Зуҳо намозини адо этувчиларга: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Кимки ўн икки ракат зуҳо намозини ўқиса, Аллоҳ таоло унга жаннатда бир уй барпо қилади” (Имом Термизий, Имом Ибн Можа, Имом Байҳақий ривояти).
Масжид қурувчиларга: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким Аллоҳ розилигини истаб масжид бино қилса, Аллоҳ унинг учун жаннатда бир уй барпо этади” (Имом Аҳмад, Баззор ривояти).
“Ихлос” сурасини ўқувчиларга: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни ўн маротаба ўқиса жаннатда у киши учун бир қаср бино қилинади”, дедилар (Имом Доримий ривояти).
Таровеҳ намозини адо этувчиларга: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки таровеҳ намозини адо этса, Аллоҳ таоло жаннатда унга нурдан уй барпо этади”, дедилар.
Сабр қилувчиларга: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар бир инсоннинг ёш боласи вафот этса, Аллоҳ таоло фаришталарига айтади: “Бандамнинг гўдагини жонини олдингларми?” Улар: “Ҳа”, деб жавоб берадилар. “Унинг қалбининг мевасини қабз қилдингларми?” деб сўрайди. Улар: “Ҳа”, деб жавоб берадилар. “Бандам нима деди?”, деб сўрайди. Улар: “У Сенга ҳамд айтди ва албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтгувчилармиз,- деди”, деб жавоб берадилар. Шунда Аллоҳ таоло фаришталарига: “Бандам учун жаннатда бир уй барпо этинглар ва уни “ҳамд” уйи деб атанглар!” деб буюради”, дедилар.
Хушфеълларга: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен хушфеъл инсонга жаннатнинг энг юқорисидан уй берилишига кафилман” , дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД тайёрлади
ЎМИ Матбуот хизмати