Мақолалар

“Мавт” билан “қатл” орасидаги фарқ

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Шуаро сурасида шундай деган:

الَّذِي خَلَقَنِي فَهُوَ يَهْدِينِ وَالَّذِي هُوَ يُطْعِمُنِي وَيَسْقِينِ وَإِذَا مَرِضْتُ فَهُوَ يَشْفِينِ وَالَّذِي يُمِيتُنِي ثُمَّ يُحْيِينِ

“У мени яратган зотдир. Бас, мени ҳидоят қилади ҳам Унинг Ўзи. Ва мени таомлантирадиган ва суғорадиган ҳам Унинг Ўзи. Бемор бўлганимда менга шифо берадиган ҳам Унинг Ўзи. Мени ўлдирадиган, сўнгра тирилтирадиган ҳам Унинг Ўзи (78-81-оятлар).

Агар биз ушбу оятда келган нарсалар ҳақида ўйлаб кўрсак, унда эъжоз (мўъжиза, ақлни лол қолдирувчи жиҳат) қисқа жумлалар билан берилганига гувоҳ бўламиз.

Яратиш масаласи Аллоҳ таолонинг Ўзига хосдир. Махлуқлар эса ожиздир. Ҳеч бир кимса бирор нарса яратишга қодирлигини даъво қила олмайди. Лекин ўлим масаласига келсак, бу ўринда бироз тортишув бор.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:

أَلَمْ تَرَ إِلَى الَّذِي حَآجَّ إِبْرَاهِيمَ فِي رِبِّهِ أَنْ آتَاهُ اللّهُ الْمُلْكَ إِذْ قَالَ إِبْرَاهِيمُ رَبِّيَ الَّذِي يُحْيِـي وَيُمِيتُ قَالَ أَنَا أُحْيِـي وَأُمِيتُ قَالَ إِبْرَاهِيمُ فَإِنَّ اللّهَ يَأْتِي بِالشَّمْسِ مِنَ الْمَشْرِقِ فَأْتِ بِهَا مِنَ الْمَغْرِبِ فَبُهِتَ الَّذِي كَفَرَ وَاللّهُ لاَ يَهْدِي الْقَوْمَ الظَّالِمِينَ

“Аллоҳ подшоҳлик бериб қўйгани сабабидан Иброҳим билан Роббиси ҳақида ҳужжат талашганни билмадингми? Иброҳим: “Менинг Роббиим тирилтиради ва ўлдиради”, деганда, у: “Мен тирилтираман ва ўлдираман”, деди. Иброҳим: “Албатта, Аллоҳ қуёшни Машриқдан чиқаради, бас, сен уни Мағрибдан чиқаргин-чи”, деди. Бас, куфр келтирган лол қолди. Ва Аллоҳ золим қавмларни ҳидоятга солмас”. (Ушбу ояти карима Иброҳим алайҳиссалом билан у кишининг даврларида ўтган бир ҳукмдор подшоҳнинг тортишувини ҳикоя қилади.) (Бақара сураси, 258-оят).

Бу оят Иброҳим алайҳиссалом билан Аллоҳ подшоҳлик берган кимса (Намруд) ўртасидаги суҳбатни ҳикоя қиляпти. Иброҳим алайҳиссалом унга “Роббим тирилтиради ва ўлдиради” деганларида, у кимса кибрга кетди ва “Мен ҳам тирилтираман ва ўлдираман” деб даъво қилди. Кейин бир одамни олдига чақиртирди. Уни қатл қилишга буйруқ берди ва “У энди ўлувчидир” деди. Кейин ўша одамни кечирди ва “Энди уни тирилтирдим, яъни яшашига қўйиб бердим” деди.

Биз айтамизки, баъзи одамлар қатл билан мавт (ўлим)нинг фарқини тушунишмайди.

Қатл – инсон жасадини бузиш, уни руҳнинг қолишига яроқсиз ҳолга келтиришдир. Шу билан руҳ у ерда қололмайди, чиқиб кетади.

Лекин мавт (ўлим) – руҳни жасаддан, уни вайрон қилмай, бузмай чиқаришдир. Шунинг учун Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бу иккисининг ўртасини фарқлаб шундай деган:

وَمَا مُحَمَّدٌ إِلاَّ رَسُولٌ قَدْ خَلَتْ مِن قَبْلِهِ الرُّسُلُ أَفَإِن مَّاتَ أَوْ قُتِلَ انقَلَبْتُمْ عَلَى أَعْقَابِكُمْ وَمَن يَنقَلِبْ عَلَىَ عَقِبَيْهِ فَلَن يَضُرَّ اللّهَ شَيْئاً وَسَيَجْزِي اللّهُ الشَّاكِرِينَ

“Муҳаммад ҳам бир Пайғамбар, холос. Ундан аввал ҳам Пайғамбарлар ўтган. Агар у ўлса ёки қатл қилинса, орқангизга қайтасизми?! Кимки орқасига қайтса, Аллоҳга ҳеч зарар келтира олмас. Ва Аллоҳ шукр қилувчиларни мукофотлар”. (Кимки Исломнинг улуғ неъмат эканини тушуниб етса, шукр қилса, яъни, Исломни ўзига ҳаёт йўли қилиб олиб, Аллоҳга бу неъмат учун ҳамду сано айтса, Аллоҳ таоло унга мукофот беради. Уҳуд ғазотида бўлиб ўтган бу ҳодиса ва унинг баёни бўлиб тушган ушбу оят орқали Аллоҳ таоло мусулмонларни Пайгамбар алайҳиссаломнинг шахсларига ортиқча ёпишишдан қайтариб, асосий манбаъга қарашга одатлантиришни хоҳлаган. Мусулмонлар тўғридан-тўғри Аллоҳнинг ўзига мурожаат қилишни ўргансинлар. Улар Аллоҳнинг олдида ўзларини масъул эканликларини сезсинлар.) (Оли Имрон сураси, 144-оят).

Бошқа бир оятда бундай деган:

وَلَئِن مُّتُّمْ أَوْ قُتِلْتُمْ لإِلَى الله تُحْشَرُونَ

“Гарчи ўлсангиз ҳам ёки қатл қилинсангиз ҳам, албатта, Аллоҳ ҳузурида йиғилурсиз” (Оли Имрон сураси, 158-оят).

Демак, ўлимни юзага чиқариш Ягона Аллоҳнинг ишидир. Лекин қатл мавтдан фарқли бўлиб, у Аллоҳнинг бандаларидан бирининг қўли билан содир бўлиши мумкин. Бунда ўша банда кимнидир ўлимига сабабчи бўлади. Мавт эса сабабсиз бўлади. Аллоҳ таолонинг Ўзи ўлдиради. Ҳеч ким ўлимдан қутулиб қололмайди. Чунки, Аллоҳнинг амри барча халқлари устида жорий бўлувчидир. Инсоннинг иши эса жорий бўлмайди.

 

 

 

Шайх Муҳаммад Мутаваллий

Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг

“Ал-Адилла ал-мааддийя ала вужудиллаҳ”

номли асаридан Нозимжон Иминжонов таржимаси

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3727 times

Мақолалар

Top