Мақолалар

«Ким дегайлар даҳр аро қолди, фалондин яхшилиғ»

Инсон қисқа умри йўлида турли бекатларда бир муддат нафас ростлайди. Юзлаб фасллар билан юзлашади. Минглаб одамлар билан суҳбат қуради. Яхши-ёмон гаплар қулоғига чалинади.

Оқиллар оғзидан чиққан ҳикматлар мулкини кўнгил хазинасига жойлайди. Кўзлаб бораётган манзилида фикри ва руҳи учун улар озуқа бўлишини ният қилади.

Осмондаги ой имкони борича қоронғу кечани ёритади. Шунга ўхшаб яхшилик кўнгилдаги ёмонликни кетказиши мумкин. Аммо бирор иморатни бузган киши, ўша ашёлар билан уни қайта қура олмайди. Кимнингдир тоза кўнглини аччиқ сўзлар айтиб ранжитган киши, ҳарчанд  бу хиралик ортидан ўн ва ҳатто юзта яхши сўз айтса ҳам, синган сопол ўз ҳолига келиши қийин. Ҳарҳолда ўзининг бирор ёмонлик ёки гуноҳ ишини беихтиёр англаб, ичи хижил бўлган одам, албатта, уни кетказиш учун яхшилик қилиш пайида бўлгани тузук.

Ўзинг ёқтирган эзгу амал ва гўзал тилакларни бошқаларга ҳам раво кўриш билан кўнгиллар кўнгилларга пайванд бўлади. Кўп ҳолатда тўғри чиққан, ҳаёт тажрибасида ўз тасдиғини топган бир ҳикмат ва ҳақиқат бор: мен биров тўғрисида қандай ўйлайдиган бўлсам, ўша одам ҳам мен ҳақимда деярли шундай фикр юритади. Агар мен кимнингдир яхшилигини билсам ва жузъий камчиликларидан кўз юмиб, бор фазилатларини зикр қилсам, ишончим комил, ўша кимса, албатта, менинг “Ассалому алайкум” деган тилагимга “Ваалайкум ассалом” жавобини беради. Табиий, ­ бу амаллар ортида яхшилик қилиш, яхшига яқин юришдек эзгу мақсад туради.

Мабодо сўзимга қаҳр аралашиб, овозим бир парда кўтарилса, қарши тарафдан икки парда ошиб акс-садо бериши турган гап. Айни дамда, жаҳолат чангалидан қутулиб, чала минғирламасам, суҳбатдошим сукут сақлаши мумкин.

Яхшилик кимдан, қаерда ўрганилади? Яхшилик туйғуси инсонга гўдаклик кунларидан ҳамроҳ, уруғ ўша пайти ташланган. Бу йўлдош туйғу билан гўзал бир кўнгил кошонаси бун­ёд қилиниши – уруғнинг униши, парвариши ва ҳосил бериши оила муҳитига, тарбияга ва албатта, ҳар кимнинг ўзига ҳам боғлиқ.

Яхшилик чин муаллимлардан, холис олимлардан ўрганилади. Бундай таълим-тарбия­га ғоят катта савоб берилади. Расулуллоҳ  айтадилар: «Шубҳасиз, фаришталар, осмон ва ердаги барча мавжудот, ҳатто уясидаги чумоли, денгиздаги балиқлар инсонларга яхшилик ўргатган муаллим ҳаққига дуо қилади». Чинакам муаллимнинг мукофоти шундай.

Одамларни яхшиликка тарғиб қилиб, ўзларини “унутиб қўядиган”, сўзи амалига мос келмайдиган “муаллимлар”нинг насиҳати тингловчиларига етиб бормайди.

Яхшилик покиза онадан, ҳалол луқма бераётган отадан, меҳр-мурувватли қа­риндошлардан, яхши қўшнилардан ўр­ганилади.

