Мақолалар

Довуд алайҳиссалом паноҳ тилаган 4 нарсани биласизми?

Ҳазрат Довуд алайҳиссалом Бани Исроилга юборилган пайғамбарлардан. Унга Забур туширилган. У зот Яратгандан илтижо қилиб, ҳар вақт тўрт нарсадан паноҳ тиларканлар:

“Эй Парвардигор, мени фитна-фасод келтирадиган мол-дунёдан, азоб-уқубатга сабабчи бўладиган фарзанддан, қарилик келмасидан олдин қаритадиган ёмон хотиндан сақлагин. Яна Сендан кўзлари билан кузатиб, қулоқлари билан эшитиб, яхшилигингни ерга кўмадиган, ёмонлигингни ошкор қиладиган қўшнидан паноҳ сўрайман”.

Ҳалол меҳнат билан кун кўриш пайғамбарлар суннатидир. Ҳаром, шубҳали йўллар билан топилган мол фитна-фасод қўзғалишига ва банданинг бошига ҳар турли бало-қазолар ёғилишига сабаб бўлади. Бундай бойлик эгалари тириклигида таънаю маломатларга, жазоларга йўлиқса, ўлганидан кейин машҳаргоҳда халойиқ олдида шарманда бўлади. Қиёмат  куни ҳар ким қаердан, қандай йўл орқали мол-дунё топгани ҳақида сўралади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қоринни  ҳаром ва шубҳали нарсаларни ейишдан ва ичишдан сақлаш мўминлик аломатидир”, деганлар.

Фарзанд солиҳ, итоатли, ота-онасининг розилигини топиб, элу юрт дуосини олса, илмга, касб-ҳунарга эга бўлса, ота-онасига бу дунёда ҳам, охиратда ҳам фойда етказади.

Бунинг акси бўлса, меҳнату машаққатлар билан боқиб, не орзу-умидлар билан тарбия қилган ота-онаси бошига жабру жафолар солади.

Ота-она ҳар доим фарзандларининг  таълим-тарбиясига қайғуриш билан бирга, инсоф, тавфиқ, ҳидоят ҳамда бахт-саодат тилаб уларнинг ҳақига дуо ҳам қилишлари зарур.

Ёшларнинг маънавий ва маърифий жиҳатдан етук, касб-ҳунарли, оиласи, ватани, миллати, дини учун фойда келтирадиган қилиб тарбиялаш ота-она елкасидаги вазифалардандир.

Яна Довуд алайҳиссалом дуосида қарилик келмасидан олдин қаритадиган ёмон хотиндан паноҳ сўралади. Динимиз ҳукмига кўра, эр ва хотин зиммасига бир қанча бурч юклатилади. Баъзилар бу бурчни тўлиқ тушунмайди, натижада можаро ва ажримлар келиб чиқади. Аёл эрига итоатда бўлган хонадонда тинчлик, ҳотиржамлик ҳукм суради. Айрим аёллар эрининг топган-тутганига қаноат қилмайди, тинч-тотув ҳаётнинг қадрига етмай ношукрлик қиладилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом аёлларга қарата: “Эринг сенинг жаннатинг ё жаҳаннамингдир” дея хитоб қилганлар.

Яна бир ҳадиси шарифда: “Агар аёл беш вақт намозини ўқиб, Рамазон рўзасини тутса, номусини муҳофаза қилиб, эрига итоат этса, жаннатнинг хоҳлаган эшигидан киради”, деганлар.

Демак, аёл киши оғир-босиқ бўлиши, арзимаган нарсалардан жанжал чиқармаслиги, никоҳлари бузиладиган даражада талашиб-тортишмаслиги керак.

Қўшнини ҳурмат қилиб, ҳақини адо этиш, касал бўлса хабар олиб, зориқса ёрдам бериш, хато ва камчиликларини яшириб, яхши фазилатларидан гапириш, вафот этса мусибатига ҳамдард бўлиб, дафн ишларига қатнашиш, уй-жой ва ер-сув масалаларида  маслаҳат қилиш, иморатини уникидан баланд қуриб, ҳавони ва қуёш нурини тўсмаслик мўминнинг бурчи ҳисобланади.

Қўшнилар ҳақидаги оятлардан бутун бир шаҳар ёки қишлоқ аҳли дини, миллати ва эътиқодидан қатъи назар, бир-бирига қўшнилик ҳукмида экани маълум. Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

Ким Аллоҳ таоло ва охират кунига имон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин”, деганлар.

Иззатуллоҳ Турғунов,

Шаҳрихон тумани имом-хатиби

 

Read 5356 times

Мақолалар

Top