Мақолалар

Тўёна қарзга айланмасин десак...

Халқимизда бир урф борки, албатта, уни Ислом динида шарт қилинган жойи йўқ. Буни элимиз “тўёна” дейди. Аслида у яхши бўлган одатлардан бўлса ҳам, асорати келажакда панд бериб қўйиши мумкин. Албатта, тўёна ўғил уйлантираётган, айниқса, қиз чиқараётганларга фойдадан ҳоли эмас. Чунки харажатларнинг бир қисмини бўлса ҳам оқлайди. Никоҳ тўйлари ва бошқа ҳурсандчилик муносабати билан бирор кишиникига борилса чин дилдан қайтиб келишини кўзламаган ҳолда ҳадя бериш меҳр-оқибатни зиёда бўлишига асос бўлади.

Ҳадиси шарифлардан бирида бу ҳақда: “Бир-бирларингизга ҳадя бериб туринг, чунки у қалбга муҳаббат солади ва гиналарни кетказади”, дейилган. Демак, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадя беришни айтганлар, аммо уни қарз эмас, ҳадя деб сифатлаганлар. Бугунги кунимизда сир эмас никоҳ тўйи қиладиган оилаларга тўёна берилади, бу албатта яхши, лекин берилаётганида тўй эгаси кимдан қанча келганини қоғозга тушириб қўйиши худди узилиши шарт бўлган қарзга ўхшаб қоляпти. Гап ҳадянинг кам-кўплиги, яхши-ёмонлигида эмас. Ҳамма имконият даражасига яраша топганини беради. Ўзига тўқ одам балки саховат кўрсатиб, кўпроқ берса Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг: “Бир-бирингизга ҳадя беринглар, оқибат кучаяди” деган ҳадисларига амал қилиб ҳам бу дунёси учун, ҳам охирати учун захира тўплаган бўлади.

Бироқ тўй қилиб тўёна олган одамнинг баъзида бир ойда иккита, учта тўёналарни қандай қилиб қайтараман деб ўйга ботганини кўриш ачинарли ҳол. Чунки баъзилар берган тўёнасига умидвор бўлиб тўй бошлайди. Шундайлар борки, агар тўёна берган яқини бирор узрли сабабларга кўра тўйга келолмай қолса, берган тўёнасини миннат қилиб етти маҳаллага жар солади. Қани улфатчилик, қани дўстлик, қариндош-уруғчилик-чи? Бундан келиб чиқади-ки тўёна ҳадя эмас, балки қарздир. Шунинг учун қарз бўладиган бўлса, берилмагани маъқул эмасми? Чунки қарз ўзганинг ҳаққи. Ўзганинг ҳаққидан жуда эҳтиёт бўлишлик мўмин-мусулмон учун ўта муҳим бўлган амалдир. Тўйда ҳаммани ҳам қамраб олиш қийин. Чунки тўйга келаётганларни кети узилмайди. Энди тасаввур қилиб кўринг, агар кимнингдир тўёнасини қанчалигини билмай қолсангиз нима бўлади.

Инсон қанча умр кўришини билмайди. Худо кўрсатмасин агар тўёна қарз сифатида берилган бўлса, қарзни қайтармай ёки васият қилмасдан вафот этиб кетилса охират нима бўлади. 

М.Абдусаитов,

 Бўстонлиқ тумани “Дониёр бин Озод” жоме масжиди имом ноиби

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

Read 3664 times

Мақолалар

Top