Мақолалар

Фахриддин Розий

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Умар ибн Ҳусайн ибн Ҳасан ибн Али Фахриддин Розий Рай шаҳрида туғилган. Отаси шу ердаги масжиднинг имом-хатиби бўлгани учун уни “Розий ибн Хатиб” ҳам дейишган.  Фахриддин Розийнинг туғилган йили хусусида баъзи тарихчилар ҳижрий 543, баъзилари 544 (милодий 1148) йилни кўрсатишади. Аллома ҳаёти ва илмий-ижодий фаолиятини чуқур ўрганган араб олими Муҳаммад Солиҳ Зарконнинг фикрича, у 544 йилда туғилган.

Ёшлигидан турли илмларга қизиққан Фахриддин Хуросон ва Ўрта Осиёнинг бир қанча  шаҳарларида бўлиб, кўплаб олим, шоир, файласуф ва давлат арбоблари билан мулоқотда бўлади. У таълим олишни Хуросоннинг Мароға шаҳрида бошлаган бўлса-да, ҳаётининг кўп қисми Бухоро, Самарқанд, Насаф, Хоразм, Банокат ва Марвда ўтади. Жумладан, Бухорода буюк мутафаккирлар Абу Али ибн Сино ва Абу Наср Форобий таълимотларидан таҳсил олади, илмий баҳсларда қатнашади.

Олим қайси шаҳарга бормасин, унга ҳурмат кўрсатилган. Хоразмда шоҳ Алоуддин Такаш иззат-икром эҳтиром билан кутиб олган. Фарзандларига устозлик қилишини сўраган. Отаси вафотидан кейин тахтга ўтирган Муҳаммад устози Фахриддин Розийга алоҳида илтифот кўрсатиб, мартабасини оширган.

Фахриддин Розийнинг вафоти ҳақида ҳам олимлар орасида турли фикрлар мавжуд. Баъзилари Хоразмда, баъзилари Рай шаҳрида, яна бошқалари Ҳиротда вафот этган дейишади. Аммо кўпчилиги унинг Хоразмда оғир касаликка чалинганини эътироф этиб, у ерда вафот қилганига гувоҳлик беради. Шунга кўра, Фахриддин Розий ҳижрий 606 (милодий 1209) йили рамазон ойининг 15 кунида боқий дунёга кўчгани айтилади. 

Тафсир, фиқҳ, калом, усул, тарих, адабиёт, фалсафа фанлари бўйича даврининг қомусий олими ҳисобланган Фахриддин Розий бой илмий-маънавий мерос қолдирган. Алломанинг биргина “Жомеъул улум” асари ақида, фиқҳ, фароиз, васият, тафсир, тарих, грамматика, тиб, табиат, ов қилиш, деҳқончилик ҳақида батафсил маълумотлар беради. Тафсир илмига оид “Мафотиҳул ғайб” асари чуқур мазмун-моҳияти ва кенгқамровли билан бошқа тафсирлардан ажралиб туради. Розий тафсирида оят ва сураларнинг ўзаро боғлиқлиги ва муносабати тўғрисида бир эмас, бир неча далил келтиради. Олим Ибн Халликон бу ҳақда: “Розий ўз тафсирида кўп ажойиб ва ноёб маълумотларни жамлаган”, дейди.

Оламлар ва бутун борлиқни илмий асосда теран англашда зарур бўладиган фикратлар ва қарашларни ёйишда алломанинг ноёб асарлари катта аҳамиятга эга. Унинг “Маҳсулул афкор ал-мутақадимин ва мутааххирин” (“Қадимгилар ва кейингилар афкорларининг маҳсули”) асари жамият ҳаётида алоҳида эътиборга лойиқ. Аллома унда ёш авлодни буюк аждодлар ҳаётидан ўрнак олиб, турмуш тарзлари учун фойдали хулоса ва сабоқлар чиқариб олишга даъват этади.

Фахриддин Розийнинг инсонларни ҳамиша имон-эътиқодли, ҳалол, адолатли, ватанпарвар, меҳнатсевар, раҳм-шафқатли, мурувватли бўлишга чорлаб келган асарлари ҳозирги кунда ҳам илм-фан ва маданиятнинг ноёб дурдоналари сифатида жамият аъзоларининг маънавий юксалишига  катта ҳисса қўшмоқда.

 

Дилбар УБАЙДУЛЛАЕВА,

Тошкент ислом университети магистранти

Read 7483 times

Мақолалар

Top