Мақолалар

Ҳифа хотун ва ҳазрати Суҳайб р.а.

ИШҚ ДЕГАНИ МАНА БУНДАЙ БЎЛАДИ...

Ҳифа хотун Мадинанинг энг гўзал аёлларидан эди.

Шу қадар истарали ва шу қадар самимий эдики, шаҳар аёллар уни жону дилидан ортиқ севар эди. Ўғли, акаси, укаси, қариндош-уруғлари уни бошига кўтариб юрар эди. 

Ҳифа хотуннинг донғи тез таралди ва узоқ-узоқларгача етиб борди. Унинг ишқига гирифтор бўлганлар сирасидан ҳакимлар, тужжорлар, вазирлар, султонлар ҳам жой олди. Аммо у Нажжоший каби императорни ҳам рад этди, фақат ва фақат Аллоҳнинг ризосини истайди...

Бироқ унинг талабгорларининг адоғи кўринмайди. Бири оёқларининг тагига гиламлар тўшайди, бошқаси жавоҳирлар тўкади... юзталаб қизил тукли туяни келтириб эшигининг олдига боғлаганларни сўрайсизми ёки сарой калитларни келтириб қўйганларними?

Ҳифа хотун буларга қайрилиб ҳам қарамайди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурига чиқиб:

–  Эй Аллоҳнинг Расули, мени жаннатга киритадиган бир нарса ўргатинг, ­–  дея илтижо қилади. 

Кўнглида у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Кундузлари рўза тут, кечалари ибодат қил”, дея тавсия қилишларини  кутган эди. Аммо Сарвари коинотимиз:
– Аввало турмушга чиқишинг керак. Зеро, бу ишинг билан динингнинг ярмини амниятга олган бўласан, ­– дедилар.

Ҳифа Пайғамбар алайҳиссаломнинг амр-тавсиясига жону дили билан бўйин эгди ва: 

– Сиз кимни муносиб кўрсангиз, ўша одамга турмушга чиқаман, – деди.

Аёнки, у оддий аёллардан эмас эди, уни никоҳига олажак эркакнинг ҳам ўзига хос хусусияти бўлмоғи даркор эди.

Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кимга қарор берадилар, қайси бир ошиқнинг умидини сўндирадилар. Ҳамма ҳаяжонга тушади. Пайғамбар алайҳиссалом бу сафар ҳамма вақтдаги каби оддий ва самарали йўлни айтдилар.

– Эртага тонгда масжидга биринчи бўлиб кириб келган кишига турмушга чиқасан, – дедилар.

Таклиф барчага маъқул бўлди. Талабгорлар эрта туришнинг чорасини кўрдилар, билганларича бу ишнинг тадбирини қилдилар.

Бу хабарни, албатта, ҳазрати Суҳайб ҳам эшитади, аммо унга ҳозирланмайди. Чунки у фақир ва кимсасиз киши эди. Уйи-жойи йўқ эди, қорни ҳам тўйганда тўйиб, тўймаганда оч юрар эди. Чошгоҳгача дарахт тагига чўзилар, сўнгра масжиднинг соясига ўтар эди.   

Бўйи баланд бўлса-да, шу қадар озғин эдики, қаттиқроқ шамол эсса, оёқларини ердан узадигандек эди.

Аммо буни қарангки, ўша кеча Аллоҳ таоло жами саҳобаларга шундай уйқу бердики, улар тарракдек қотиб ухлаб қолдилар. Ҳифа хотуннинг толиблари кўзларига инган уйқудан кўз оча олмадилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар вақтдагидек, тонг ёришмасдан масжидга келиб катта қизиқиш билан толеи баланд умматини кута бошладилар.

Дафъатан масжиднинг эшигида бировнинг қораси кўринади ва бир лаҳза ўтар-ўтмас Суҳайб розияллоҳу анҳу ичкарига кириб келди. 

