Мақолалар

Сўз кумуш бўлса, сукут олтиндир

Тил - Аллоҳнинг улуғ неъмати, ажибу латиф санъатидир. Гарчи у жисман кичик бўлса ҳам итоати туфайли топадиган савоби ёки итоатсизлиги туфайли содир этадиган гуноҳи жуда катта. Чунки, куфр ҳам, иймон ҳам фақат тил гувоҳлигида аён бўлади. Куфр ва иймон эса тоат ва исённинг бошланиш ҳудудларидир. Кимки тилнинг жиловини бўш қўйиб юборса, шайтон уни йўлдан оздиради, жар ёқасига ҳайдаб, ҳалокатга судрайди. Фақат шариат билан жиловланган тилгина бу офатдан нажот топади.

 

Бас, шундай экан, тил дунё ва охиратга фойдаси бор нарсани гапириши, ҳозир ё келажакда зарари тегадиган нарсани гапиришдан тийилишлиги керак бўлади. Шунинг учун шариатимиз кўп гапиришдан қайтаради, жим юришни мақтайди ва жимликка ундайди. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом айтган эдилар: «Жим юрган киши нажот топди» (Термизий ривояти).

 

Инсонлар ортиқча сўзлашдан, беҳуда ва фисқ сўзларни айтишдан қайтарилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

 

«Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, яхши сўз айтсин ёки жим турсин» деганлар (Имом Бухорий).

 

Абу Ҳурайра айтади: «Гапнинг ортиқчасида яхшилик йўқ».

 

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Кимнинг гапи кўпайса, хатоси ҳам кўпаяди», деган.

 

Ҳакимларнинг биридан: «Сени бунчалик ҳикматга нима етказди?» деб сўралганда, «Билган нарсамни сўрамайман, кераксиз нарсани гапирмайман», деб жавоб берган экан.

 

Сафвон ибн Салимдан ривоят қилинади: «Пайғамбар алайҳиссалом шундай дедилар: «Ибодатнинг энг осон ва бадан учун энг енгилини айтайми? Бу жим юриш ва гўзал хулқ!» (муттафақун алайҳ).

 

Бир аъробий Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига келиб деди:

- Мени жаннатга киритадиган амални айтинг.

- Очларни тўйдир, ташналарни қондир, яхшиликка буюриб, ёмонликдан

қайтар. Агар буларга қодир бўлмасанг, фақат хайрни гапир, йўқса, тилингнитий, дедилар Расули акрам (Ибн Абу Дунё ривояти).

 

Авзоъий айтади: «Жим юрган киши ўзида иккита фазилатни жамлайди: динда саломатлик ва дўстни тушиниш».

 

Ҳасан айтади: «Муовия раҳимаҳуллоҳ ҳузурида кўпчилик гапирди, Ахнаф

ибн Қайс эса жим эди. Шунда Муовия: - Эй Абу Баҳр! Нега гапирмаяпсан? деди унга.

- Гапим ёлғон бўлса Аллоҳдан, рост бўлса сендан қўрқаяпман, деди Ахнаф».

 

Жим юришнинг фазилати улкан. Албатта, жим юриш қуруқ сукутдан иборат феъл эмас. Унда охират ғами, давомли вазминлик, тафаккур учун имкон, зикр, ибодат жамланади. Жим юрган инсон бу дунёда сўзлар чарчоғидан, охиратда у сўзлар учун ҳисоб беришдан халос бўлади. Аллоҳ таоло дейди: «У бирор сўзни талаффуз қилса, албатта, унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (сўзни ёзиб олувчи фаришта) бордир» (Қоф, 18).

 

Сулаймон ибн Довуд алайҳимуссалом айтди: «Сўз кумуш бўлса, сукут олтиндир»

 

Аллоҳ таоло барчаларимизни кумуш(сўз)дан унумли фойдаланиб,  Олтин (сукут) ни лозим тутишлигимизни ва ёлғон, ғийбат каби тил офатларидан тийилишлигимизни, кам сўзлайдиган, кўп тафаккур қиладиган, сўзининг маъносига эътибор бериб, одамларга озор етказмайдиган солиҳ инсонлардан бўлишимизни насиб айласин, омин!

 

Манбалар асосида

 Толибжон ҒОФУРОВ

тайёрлади

Read 4244 times

Мақолалар

Top