Таҳорат қилаётган эдик. Ёнимизда бир йигит покланиш амалларини апил-тапил бажарган бўлиб, қўлини силкитди, атрофга сув сачради. Шунда бир отахон босиқлик билан: “Ўғлим, чала таҳорат қилдинг. Қўлни силкитиш, сув сачратиш ҳам одобдан эмас”, деди. “Сиз мен учун жавоб бермайсиз, ўзингизни эпланг”, дея жеркинди йигит...
Бу воқеа мени ўйга толдирди. Ҳар ким ўзи учун жавоб беришини ҳеч ким инкор этмас. Бироқ ён-атрофимиздаги инсонларга масъул эканимизни, улар тўғри танбеҳ беришганида қабул қилишимиз кераклигини унутиб қўямиз. Ҳолбуки, ҳар биримиз ён-атрофдагилар, қариндош-уруғ ва қўни-қўшнилар билан муомалаларимиздан ҳам сўраламиз. Зеро, “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мўмин мўминнинг кўзгусидир”, деб бежизга айтмаганлар (Имом Бухорий ривояти). Камчилигимизни кимдир айтса, хафа бўлмай тўғрилашга ҳаракат қилишимиз керак. Қолаверса, биздан катталарга ҳурматда, кичикларга иззатда бўлиш талаб қилинади.
Айтайлик, ер яхши чопилмаган бўлса, кетмон эмас, чопиқчи жавоб беради. Фарзандлар тарбиясининг яхши ёки ёмон бўлиши, аввало ота-онага боғлиқ. Ота бутун оила аҳлининг тарбиясидан сўралади. Ишчиларнинг ҳолатига бошлиқ, таълим-тарбия жараёнида ўқувчиларга мактаб, синф раҳбари масъул. Демак, инсонларнинг бир-бирлари олдидаги мажбуриятлари ҳам худди занжир ҳалқаларидек боғланиб кетган.
Бу ҳақиқатга асло эътиборсиз бўлмайлик. Турли воқеа-ҳодиса таъсирида қолсак ёки йўлдан бироз чалғисак, албатта, ёрдам ва маслаҳатга эҳтиёж сезамиз. Шу боис бизни кузатиб турганларнинг камчилигимизни айтиши, хатомизни тузатиб қўйишининг ҳеч бир ёмон жойи йўқ. Халқимиз: “Дўст ачитиб, душман кулдириб гапиради”, деб бежиз айтмаган. Яхши кунда кулиб-кулиб, қалтис пайтда ёлғиз ташлаб қочадиганлардан эҳтиёт бўлайлик. Хатокор, унутувчи бандалармиз. Ҳар ким нафсининг ёмонлигини билишга, шайтоннинг васвасаларини англашга интилса, алданиб қолмайди, яхшиликларга эришиб бораверади.
Абдуллоҳ УМАР