Мақолалар

Нафсин енга олган барчадан ғолиб

* * *

Тил боис одамлар душман ёки дўст,

Ошкор этиб бўлмас неки кўрса кўз.

Баъзан ҳақиқат ҳам ёқмас барчага,

Баъзан қалқон бўлар айтилмаган сўз.

* * *

Аллоҳ кам этмасин ақлий қувватда,

Не савдо кечмайди бошдан ҳаётда.

Минг машаққат чекиб, эзилган чоқ ҳам

Руҳингни сақлай бил мувозанатда.

* * *

Эй ўғил, хулқингда нуқсон кам бўлсин,

Не ишга қўл урсанг, ақл жам бўлсин.

Ҳаёт ўтхонаси ичра тоблангин,

Ироданг темирдек мустаҳкам бўлсин.

* * *

Гоҳида енгилар ёлғонларга рост,

Ҳар ким тўн бичади ўз жисмига мос.

Тиконни босамиз гоҳида кўрмай,

Баъзан ақлимизни енгар эҳтирос.

* * *

Дунё ишларига боқсанг кўз солиб,

Ҳаёт муаллимдир, барчамиз толиб.

Майдонда кучини кўрсатган эмас,

Нафсин енга олган барчадан ғолиб.

* * *

Покликка чақириб ҳар саҳар, ҳар тун,

Виждонинг ҳайқирар балиқдай беун.

Ҳаётнинг энг олий дарсхонасида

Эътиқод синови ўтади ҳар кун.

* * *

Чарақлаган каби само юлдузи

Доим кулиб турар яхшининг кўзи.

Шаббода гул баргин титратганидек,

Одоб белгисидир қизарса юзи.

* * *

Кўкда қуёш бўлиб меҳр бер дилга,

Мард бўлиб оқизгин дарёни чўлга.

Барча орзуларинг бўлсин ижобат,

Манзилни белгила чиқмасдан йўлга.

* * *

Кимдир нур қадрини кўзга илмайди,

Нодон ўз ҳаёти қадрин билмайди.

Инсондан аяма ҳароратингни,

Жаҳонда эримас муз топилмайди.

* * *

Катта йўлнинг боши сўқмоқдан,

Бошланади дарёлар тоғдан.

Оғир ишдан бурма юзингни,

Қўрққин ҳатто кичик гуноҳдан.

* * *

Отингга қамчи бос, ғафлатда қолма,

Жабҳалар аро кир, курашдан толма.

Ярим йўлда қолмоқ ярашмас мардга,

Зафарга етмасдан ноғора чалма.

* * *

Елга соврилади номарднинг суқи,

Нишонга тегади ботирнинг ўқи.

Пастда қолаверар ҳасад қилганлар,

Забт этганни қучиб олқишлар чўққи!

* * *

Кузги дарахтлардек бўлмагин сўлғин,

Доим ҳаракатда қувватга тўлгин.

Қариликни йўлдан чалғитмоқ бўлсанг,

Завқли меҳнат билан ошино бўлгин.

 

                        Рашидхон ШУКУРОВ

                              

                                                                                                                                             Қўқон

Read 4570 times

Мақолалар

Top