Мақолалар

Саййидул айёмнинг фазилати

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жума куни ҳақида шундай дедилар: Бу кунда шундай фурсат борки, мусулмон банда намоз ўқиш учун шу вақтга дуч келади ва Аллоҳдан нимани сўраса, истаганини шубҳасиз беради. У фурсатнинг жуда қисқалигини қўллари билан ишора қилиб кўрсатдилар”.

“Бу кунда шундай фурсат борки...” ифодасида аниқ вақт айтилмаган. Лекин бу фурсат ҳақида баъзи ҳадислар мавжуд. Уларнинг бирида зикр қилинган фурсат имомнинг хутба ўқиш учун минбарга ўтирган пайтдан бошлаб то масжиддан чиқиб кетгунига қадар эканлиги айтилган.

Иккинчисида эса, жума куни аср ва шом намозлари орасидаги вақтлиги ҳақида билдирилган. Ўша фурсатнинг қисқалиги ҳақида Ибнул Мунир шундай дейди: “Фурсатнинг қисқалигига ишорат инсонларни ўша вақтни қадрлашга ташвиқ қилиш ва лутфнинг кенглигидан фойдаланиб қолишга ундашдир”.

Саҳобалар, тобеинлар ва улардан кейинги олимлар бу фурсатнинг Асри Саодат билан чегараланганми ёки йўқми, мазкур мунаввар фурсат йилнинг ҳар жумасида мавжудми ва ёки йилдаги биргина жума куни келадими деган хусуслар ҳақида ўз фикрларини билдирганлар.

Биринчи фикр: шундай кун, фурсат бор, лекин йил бўйи келадиган жума кунларининг биттасида намоён бўлади. Бу фикр Каъбул Ахбор розияллоҳу анҳу томонидан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга айтилган, аммо у киши буни рад қилганл. Имом Молик ва Сунан Соҳиблари Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг фикрларини асос қилиб олганлар.

Иккинчи фикр: Қадр кечаси рамазон ойининг сўнгги ўн кунлигида яширингани каби, бу фурсат ҳам тўлиқ жума кунида яширилган. Ибн Умарнинг розияллоҳу анҳунинг фикрича, бир кун ҳожатларни сўраб дуо қилиш мушкул эмас ва жума кунини фақат дуо билан ўтказа олган одам тилаклари мустажоб бўлиши учун яхши имкониятга эга бўлади.

Учинчи фикр: бу фурсат жума куни ичида яширинган ёки ўз вақтини муттасил ўзгартириб туради. Имом Ғаззолий фикрлар орасида ҳақиқатга яқинроғи шу экани айтган. Ибн Асокир ва Муҳиб Табарийлар ҳам шу фикрдалар.

Тўртинчи фикр: муаззин жума куни бомдодга азон айтган пайтидир. Бу фикр Ҳофиз Абул Фазлнинг “Шарҳут Термизий” асарида келтирилган.

Бешинчи фикр: имом минбардан тушиб, такбир айтилгунига қадар бўлган муддат. Бу фикр Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган.

Олтинчи фикр: жумага азон айтилган пайт. Бу Оиша онамиз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган.

Еттинчи фикр: имом минбарга ўтиришидан бошлаб намознинг тугашигача бўлган вақт. Буни Муслим ва Абу Довуд Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

Аслида манбаларда ушбу вақт ҳақида қирқдан ортиқ фикрлар билдирилган. Асосийси, бунчалик кўп ривоятлар қилинган бу вақтни излаш мустаҳабдир. Зеро, дуо – мусулмоннинг қуроли. Аллоҳ таолонинг амрларига бўйсуниб, Унинг марҳаматига сазовор бўлиш ҳар биримизга насиб қилсин.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 5162 times

Мақолалар

Top