирор зиён етса, Бизга илтижо қилади. Сўнгра Биз ҳузуримиздан унга бирор неъмат ато этсак, у, “шубҳасиз, бу (неъмат) мендаги илм сабабли берилди”, дер. Йўқ, у синовдир. Лекин уларнинг аксарияти (бунинг синов эканини) билмаслар».

Имом Табарий бу оятни бундай тафсир қилган: Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Агар инсонга зарар етса, Аллоҳ таолога ёлвориб илтижо қилади. Зарари ўрнига фойда, касаллиги ўрнига саломатлик бериб ҳолатини енгиллатса, Аллоҳ таоло фойда ва саломатликни “амалимдан рози бўлгани, мени уларга муносиблигимни билгани учун берди”, дейди. Аслида, унга зарардан кейин берилган фойда, касалликдан сўнг қайтарилган саломатлик синовдир. Лекин кўплар жоҳиллиги ва фикрларининг хатолиги учун буни билмайди.

Аммо Аллоҳ таоло кимга ҳидоят, тўғрилик, тавфиқ ва онг берган бўлса, улар мазкур ҳолда сабабларни ахтариш билан бир вақтда Аллоҳ таолога илтижо қиладилар. «...айнан ўшаларга мағфират ва катта мукофот бордир» (Ҳуд, 11). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Мўмин кишининг ҳолига хурсанд бўласан. Аллоҳ таоло унга нима қазо қилса, яхшилик бўлади. Агар унга ғам етса сабр қилади, бу унга яхшилик бўлади, агар унга хурсандчилик етса шукр қилади, бу ҳам унга яхшилик бўлади”.

Демак, инсон доимо Аллоҳ талодан яҳшиликларга эриштиришини, ёмонлик­лардан паноҳ беришини сўраши керак.

 

Ибн Касир, Табарий тафсирлари асосида

Бадриддин РАҲИМОВ

 тайёрлади.

Read 4752 times

Мақолалар

Top