Мақолалар

Вафоти Бухорийни қайғуга солган олим

Ҳижрий учинчи асрдан буён барча уламолар ҳадис тўпламларидан олтитаси «саҳиҳ» (ишонарли) экани ҳақида якдил бўлишган. Булардан бештаси Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насафийга тегишли. Олтинчиси бўлишга эса Имом Доримий, Имом Молик ибн Можа тўпламлари лойиқдир, дейишган.

«Сиҳоҳи ситта» (олти ишонарли тўплам)дан бирининг мусаннифи, улуғ ҳофиз ва муҳаддис Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Фазл ибн Баҳром ибн Абдусамад Тамимий Самарқандий Доримий ҳижрий 181 (милодий 797) йили Самарқандда туғилди. Унинг аждодлари Ислом фотиҳлари сафида олдин Хуросонга, кейин Мовароуннаҳрга келишган ва Самарқандда муқим яшаб қолишган.

Имом Доримийнинг устозлари кўп эди: Яҳё ибн Ҳаммод, Яъқуб ибн Иброҳим, Абдулваҳҳоб ибн Саид Дамашқий, Абу Бакр Мисрий, Назр ибн Шамийл, Сулаймон ибн Ҳарб, Валид ибн Шужоъ, Саид ибн Омир, Ҳажжож ибн Минҳал, Язид ибн Ҳорун, Жаъфар ибн Авн, Марвон ибн Муҳаммад, Холид ибн Муҳаммад, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Раққоший ва бошқалар.

Имом Доримийдан эса машҳур имомлар: Имом Бухорий, Имом Муслим, Абу Довуд, Имом Термизий, Насаий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Ҳасан ибн Саббоҳ, Баззор, Зуҳалий, Абу Заръа, Абу Ҳотим, Умар ибн Муҳаммад, Жаъфар ибн Муҳаммад Фарёбий, Исо ибн Умар Самарқандий ва бошқа муҳаддислар ҳадис ривоят қилишган1.

Имом Доримийнинг энг машҳур асари «Сунани Доримий» – ишонарли ҳадис тўпламларидан бири. Олим Куръони каримнинг баъзи жузлари-пораларига тафсир, «Би савми мустаҳаза вал мутаҳаййира» номли фиқҳий китоб ҳам ёзган.

Имом Доримийнинг «Сунан»и номи борасида уламолар турли фикр билдиришади. Жумладан, Имом Заҳабий (мил. 1274-1348) каби алломалар уни «Муснад», Алоуддин Муғалтой ибн Қалиж Мисрий (ваф.м. 1261) каби уламолар «Саҳиҳ» дейишган. Аммо ибн Ҳажар Асқалоний, Мисрий, Жалолиддин Суютий таъкидлашганидек, бу китоб ҳадис олимлари орасида «Сунан» номини олган. Ушбу маълумотларга асосланиб айтсак, Имом Доримий асари «Сунан» китобларининг мукаммалроғидир.

Имом Доримий хориж сафаридан Са­марқандга қайтиб келганидан сўнг унга шаҳар қозиси бўлиб ишлашни таклиф этишади. Шу боис Имом Доримий бироз муддат Самарқанд қозиси бўлади.

Имом Доримий ҳижрий 255 йили арафа куни вафот этди.

Имом Доримий Имом Бухорийнинг устозларидан бири ҳисобланади. Мулла Али Қорий «Мишкот» шарҳида бу ҳақда эслатиб ўтади.

Исҳоқ ибн Аҳмад ибн Халаф бундай дейди: «Бир кун устоз Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий ҳузурларида ўтирган эдик. Шу пайт устозга бир мактуб келтиришди, унда Имом Доримий вафоти хабар қилинган экан. Бу нохуш хабардан устоз чуқур қайғуга ботиб, бошларини қуйи эгдилар. Бир муддатдан кейин бошларини кўтариб, кўзлари ёшга тўлган ҳолда ҳасрату ғамгинлик билан: «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун» дея, истиржо айтдилар ва: «Сизнинг тирик юришингиз учун барча дўстлар жон фидо қилишга тайёр эдиларку», – деб дуо қилдилар».

Абдуҳалим МУҲИДДИНОВ,

 Имом Бухорий халқаро маркази

 манбашунослик­ бўлими ходими

Read 4728 times
Tagged under

Мақолалар

Top