Мақолалар

Мусофир намозни Қаср қилиб ўқимаса нима бўлади

Савол: Сафарда тўрт ракатли фарз намозлари икки ракат ўқилишини биламиз. Манзилга машинада тез етиб олиш мумкин бўлгани боис бу намозларни тўлиқ ўқиса бўладими? Шу ҳақда маълумот берсангиз.

(Андижон вилояти, Жалолобод тумани).

Жавоб: Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Мадинада пешинни тўрт, асрни Зулҳулайфада икки ракат ўқидим”, деганлар (Имом Муслим ривояти). Ушбу ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарни қасд қилган бўлсалар ҳам, Мадинадан кетишга улгурмаганлари учун пешинни тўрт ракат қилганлар ва шаҳардан чиқиб Зулҳулайфа деган жойда асрни қаср қилганлар.

Мусофир киши тўрт ракатли фарз намозларни қаср, яъни, икки ракат қилиб ўқиши ҳанафий мазҳабида вожиб, уни тўрт ракат ўқиса, гуноҳкор бўлади (“Мухтасари Виқоя”). Чунки тўрт ракатли фарз намозларнинг икки ракати мусофирга фарздир (“Ҳидоя”, “Фатовои Ҳиндия”). Бу дегани, агар уни тўлиқ ўқиб биринчи қаъдада адашиб ўтирмаса, охирги қаъдада ўтирмагани учун намози бузилади, деганидир. Мусофирнинг белгиланган масофани тез ё секин босиб ўтишига қаралмайди ва тезюрар уловлардаги киши ҳам қаср қилиб ўқийди.

Мусофир ўз юртининг уйларидан ўртача пиёда юришда уч куну уч кечалик (камида 90 километр) масофани қасд қилиб, шаҳри ёки қишлоғининг четидаги уйлардан ажраган одамдир. Шаҳарга туташган қишлоқ бўлса, ўшандан ўтиши билан унинг мусофирлиги бошланади (“Ал-Мавсуъатул фиқҳия”).

 

“Сўраган эдингиз” китобидан

Read 6004 times

Мақолалар

Top