Пайғамбар алайҳиссалом намоздан сўнг Ҳифа хотунни чақириб унга натижани маълум қилдилар. Ҳифа хотун катта мамнуният ила таклифни қабул қилди.

Жаноби Расулуллоҳ гўзал хутба ўқиб, никоҳ ақидаларини қилдилар. Сўнгра омадли саҳобага юзландилар:

– Эй Суҳайб, аёлингга бир ҳадя совға қил, кейин қўлларидан тутиб уйингга олиб кет, – дедилар.

Суҳайб бу гапларни эшитиб, қўлларини очиб:

Хўп бўлади, аммо менинг на бир дирҳам кумушим ва на борадиган уйим бор, – деди.

Ҳифа хотун эрининг боши эгилишига йўл қўймаслик учун унга ичида ўн минг дирҳам кумуши бор чиройли ҳамён узатди ва: 

– Фалон ердаги ҳовли-жойимни сизга ҳадя қилдим, – деди.

Оламлар сарвари бундан жуда ҳам хурсанд бўлдилар ва уларнинг ҳаққига хайрли дуолар қилдилар.

Суҳайб ўша куни Мадина кўчаларида айланиб юриб кунни кеч қилди ва кеч тушганда янги уйига уялиб, тортиниб кириб келди. Ўзи учун тайёрланган тўкин дастурхондан тортина-тортина битта ёки иккита хурмо олиб оғизга солди. Сўнгра:

– Эй Ҳифа, биламан, сен мен учун қўл етмас бир неъматсан. Мен эса сен учун фақат бир меҳнатман. Мен шукр этувчи, сен сабр этувчи бўлсанг керак. Хўп десанг, шу кечани тоат-ибодат билан ўтказсак. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннатда баланд бир бўстон бор, у ерда шукр этганлар ўтиради” дедилар, – дейди ва улар кечани ибодат билан ўтказадилар.

Саждагоҳларини кўз ёшлари ҳўл қилди, қалбларини зикруллоҳ нурга тўлдирди. Жаброил алайҳиссалом бўлган воқеаларни Пайғамбар алайҳиссаломга сўзлаб бердилар ва уларни Аллоҳ таоло Жаннати ва Жамолига етиштиришининг хабарини етказди. Эртаси тонгда, намоздан кейин Пайғамбар алайҳиссалом Суҳайбнинг ёнига ўтирдилар ва унга:

– Эй Суҳайб, кечаги ҳолингни сен гапириб берасанми, мен гапириб берайинми? – дедилар.

Суҳайб кўзлари билан ерга қараб, андеша ичида заиф овозда:

– Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчидир, – деди.

Пайғамбаримиз унга:

– Нақадар бахтлисизки, иккингиз ҳам жаннати бўлдингиз ва Аллоҳ таолонинг жамолини кўражаксиз! – дедилар.

Суҳайб дарҳол бошини саждага қўйди ва:

– Ё Раббим! Мени мағфират этдинг, энди гуноҳ ишлар қилиб қўймасимдан жонимни ол! – дея ниёзда бўлди.

Аллоҳ таоло бу оташин дуони қабул этди, Суҳайб саждада турган ҳолида жон берди. Масжидда ўтирганлар йиғламоқни бошладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Сизга янада ҳайратланарли хабарни айтайми? Шу онда Ҳифа хотун ҳам руҳини Ҳаққа топширди, – дедилар.

Намозлари, юзиларини ювган кўзёшларининг ҳурматидан уларнинг мақоми баланд бўлди. Иккисини ёнма-ён дафн қилдилар. Бош тарафига бир кичик тахта қўйиб, тахтачанинг бир тарафига “Шукр қилувчи Суҳайб”, иккинчи тарафига “Сабр қилувчи Ҳифа” деб ёзиб қўйдилар.

Розияллоҳу анҳума (Аллоҳ таоло ҳар иккисидан рози бўлсин).

 

Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.

Read 4624 times

Мақолалар

Top