Мақолалар

Фарзанднинг ота-она устидаги ҳақлари (3-мақола): Фарзандга яхши исм қўймоқ

Фарзандга яхши исм қўмоқ. Фарзанд дунёга келганидан кейин ҳам ота-онанинг унинг наздидаги ҳақлари давом этади. Фарзанд ёруғ дунёга келиши билан ота-онанинг биринчи қиладиган вазифалари унга чиройли исм қўйишликдир. Зеро ҳадиси шарифда фарзандга чиройли исм қўйишга буюрилди. Исм ҳам болага руҳий жиҳатдан таъсир этиши илмий жиҳатдан исботланган. Болага қўйилган исм уни дўст-ёрлари, жамоат орасидаги обрўсига путур етказмаслиги лозим. 

Ҳадис. “Сизлар қиёмат куни ўз исмларингиз ва оталарингизнинг исмлари билан  чақириласизлар, шундай экан фарзандларингизга чиройли исм қўйинглар”. (Абу Довуд) 

Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам гўдакларга чиройли исмлар қўйишга тавсия қилганлар. Болалигида чиройли исм берилмаган кўплаб саҳобаларнинг исмлари кейинчалик ўзгартирилган. Масалан, ҳузурларига “Заҳм” исмли бир саҳоба келганида унинг исмини “Башир” деб ўзгартирадилар. “Заҳм”нинг маъноси “сиқилиш”, “Башир” сўзининг маъноси “яхши хабар берувчи” дегани.

Яна бир саҳобанинг исми “ал-Осий”, яъни “исёнчи” деган маънони билдирган, унга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилувчи “Мўъти” деган исмни берадилар. (Бухорий, “Адаб-ул Муфрад”) 

Ҳазрати Али каррамуллоҳу важҳаҳунинг фарзандларига исм бериш билан боғлиқ воқеа шундай ривоят қилинади:

“Биринчи ўғлим туғилганида унга уруш маъносини билдирувчи “Ҳарб” деб ном қўйган эдим. Шунда Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам келдилар ва: “Ўғлимни менга кўрсатинглар, унга нима деб исм қуйдингиз?”, дедилар. “Ҳарб” деб айтдик. Йўқ, унинг исми “Ҳасан” дедилар. (Бухорий, “Адаб-ул Муфрад”, Баззор) 

Ривоят. Бир киши Умарнинг (розийаллоҳу анҳу) ҳузурларига ўғли билан келиб, ўғлидан шикоят қилади ва уни оқ этганини маълум қилади. Ҳазрати Умар (розийаллоҳу анҳу) ўғилни чақиртириб:

–  Отангга қарши боришда, унга оқ бўлишликда Аллоҳдан қўқрмайсанми? Ваҳоланки, отангни сенда бир қанча ҳақлари бор, буларни билмасанми? – дебди.

Ўғил айтди:

 Эй мўминлар амири! Ўғилнинг отада ҳаққи йўқми?

Ҳазрати Умар:

 Ҳа, бор! дедилар.

Ўғил айтди:

 Нима у ҳақлар?”

Ҳазрати Умар:

 Ўғилнинг отадаги ҳақи – ота ёмон хотинга уйланмаслиги, фарзанд айбланмаслиги учун яхши исм қўймоғи ва Қуръонни ўргатмоғидир, – деди.

Бу гапларни эшитган ўғил:

 Эй мўминлар амири, Аллоҳга қасамки, отам онамни танлаб олмаган, унинг ахлоқи яхши бўлмаган, уни тўрт юз дирҳамга сотиб олган. Исмимни ҳам чиройли қўймади, яъни, менга Жуъал деб исм қўйди бу кўршапалак эркагининг исми, Қуръони каримдан ҳам бирорта оят ўргатмади, – деди.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу боланинг отасига қараб:

 Сен “ўғлим менга қарши чиқмоқда, осий бўлмоқда” дейсан, ваҳоланки у сенга осий бўлмасидан олдин сен унга осий бўлибсан-ку. Унга керакли тарбияларни бермабсан. Энди менинг ёнимдан чиқиб кетгинлар, – дейди.

Улуғбек Султоновнинг 
"Ота-онага хизмат қилиш 
одоблари" китобидан олинди

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 6025 times

Мақолалар

Top