Мақолалар

Аллоҳ бандани олтин оловда синалгани каби имтиҳон қилади

Исломнинг илк даврида маккалик мушриклар мусулмонларнинг бошига кўпдан кўп оғир савдоларни солди. Уларнинг зулми ҳаддан ошиб кетди. Шундан кейин асҳоблар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Эй Аллоҳнинг Расули, биз Аллоҳнинг йўлида бўла туриб бошимизга бундай оғир кунларнинг келишининг бирор ҳикмати борми?” деб сўрашди. 

Уларнинг бу саволларига жавобан қуйидаги ояти карималар нозил бўлди:

أَحَسِبَ النَّاسُ أَن يُتْرَكُوا أَن يَقُولُوا آمَنَّا وَهُمْ لَا يُفْتَنُونَ

Одамлар иймон келтирдик дейишлари ила имтиҳон қилинмай, тарк этилишларини ўйладиларми? (Иймон калимасини оғизда айтиш осон. Ҳар ким ҳам иймон келтирдим, деб айтавериши мумкин. Аммо тил билан айтилган калима дилдан чиққанми ёки йўқми, буни аниқлаш учун банда синов-имтиҳондан ўтиши керак);

وَلَقَدْ فَتَنَّا الَّذِينَ مِن قَبْلِهِمْ فَلَيَعْلَمَنَّ اللَّهُ الَّذِينَ صَدَقُوا وَلَيَعْلَمَنَّ الْكَاذِبِينَ

Ва, батаҳқиқ, Биз улардан олдингиларни ҳам имтиҳондан ўтказганмиз. Бас, Аллоҳ, албатта, содиқ бўлганларни ҳам билажак, ёлғончиларни ҳам билажак. (Анкабут, 2,3)

Ушбу ояти каримадаги “фатанна” имтиҳон этдик калимаси айни замонда олтинни софлаштирмоқ учун бажарилган синов ишларидир. Олтинни тозалаб олиш учун у жуда катта иссиқликда куйдирилади.  Иссиқлик 1064 даражага чиққанидан сўнг олтин эрий бошлайди ва унинг ичидаги бегона моддалар кўпириб юқорига чиқиб қолади. Ана ўша кўпик олиб ташланганидан сўнг бағри куйган олтин  соф бир жисмга айланади. Ана шу олтин 99.9. нав (проба) олтиндир.

Шиддатли имтиҳоннинг маъноси шу. Олтин устидан бир-икки сув қўйиш ёки бир-икки болға уриш билан тозаланмайди. Чунки нопокликлар, бегона моддалар унинг ичкарисига уннаб кетган. у қадар ичкарига эса олтинни жуда катта иссиқликда эритмасдан етишиб бўлмайди.  

Ушбу ояти карималар имон ҳақида бўлгани сабабли имон ҳам инсоннинг ботинида экани эътиборга олинади. Инсон ботинидаги энг муҳим жавҳарни шубҳалардан, гумонлардан, васвасалардан, поклаб олиш учун эса уни эритиш керак. Бунинг учун куйдирувчи оташ керак бўлади.  

Ана шу оташнинг тафти 1064 даражага етгунга қадар қалбаки олтинлар эриб кетади, соф олтиннинг таркибига кириб олган бегона жисмлар куйиб кулга айланади. фақат соф олтингина тобига келади.  Ичимизга жойлашиб олиб кўнглимизни роҳатсиз этадиган, ҳатто ўзимиз билмаган нарсалардан васвасага соладиган нарсалардан биз қандай қутулиб оламиз? Албатта, бунинг учун олтин каби катта иссиқликка, машаққатларга сабр этсак, синовларга бардош бера  олсак,  имонимизни поклаб олишга эришамиз, яъни соф олтинга айланамиз.

 

Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

Read 3715 times

Мақолалар

Top