Мақолалар

Шаъбон ойи муборак!

Ойлар ичида шундайлари борки, унда қилинган илтижо, тоат-ибодат ва яхши амалларнинг даражаси бошқа пайтдагига қараганда юқорироқ бўлади. Шундай фазилатли ойлардан бири Шаъбон ойи, унинг бошқа ойлар ичида ўзига хос ўрни бор. Бу ойда кечган энг муҳим тарихий ҳодисалардан бири қибланинг ўзгартирилиши воқеасидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) Маккада турганларида қибла Байтул Мақдис томонда эди. Мадинага ҳижрат қилганларидан кейин қибла яна боболари Иброҳим (а.с.)нинг қибласи – Каъба томонга ўзгаришини иштиёқ ила кутган эдилар. Ҳижратнинг биринчи йили, Шаъбон ойининг 15-кунида қибла Қуддуси шарифдан Каъбага ўзгартирилган. Бу тўғрида Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Гоҳо юзингизни (ваҳий кутиб) осмон бўйлаб ўгириб туришингизни кўраяпмиз. (Хотиржам бўлинг) Сизни ўзингиз рози бўладиган қиблага (Каъбага) юзингизни ўгиртирамиз. Юзингизни Масжиди Ҳаром (Каъба) томонга буринг! (Эй мўминлар, сизлар ҳам) қаерда бўлсангиз, юзларингизни ўша тарафга буринг!..” (Бақара, 144).

Шаъбон ойи улуғ ва фазилатли эканига далиллар кўп. Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қиладилар: «Аллоҳ таоло ўн икки ой ичидан Ражаб ойини ўзи учун танлаб олган. Шунинг учун “Аллоҳнинг ойи” дейилади. Ким бу ойни улуғлаб, ҳурматини жойига келтирса, Аллоҳ таоло уни жаннати наимга киритиб, яна Ўз розилигини ато этади. Шаъбон ойи “Расулуллоҳ ойи” ҳам дейилади. Ким бу ойни улуғлаб, ҳурматини бажо келтирса, Қиёмат куни унга жаннатдан жойни ўзим тайёрлаб тураман. Рамазон ойи эса умматларим ойидир. Ким бу ойни улуғлаб, ҳурматини жойига қўйса, гуноҳлардан ўзини тийса, кундуз рўзадор, кечалари бедор, бировларга беозор ҳолда рўза ойини тамомласа, барча гуноҳлари мағфират қилинади» (Имом Байҳақий ривояти).

Шаъбон ойида Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳақларига кўпдан – кўп саловот ва саломлар юборишсак бу муқаддас шаъбон ойини жонлантирган бўламиз. Бундай инсонлар учун Аллоҳ таоло  шундай марҳамат қилади: “Қаранг, менинг бандаларим Расулимнинг ойига қандай ҳурмат кўрсатаяптилар. Иззатим ҳаққи, мен ҳам уларни афв этдим”.

Пайғамбаримиз (с.а.в)га кўплаб саловот ва саломлар юборишликнинг фазилати хусусида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Ҳақиқатки, Аллоҳ ва унинг фаришталари у Пайғамбарга саловоту саломлар айтдилар. Эй иймон келтирганлар, сиз ҳам Унга саловот ва салом айтинг” (Ахзоб, 56).

Шаъбон ойи 14-кунининг қуёш ботган вақтидан 15-кунининг қуёш ботган вақтигача энг улуғ айёмлардан ҳисобланади. Бу кеча “Бароат кечаси” дейилади. Бу кечада бир йил ичида бўлажак ишлар ҳақида қазою ҳукм берилиши, ажал ва умрлар белгиланиши, амал саҳифалари Аллоҳ таоло ҳузурига кўтарилиб намойиш этилиши каби ҳодисалар бўлиши китобларимизда баён қилинган. Шу куни Аллоҳ таолонинг раҳмат ва мағфирати ер юзига муттасил ёғилиб туради. Бу кечада Ҳақ таоло то субҳ вақтигача ушбу тарзда нидо қилар экан: “Истиғфор айтувчилар борми, гуноҳларини кечсам; бирор бало ёки мусибатга мубтало бўлганлар борми, нажот сўрасалар, офият бахш этсам; ризқу рўз сўраганлар борми, ризқини зиёда қилсам”.

Бошқа ҳадисда эса Усома ибн Зайд (р.а.)дан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ (с.а.в.)га: “Ё Расулуллоҳ, мен биронта ойда Шаъбондагидек рўза тутганингизни кўрмадим”, дедим. У зот (а.с.): “Бу шундай ойки, одамлар Ражаб билан Рамазон ўртасида ундан ғафлатда қолишади. Бу ойда амаллар оламлар Хожасига кўтарилади. Шундай экан, мен амалимни ўзимни рўзадор ҳолимда кўтарилишини яхши кўраман”, деб айтдилар» (Имом Насоий).

Аллоҳ таоло барчаларимизга Шаъбон ойи кечасини ғанимат билиб, уни рўза ва тоат-ибодат билан ўтказишни насиб қилсин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 17792 times

Мақолалар

Top