Мақолалар

Ички гўзаллик олами тўрт қувватга таянади...

“Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур” (Наҳл, 90).

Адолат – мустаҳкам қўрғон. Адолат – шаҳват ва ғазабни жиловлай олишдир. Имом Ғаззолий бундай деганлар: “Инсоннинг ички гўзаллик олами тўрт қувватга таянади, агар ана шу тўрт асос мутаносиб бўлса, хулқ гўзаллиги ҳосил бўлади. Улар илм, ғазаб, шаҳват ва улар орасидаги адолат мезонидир”.

Донишмандлар адолатни уч турга бўлишган: Аллоҳ таоло билан банда ўртасидаги адолат; бандалар ўртасидаги муносабатларда адолат; аждодлар тўғрисида адолат қилиш.

Аллоҳ билан банда ўртасидаги адолат – инсон ёлғиз Парвардигоргагина сиғиниши ва У учун ибодат қилишидир. Агар Аллоҳдан бошқасига сиғингудек бўлса, адолатсизлик ва катта хатар юзага келади.

Бандалар ўртасидаги адолат – зулм ва алдов йўли билан бир-бирининг ҳақини емаслик ва ҳар бир ишда тўғри бўлиш кабилар.

Ўтганларга нисбатан адолатли бўлиш эса, уларнинг зиммаларидаги қарзларни адо этиш, шаръий васиятларини бажариш ва яхши сифатларини эслаш, ёмонлиги бўлса кечиришдир.

Инсон адолат қилмаса, қиёматда яхшиликлардан маҳрум қолади. Натижада зулм қилиб, бошқалар ҳаққини ноҳақ егани сабаб азобланиши мумкин. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам: “Кимда уч хислат бўлса, унга Довуд алайҳиссаломга берилган яхшилик ато этилибди: ғазаб ва розилик вақтида адолатли бўлиш; камбағаллик вақтида ҳам ва бойлик вақтида ҳам ўртача бўлиш; пинҳон ва ошкора пайтда ҳам бирдек Аллоҳдан қўрқиш”, деганлар (Ҳаким Термизий ривояти).

Довуд алайҳиссаломга берилган яхшилик шукрли бўлиш эди. Аллоҳ таоло шукр қилганларга неъматларини янада зиёда қилади.

Кўплар ғазабланган вақтда ўзини назорат қилолмай, нима сўзлаётганию, қандай иш қилаётганини унутади.

Адолатли киши хотиржам яшайди, уни ғазаб ҳам издан чиқармайди. Демак, юқорида айтилган сифатларга эга инсон кўп яхшиликлар топади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 7565 times

Мақолалар

Top