Мақолалар

Қабрдаги савол-жавоб

Инсон вафот этиб, руҳи танасини тарк этганида бу фоний дунёдан боқий дунёга кўчган бўлади. Жон олиш, бандани савол-жавоб қилиш каби ишлар фаришталарга топширилган.

Инсон танаси қабрга қўйилганидан кейин (сувга чўкиб ёки бирон нарса еб кетган бўлсаям) Мункар ва Накир исмли икки фаришта ундан “Роббинг ким? Дининг нима? Пайғамбаринг ким?” деб сўрайди. Саволга тўғри жавоб берганлар роҳатда бўлади, жавоб бера олмаганлар азобда қолади.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам маййит дафн этилганидан кейин қабр бошида туриб: “Биродарингиз ҳақига истиғфор айтинг, унга сабот тиланг! Чунки у ҳозир сўроқ қилинмоқда”, дедилар” (Абу Довуд, Баззор ривояти. Ривоят санади ҳасан).

Бу ҳадисдан уч хил хулоса чиқади:

1. Маййитга тириклар дуоси фойда беради. Жанозага келганлар маййит дафн этилганидан кейин унга сабот тилаб дуо қиладилар, “Эй Аллоҳ! Унинг савол-жавобини осон қил, қабр азобидан сақла!” деб дуо қилишади.

2. Банда қабрда савол-жавоб қилинади.

3. Маййит кўмилгани заҳоти сўроқ қилина бошлайди. Маййит ҳатто кўмиб, ортидан қайтиб кетаётганлар оёқ кийими овозини эшитади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Агар биронтангиз ёки бир инсон қабрга қўйилса, унинг олдига қора-зангори рангдаги икки фаришта келади. Улардан бири “Мункар”, бошқаси “Накир” дейилади” (Термизий ривояти. Ҳадис санади ҳасан).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Банда қабрига қўйилса, соҳиблари (уни дафн қилиб) қайтиб кетишса, (маййит) уларнинг кавушлари тақиллаганини эшитиб турганида олдига икки фаришта келиб, уни ўтқазишади. Кейин (Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламни назарда тутиб): “Бу одам ҳақида нима дердинг?” дейишади. (Агар у) мўмин бўлса: “Гувоҳлик бераманки, албатта (Муҳаммад) Аллоҳнинг бандаси ва Расулидир”, дейди. Шунда унга: “Дўзахдаги ўрингга қара. Албатта, Аллоҳ сенга уни жаннатдаги ўринга алмаштириб берди”, дейилади. (Банда)икковини ҳам кўради. Кофир ёки мунофиққа: “Бу киши ҳақида нима дердинг?” дейилади. “Билмадим. Одамлар айтадиган нарсани айтардим”, дейди. Шунда унга: “Билмадинг ҳам, эргашмадинг ҳам”, дейилади. Кейин темир гурзи билан бир урилганида шундай қичқиради, (унинг овозини) инсу жиндан бошқа ҳамма (мавжудот) эшитади” (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ривояти).

Бу дунёда имон-эътиқод билан ўтган, шариат ҳукмларига бўйсунган, ҳалол-ҳаромнинг фарқига борган мўмин инсон қабрдаги саволларга бурро, аниқ жавоб беради. Кофирлар, мунофиқлар эса қабрда сўроқ қилинганида жуда танг аҳволда қолади. Тилида мусулмонликни даъво қилиб юрганлар, аслида Аллоҳни, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламни танимасдан ўтган кишилар ҳам қийин вазиятда қолади. Саволга жавоб бера олмаса, бошига темир гурзи билан урилади. Қабр азоби дегани мана шу бўлади.

Қабрда саволларга тутилмасдан жавоб бериш учун нима қилиш керак? Имон-эътиқодли, Аллоҳнинг айтганини қилган, ибодатда, солиҳ амалларда бардавом бўлган бандани Аллоҳ қабрда қўллайди, собитқадам қилади. Парвардигоримиз азза ва жалла шундай марҳамат қилган: “Аллоҳ имон келтирганларни дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам устивор сўз (яъни, имон калимаси) билан собитқадам қилади. Золимларни эса Аллоҳ (ҳақ) йўлдан адаштиради. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ишни қилади” (“Иброҳим” сураси, 27-оят).

Аллоҳ таоло покиза калима – тавҳид калимасини васф қилганидан кейин “Лаа илааҳа иллаллоҳ, муҳаммадур росулуллоҳ” калимасини ихлос билан айтган, шариат ҳукмларига риоя этган, Аллоҳ розилиги йўлида жидду жаҳд қилган бандалар дунёда, охиратда эришадиган ютуқни эслатмоқда. Ҳа, Аллоҳ таоло мўминларни тириклик чоғларида шаҳодат калимасида собитқадам қилади, вафотларидан кейин қабрда ҳам уларга сабот беради, тилларига тавҳид калимасини келтиради. Бу дунёда залолатда, куфр-исёнда яшаган золимларни ҳақдан адаштиради. Улар ҳаётда безовта, беҳаловат эдилар. Энди қабрда ҳам жуда мушкил аҳволда қолишади.

Айримлар: “Менга қабрда қандай саволлар берилишини, унга қанақа жавоб қайтаришни ўргатинг. Ёдлаб оламан”, деб сўрайди. Хўп, ўргатамиз. Бироқ, биз имон-эътиқодда, солиҳ амалларда бардавом бўлсак, Аллоҳ бизни дунёда, ўлим чоғида, қабрда, қиёматда ёрдамсиз қолдирмайди, собитқадам қилади. Дин-диёнатдан узоқ юрганлар, Аллоҳ айтганини қилмаганлар қабрдаги саволга “Билмайман”, деб жавоб қайтаради. Кейин қабр азобига гирифтор бўлади.

Оят мазмунини яхшироқ тушуниш учун қуйидаги ривоятни кўриб чиқамиз. Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Агар мўмин қабрида ўтказиб қўйилса, унинг олдига келинади. Сўнг “Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳ ва анна Муҳаммадан росулуллоҳ”, деб гувоҳлик беради. Ана ўша Аллоҳнинг “Аллоҳ имон келтирганларни дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам устивор сўз билан собитқадам қилади” деган сўзидир” (Бухорий, Муслим ривояти).

Яъни, мўмин банда дафн этилганидан кейин уни савол-жавоб қилиш учун қабрида ўтказиб қўйилади. Сўнг унинг олдига қорамтир кўк рангдаги икки фаришта келади. “Мункар” ва “Накир” номли бу фаришталар мўминни сўроққа тутганида Аллоҳ уни тавҳид калимаси билан собитқадам қилади. Мўмин қабрида шаҳодат калимасини айтишга муяссар бўлади.

 

Зиёвуддин РАҲИМ

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 22471 times

Мақолалар

Top