Мақолалар

Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг қизларини ҳайратга солган воқеа

Ҳаётимизнинг ҳар бир соҳасига жавоб берган динимиз кўрсатмалари, ейдиган овқатимизни ҳам қандай тановул қилишимизга ҳам аҳамият беришимизни тарғиб қилади.

Имоми Шофиъий (раҳматуллоҳи аълайҳ) кунларнинг бирида Имом Аҳмад ибн Ҳанбал (раҳматуллоҳи аълайҳ)нинг уйларига меҳмонга, қоладиган бўлиб келадилар. Имоми Шофиъий бир ўзлари ёлғиз келганларига қарамай Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг қизлари уларга уч кишилик таом ва таҳажжуд намозга таҳорат қилиш учун сув тайёрлаб қўяди.

Эрталаб қизлари туриб қараса овқатни ҳаммаси ейилган, аммо сув ҳеч ҳам ишлатилмаган. Қиз ўзича ўйлайдики, отам бу келган меҳмонни жуда тақводор киши дегандиларку, аммо ўта очкўз дангаса эканку, бир ўзи ҳамма таомни еб, кечаси билан ухлаб таҳажжудга ҳам турмай, сувниям ишлатмабди.

Шу онда отаси билан меҳмон бомдод намозини адо қилиб масжиддан келиб қолибди. Қиз бўлган воқеани отасига айтиб турса уни эшитиб турган Имоми Шофиъий: “Мени кечирасизлар, тўғри, ҳақиқатан ҳам мен бу қадар ҳалол таомни ҳеч қачон емаган эдим. Бу таомдан бир луқма еб у ичимга тушиши билан қалбимга бир нур кирди. Қалбимда пайдо бўлган бу нурни янада кўпайтирай деб овқатни ҳаммасини еб қўйдим. Бу таомни еганимдан кейин менинг фикримга бир неча ечилмаган масалалар ижтиҳод бўлди. Ўйлаб қолдим таҳажжуд ўқисаммикин ёки масалаларни ижтиҳод қилсаммикан. Қарасам таҳажжуд ўзимни фойдамга экан, ижтиҳод оммани фойдасига экан. Таҳажжудга кетадиган вақтимниям қўйиб, кечаси билан ухламай бир неча масалани ечдим”, деган эканлар.

Ҳақиқатқан ҳам ҳалол луқманинг фойдаси инсонга ҳам қувват, ҳам қалб нуридир. Яна бу фикримизнинг далили ушбу воқеъада ҳам ўз исботини топган.

Умар ибн Абдулазиз одил халифалардан бири бўлишлик билан танилган зотлардан. У зотнинг оталари бир улуғ, илмда пешво бўлган олимни хизматларини қиларди. Кунларнинг бирида устозлари бу кишига бир бўлак нон бердилар. Кейин нонни уйларига олиб келиб хотинлари билан маслаҳат қилиб, энди бу нонни нима қилсак ўз жойига сарфлаган бўламиз, бизга берилган бу мукофотни ҳақиқий улуғлаган бўламиз, чунки устоз ҳар кимга ҳам ҳар нарса беравермайдилар, деб охири бу нонни ифторликка ейишликка келишишади. Эри хотин уч кун кетма кет рўза тутиб уч кун ифторликка нонни учга бўлиб истеъмол қилишади ва учинчи куни аёли билан бирга бўлишлик билан ҳомила бўлади. Бу ҳомиладан келажакда бешинчи халифаликка лойиқ бўлмиш Умар ибн Абдулазиз дунёга келади.

Муҳаммад Ёқуб Нанутвий деган зот Ҳиндистоннинг Девбанд шаҳридаги мадрасанинг улуғ шайхларидан бўлганлар. У зот айтадиларки: “Баъзида биз мадраса домлаларини ён атрофда турадиган ўзига тўқ илмга ихлосманд кишилар уйига таклиф қилиб зиёфат қилиб турарди. Лекин шулар ичида бир ўт-ўланларни ўриб сотиб, ҳалол меҳнат қилиб, пешона тери билан кун кўрадиган камбағал киши бор эди. Унинг одати кунига уч танга пул топса шунинг бир тангасини домлаларни меҳмон қилиш учун олиб йиғарди. Бир ойда  уч-тўртта домлага ноҳат атала, беш олтита қатламага еткудай қилиб дастурхон ёзарди. Бўлмаса бу одамдан кўра бой, ўзига тўқ кишилар ҳатто домлаларга тилла пул тақдим қилганларида у зотлар рад қилганларида улар олиб илмга сарф қилишлари учун охири ташқарида турган оёқ кийимларини ичига тўлдириб ҳам ташлаб кетардию, аммо биз бу кишининг овқати энг камбағалларни овқати бўлса ҳам уни кутиб юрардик, чунки у овқатни ейишимиз билан қалбимизда нур пайдо бўлиб илмга янада рағбатимиз ошарди”, дейдилар.

Тасаввуф намоёндаларидан бўлган Аҳмад Зарур деган зот “Қоидаи куллия” тасаввуфга доир қоидаларни зикрида бир қоидани қайд қиладилар: “Овқатни қай ҳолатда, ёки қай тарзда истеъмол қилинса, у овқат қуввати шу каби ишларга сарф қилинади” деганлар. Бундан маълум бўладики, овқатни кулиб есангиз уни кулгига сарфлайсиз, уни тафаккур ва зикр билан есангиз, уни Аллоҳни зикрига сарфлайсиз, ҳар хил мусиқа, ўйин бепарволик билан есангиз уни шундай ўйин кулгиларга сарфлайсиз.

Шунинг учун мусулмон одам овқатланиш ҳолатини ҳам эътиборга олиш керак.   

Илҳомжон МАДАЛИЕВ,
«Мўйи Муборак» жомеъ масжиди имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Read 4612 times

Мақолалар

Top