Муқаддас динимиз қанчалар улуғ. Унда тинчлик намоён бўлади. Ислом дини инсониятни барча соҳада, жумладан илм, ахлоқ, иқтисод, маданият, ижтимоий ва сиёсий жабҳада энг олий даражага олиб чиқди. Ислом – тинчлик дини. У тинчликни устун қўяди. Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бири ҳам “Салом”, яъни, тинчлик бахш этувчидир. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “У шундай Аллоҳдирки, Ундан ўзга илоҳ йўқдир. (У) Подшоҳ, (барча айб-нуқсонлардан) Пок, (бандаларига) тинчлик бахш этувчи, Омонлик берувчидир...” (Ҳашр, 23).
Солиҳларга бериладиган улуғ неъматлардан бири “салом”дир. Яъни, тинчлик-омонликдир. Тоҳо сурасининг 47 оятида бундай марҳамат қилинади: “Ҳидоятга эргашганларга салом (омонлик) бўлур”. Шунингдек, улар учун охиратда тинчлик диёри бор. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Улар учун Парвардигорлари ҳузурида тинчлик диёри (жаннат) бордир” (Анъом, 127).
Мусулмонлар учрашишса бир-бирларига: “салом”, дейишади. Яъни, ўзаро тинчлик сўраб дуо қилишади. Бу ҳақида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ҳузурингизга оятларимизга имон келтираётганлар келганларида, айтинг: “Сизларга салом (саломатлик)!...” (Анъом, 54).
Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни ўз пайғамбарига салавот ва “салом” айтишларини таълим беради. Аҳзоб сурасининг 56 оятида бундай марҳамат қилинади: “Эй, мўминлар! (Сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтингиз!”.
Ўзгаларнинг уйларига кираётганда салом бериб кириш лозим. Уй аҳлига тинчлик-омонлик сўраб дуо қилиш муқаддас динимизнинг ўзига хос одобларидан бири ҳисобланади. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Эй, имон келтирганлар! Ўз уйларингиздан ўзга уйларга то изн сўрамагунингизча ва эгаларига салом бермагунингизча кирмангиз! Мана шу сизлар учун яхшидир. Зора, (бу гапдан) эслатма олсангиз” (Нур, 27).
Қуръони каримда мурувватли, шафқатли, муросали, ўзаро тинч-омон ҳаёт кечирадиган мўминлар бундай сифатланган: “Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда камтарона юрадиган, жоҳил кимсалар (бемаъни) сўз қотганда «Саломатлик бўлсин!» деб жавоб қиладиган кишилардир” (Фурқон, 63).
Мўминлар ҳар намозда ташаҳҳуддан сўнг тинчлик сўраб дуо қиладилар: “Ё Набий, сизга салом (тинчлик-омонлик), Аллоҳнинг раҳмати ва баракати бўлсин! Бизга ҳам салом (тинчлик-омонлик), Аллоҳнинг раҳмати ва баракати бўлсин!”.
Намоз “салом” билан якунланади. Яъни, тинчлик-омонлик сўралади. Бир намозхон кунлик беш вақт намознинг ташаҳудида ўн етти марта тинчлик сўрайди. Ўнг ва чапга бериладиган саломларда эса йигирма икки марта, жами ўттиз тўққиз марта тинчлик-омонлик ва хотиржамлик сўраб дуо қилади. Дунё бўйлаб икки миллиардга яқин мусулмонлар намоздан кейин тинчлик сўрашади. Натижада, Аллоҳ таолодан кунига 80 миллиард марта омонлик сўралади. Бу ҳам тинчлик Ислом динининг шиори эканига далиллардан биридир.
Қудратуллоҳ СИДИҚМЕТОВ,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси