Мақолалар

Бола устозини ҳурмат қилишни ўргансин

 Луқмони Ҳаким ўғлига бундай насиҳат қилган экан: Эй, ўғлим! Олимлар билан ҳамнафас бўл, устозлар орасида ўтир, чунки Аллоҳ таоло еру осмонни суви билан обод қилганидай, қалбларни ҳам илму ҳикмат нури билан мунаввар қилади”.

Илм-ирфон тарқатиш, ёшларга таълим тарбия бериш нақадар улуғ фазилат ва савобли иш экани ҳақида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилган: Дарҳақиқат, инсонларга яхшилик ва илму маърифатни ўргатган барча устозларга барча ҳайвонлар, ҳаттоки денгиздаги балиқлар ҳам истиғфор айтади”.

Инсон ҳаётида билими, маърифати билан жамият аъзолари ўртасида қадр-қиммат ва обрў эътиборга эга бўлади, ҳатто Одам алайҳиссаломни барча фаришталардан ҳам юқори мақомга кўтарган нарса илм-маърифатдир.

Ҳақ таоло Қуръони каримда илмли кишиларнинг ва устозларнинг мартабалари юксак даражаларга кўтарилишини баён қилиб, шундай дейди:   “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала, 11)..

Олимлик, устозлик мақоми нақадар улуғ ва бемисл экани ҳақида жаноби Пайғамбаримиз бундай марҳамат қилганлар: Олимнинг бошқалардан ортиқлиги ойдин кечада ойнинг бошқа юлдузлардан зиёда нурли эканига ўхшайди. Дарҳақиқат, уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар ўзларидан кейин динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдирмаганлар. Улар ўзларидан фақат илму маърифатни мерос қилиб қолдиришган. Ким бу мерос илмни олган бўлса, у катта бахту саодатни қўлга киритибди” (Имом Термизий, Абу Довуд ва Ибн Можалар  ривоят қилган).

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг улови тизгинини ушлаб, унга минишига ёрдам бериб бундай деганлар: Уламоларга шундай хизмат қилишга буюрилганмиз. Агар шогирд улуғлик сифатига етмай туриб, ундан фахрланиб кибрланса, жоҳилдир. Зеро, илм-ҳикмат мўмин кишининг йўқотган нарсасидир, қачон топса, уни олишга ҳақли”.

Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу илм ўрганувчига қарата шундай деганлар: “Устознинг сендаги ҳақларидан бири – сен одамларга омматан салом бериб, муаллимга хос салом беришингдир. Унинг рўбарўсида ўтиришинг, унинг ҳузурида қўлинг билан ишора этмаслигинг, кўзингни қисмаслигинг, устозга керагидан зиёда савол бермаслигинг, жавоб беришида унга ёрдам бермаслигинг, агар хоҳламаса, унга қайта-қайта савол бермаслигинг, устоз туришга ҳаракат қилганда унинг кийимларидан ушламаслигинг, унинг сирларини фош этмаслигинг, устоз ҳузурида бирон-бир масалада хато қилишини ҳеч қачон тиламаслигинг, устоз агар ногоҳ адашса, узрини қабул этишинг, устозга қарата: “Мен фалончи бундай деганини эшитдим” ёки “фалончи сизнинг хилофингизга гапирди”, деб айтмаслигинг, устоз ҳузурида бирон-бир олимни тавсифламаслигинг, узун суҳбатидан ҳеч қачон малолга келмаслигинг, устоз хизматидан ўзингни олиб қочмаслигинг лозим бўлади. Устознинг бирон юмуши чиқиб қолса, уни адо этиш учун барча шогирдлар чопишади. Устоз гўё бир хурмо дарахтига ўхшайдики, сен ундан бирон нарса тушишини пойлаб турасан”.

Соҳибқирон Амир Темурнинг шундай гапи бор: “Илм ва диннинг машҳур устозлари ўз маслаҳатлари билан подшоҳларга ёрдам бериб келишган”.

Устозлар барчамизнинг, хусусан, шогирдларнинг эҳтиромига лойиқ бўлган буюк инсонлардир. “Илм билан мустаҳкамланмаган ҳар қандай улуғликнинг оқибати хорликдир”, деган  экан Аҳнаф ибн Қайс.

Ҳукамолардан бири шундай деган экан: “Ота-оналар фарзандларини дунёдаги оловдан ҳимоя қилишса, устозлар эса уларни охират оловидўзахдан муҳофаза этишади”.

Илм толиблари ва шогирдлар ҳам доимо илму маърифати зиёда бўлиш йўлида устозлардан билмаганларини сўраб-билишда жиддий ҳаракат қилишлари лозим.

 

Муслим АТАЕВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими ходими,

Тарих фанлари номзоди

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Read 5014 times

Мақолалар

Top