Ривоят: Қадим замонда икки қўшни ўтган экан. Бири оқил, доно, тоат-ибодатли. Иккинчиси ўйинқароқ, кунлик иши  ишрату сафо. Оқил яхшилик қилиш нияти билан қўшнисига: “Умр ғанимат, ёшлик ўтади-кетади. Яратилган ҳар қандай нарса, жумладан, одам ҳам бир куни манзилига етади, тупроққа қоришади. Вақт борида, умрни охират учун озуқа тўплашга сарфлаш, тараддуд кўриб қўйиш керак”, дебди. Ўйин-кулгини хуш кўрадигани унга: “Ҳали ҳаммасига улгураман. Кун келади, тоат-ибодат билан машғул бўламан. Ҳозир ўйнаб-куладиган даврим”, деб айтибди. Орадан йиллар ўтибди. Ҳар икки қўшни ити йўқ қишлоқ остонасига етибди. Оқили – бардам, тетик экан. Ўйинқароғининг қадди дол, юрагида ғулғула, қувват кетган, ҳатто ҳожатга ҳам зўрға бориб келаркан. Устига устак, қўшнисидан хафа бўлиб: “Мен ғафлатда қолдим, биров менга бу ҳолатлардан дарс бермади. Менга биров яхшиликни раво кўрмади”, деган мазмунда гина қилибди. Оқил қўшни олдин айтганларини юзига солиб, хижолат қилишни эп кўрмай, бошқача йўл тутибди. “Отангиз бормиди?” “Бор эдилар!” “Қачон, неча ёшда ўтган эдилар?” “Бир юз ўн икки ёшда”. “Наҳот отангизнинг ҳоли сизга ибрат бўлмаган? Қўшнижон, бировга маломат қилинмайдиган манзилга етиб қолдик. Барча савол-жавоб яхши-ёмон амалга яраша бўлади”, дебди.

Дарҳақиқат, Алишер Навоийнинг “Садди Искандарий” достонида келган бир ривоятнинг мазмуни шундай.

Ушбу мавзуда ҳазрат Навоий яна айтадилар:

“Ки ҳар ким аён этса яхши қилиғ,

Етар яхшилиқдин анга яхшилиғ”.

Бу ҳикмат биздан узоқ – олти аср наридаги замоннинг бир ҳикояти. Яхшилик қилишда шердек қорувли Заҳириддин Муҳаммад Бобур айтади:

“Бори элга яхшилиғ қилғилки,

мундин яхши йўқ.

Ким дегайлар даҳр аро қолди

фалондин яхшилиғ”.

Яхшилик устида фикр юритиш, ҳақиқат тарозисида унинг савоби осмонўпар тоғлардан ҳам оғир келишини англаш, табиий, инсонни эзгуликка ундайди. Бировга яхшиликни раво кўрмаслик мунофиқлар, ичиқоралар, ҳасадчилар ишидир. Ҳасад яхшиликни, умуман, инсон қалбидаги барча эзгулик уруғини еб битиради. Яшил кўчатни сарғайтиради. Яхшиликка ошно бўлмаган қалбда чинор илдиз отмайди.

Яхшиликка яхшилик билан жавоб берилганида кўнгиллар яйрайди.

Ҳаётий воқеа: “Ўтган асрнинг эллигинчи йилларида талаба эдим. Пойтахтда инженерликка ўқийман. Биринчи йилги назарий билим олишлар тугаб, амалиётни ўташ учун Хоразмдаги қишлоғимга қайтдим. Тарактирларни, омочларни таъмирладим. Механикани, турли техникаларни амалиётда қунт билан ўргандим, яхши ва тажрибали одамларга йўлдош бўлдим. Улардан кўп яхшилик­лар кўрдим.

