Мақолалар

Энг ёлғон сўзни биласизми?

Гўзал фазилатлардан бири бошқалар тўғрисида ёмон гумондан сақланишдир. Кишилар бир-бирларига нисбатан яхши ўйда, очиқ юзли бўлишлари лозим.

 Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Эй мўминлар! Кўп гумон(лар)дан четланинглар! Чунки баъзи гумон(лар) гуноҳдир...” (Ҳужурот сураси, 12-оят мазмуни).

Расулуллоҳ (алайҳиссалом) бундай деганлар: “Ёмон гумон хато хулоса ва қарорлар чиқаришга сабабдир”.

Бировдан айб ва нуқсон қидириб, уни ошкор этиш гуноҳ. Ёмон гумон билан йиғилган маълумотларни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Энг ёлғон сўз” деганлар.

Киши доим Аллоҳ таолодан яхшилик умид қилиб, Унинг фазлини ўйлаши керак. Қудсий ҳадисда: “Бандам мен ҳақимда қандай ўйласа, Мен  унга шундай  муносабатда бўламан”,  де­йилган.

Мўмин  киши  бошқаларда ёмон ўй қолдирадиган ишлардан  ҳам сақланиши лозим. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эътикофда бўлганларида ҳузурларига София онамиз (розийаллоҳу анҳо) келади. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) уни қоронғи тунда кузатишга чиққанларида, у ердан ўтиб кетаётган бир гуруҳ саҳобалар салом беришади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларга София онамизни (розийаллоҳу анҳо) кўрсатиб: “Бу хотиним Софиядур”, дейдилар. Саҳобалар ҳайратга тушиб: “Эй Аллоҳнинг расули, бизни сиз ҳақингизда ёмон ўйлашдан Аллоҳ сақласин”, дейишганида у зот: “Шайтон одамнинг қон томирларида юрувчидир, ким ҳам унинг васвасидан омонда бўлиши мумкин”, дейдилар.

Кўп фитна-фасод инсон ичидаги ёмон ўй-хаёллар асосида пайдо бўлади. Демак, доимо тўғри фикрда бўлиш ва яхши ният қилиш лозим. Шунда қалб хотиржам тортади, кўнгилни илиқлик эгаллайди ва ҳар иш, ҳар ҳолатдан одам яхши ибрат оладиган бўлади.

 

Зокиржон ШАРИФОВ,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

 

Read 4813 times

Мақолалар

Top