Қишлоқдан ўқишга – Тошкентга қайтар маҳалим бир иш билан уйимиздан сал наридаги дўконга кирдим. Не кўз билан кўрайин, катта шаҳарда ростакамига урф бўлган палто. Буни елкасига илганлар кўнгли тўқ, ғоз юришади. Аммо чорасизлик, чўнтак ҳувиллаган пайтлар... Яшириб нима қиламан – кўзим қизиб турибди. “Кийсам шу палтони!..” – дилим кетди. Аммо на уйдагиларда, на бошқа қариндош-уруғда ақча бор. Турдим-турдим. Нима бўлса ҳам елкамга бир ташлаб кўрай, дедим. Кийдим палтони, тошойнага солдим ўзимни. Лоппа-лойиқ. Худди менга мослаб махсус тикилганга ўхшайди. Ўзимни танимай қолдим. Сезмабман: дўкончи аёл мени кузатиб ўтирган экан. Палтони энди ечаман десам, “Шошма!” деб сўз қотди. Таққа тўхтадим. Ичим жимир этди. Не қилдим экан? “Лойиқ келдими?” деб сўради. “Ҳа”. “Палтони ечма”. “Нархи... пулим йўқ, муаммо шу”, дея ғудрандим. Опа бир менга, бир палтога қаради-да, дадилланиб: “Бизнинг қишлоқдан етишиб чиқаётган биринчи инженерга бу палто совға” деса бўладими! Менинг ҳолатимни тасаввур қилаверинг энди. Қувончдан бош осмонга етди. Совғани институтни битиргунча кийдим. Сўнгра қишлоққа қайтиб, ишга шўнғидим. Турли раҳбарлик лавозимларида ишладим. Опа қўшни туманга кўчиб кетибди. Мен орадан йиллар ўтиб, ўша туманга ҳоким қилиб тайинландим. Ўринбосарларимдан гап орасида ўша опани суриштирдим. У энди дўконни йиғиштириб, оилавий деҳқончилик билан шуғулланаётган; туманда илғор экан. Ютуқларини билиб, эшитиб юрдим. Шу йили туман давлатга  пахта топширишда энг илғорлар қаторидан ўрин олди; бизнинг обрў ортиб кетди. Бунда опа бошлиқ оилавий пуд­ратчиларнинг катта хизмати бор эди.

Туман марказига – йил охиридаги ҳисобот мажлисига опани ҳам таклиф қилдик. Эҳтимол, у менга қилган яхшилигини эсидан чиқариб ҳам юборгандир. Аммо мен мажлис аҳлига юзланиб, талабаликни, палто воқеасини эсладим-да, чўнтагимдан енгил мошина калитини чиқариб, мажлис аҳли олдида опанинг қўлига тутқаздим...”

Яхшилик ҳеч қачон зое кетмайди, яхшилик ортидан яхшилик эргашиб келади. Билган билади. Билмагандан асло ранжимаслик зарур. Шу ўринда, халқнинг доно ҳикматини хотирлаш фойдали: Яхшилик қилгин дарёга сол – балиқ билади, балиқ билмаса – Холиқ билади.

Аслида, яхшилик тушунчаси жуда кенг кўламлидир. Элга хизмат ва юртга садоқат, ота-онага эҳтиром ва устозга ҳурмат, қўшни ёки дўст ҳаққига риоя, кўнгли ўксиганга бир оғиз ширин сўз ёки адабсизга танбеҳ-тарбия – буларнинг барчасида яхшиликнинг турли белгилари мужассам. Ҳатто туҳмат, ҳасад, сотқинлик, зинокорлик, ўғрилик, порахўрлик каби ўнлаб тубан ишлар қўлидан келгани ҳолда, уларга қўл урмаслик ҳам яхшилик сирасига киради.

Биздан ҳикмати яширин ­нарсанинг зарарсиз бўлгани яхши. Шунингдек, яхшилик учун имкон топмаган одам, ақалли ёмонлик қилмагани ҳам фазилатдир. Яхшиликка яхшилик, баъзида ёмонликка ҳам яхшилик билан жавоб бериш қадимдан улуғ анъана.

Аслида, деҳқоннинг ерига жўхори сепиб, гурвак қовун кутиши тўғри эмас. Барча ишларнинг натижаси ниятга ва қилинган амалларга боғлиқ.

Бу ўринда яхшилик қилган одамдан, яхшиликнинг фазилатларидан сўз очдик, айрим лавҳалардан мисол ёздик. Энди ўзимизга, узоқ-яқин изимизга бир назар ташлайлик. Хўш, биз қай маҳал кимга, қандай яхшилик қилган эканмиз? Майли, буни эсламайлик ҳам. Ёдда йўқдир. Эҳтимол, эсламаслик яхшироқ ҳамдир. Аммо бизга ким, қачон, қаерда қандай яхшилик қилганини асло унутмаслик керак, деб ўйлайман.

Баҳодир Нурмуҳаммад

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4309 times

Мақолалар

Top