Мақолалар

Қалб хотиржамлиги сиридан хабардормисиз?

Хизмат тақозоси билан, одатдагидек, чет давлатга сафар қилдим. Лекин бу гал айрим сабабларга кўра, сафарим чўзилиб кетди. Мана, келганимга ҳам тўққиз ойдан ошиб қолди. Шаҳарнинг кенг ва ёруғ кўчаларидан бирида юриб боряпман-у, аммо хаёлим уйимда, ёлғиз қолган қизларимда. Улардан хавотирланиб: «Уларга бирор нарса бўлдимикин?», «Соғ-омон юришганмикин?» − дея ўйлаб кетяпман. Шу пайт хаёлимни бир фикр чулғаб олди: «Эй Абдуллоҳ! Бу нимаси? Агар қизларинг учун қайғурадиган акалари ёки ҳимоя қиладиган боболари бўлганида, хавотирланармидинг? Йўқ, хавотир олмас эдинг, ҳатто ўйламасдинг ҳам. Шундай экан, уларни ҳимоя қилувчи Зот Аллоҳ таоло бўлса-ю, сен нега қайғурасан!

Қандай хавотир олишинг мумкин?!» Агар мен ҳозир уларнинг ёнида бўлганимда, бордию, Аллоҳ таоло уларнинг тақдирига қандайдир мусибатни битиб қўйган бўлса, мен нима қила олардим? Буларни ўйлаб борар эканман, ич-ичимдан қандайдир хотиржамликни ҳис қила бошладим…

Кутилмаганда бошимга бир ташвиш тушиб қолди. Кейин ундан халос бўлиш йўлларини излай бошладим. Шундай бўлса-да, эртага нима бўлар экан? − деб қўрқардим. Кейин: «Шунчалик нодон бўламанми?! Ишларимни ўзим бошқара оламан, ғам-ташвишларни елкамда кўтара оламан, деб ўйлаяпманми?! Ахир, гўдаклигимда, худди ёстиқ каби ерга ташлаб қўйилган пайтимда, ким мени асраган?! Ўшанда ҳеч нарсага тушунмас, гапира олмас эдим.

Агар бир чаён олдимга ўрмалаб келса ё бирор чивин атрофимда учиб юрса, ҳатто ўзимни ҳимоя қила олмаганман–ку! Ўшанда ҳам ўз ишларимни ўзим бошқарганманми?! Ундан олдин-чи, ким мени асраган? Буларнинг барчасини қилишга Қодир бўлган Зот энди мени ташлаб қўяр эканми?!» деб ўйладим.

Хаёлимдан шундай фикрлар ўтаркан, елкамдан тоғ ағдарилгандай бўлди. Тунда эса хотиржам уйқуга кетдим…

Хотиржамликнинг калити, иймон ҳаловатига етиш йўли – бу дуодир. Доимо дуо қилиб, Аллоҳ таолодан каттаю кичик ҳожатингизни сўранг. Дуо қилишнинг ўзи ҳам бир ибодатдир. Бунда сўзамол бўлиш шарт эмас. Энг муҳими қалбнинг тайёрлиги, дуо қилувчининг ихлосли бўлишидир.

Кўпинча, паст овозда айтилган, содда бўлиб кўринган, лекин ихлос биланқилинган дуо инсонлар кўнглини юмшатадиган, ҳамма қойил қоладиган, бироқ тил учида қилинган дуога нисбатан қабул бўлиши осонроқ бўлар экан.

Агар сиз солиҳ инсонларнинг суҳбатидан доимо баҳраманд бўлсангиз, Аллоҳ таоло доимо қалбингизда бўлса ва ҳар доим дуо қилиб юрсангиз, ҳар кечангиз «Лайлатул-қадр» бўлади. Агар сиз бунда нафснинг роҳати, руҳнинг ҳаловатидан бошқа нарсага эриша олмасангиз ҳам, майли, шунинг ўзи ҳам етарли. Бу орқали сиз Охират саодати, Ҳақ таолонинг розилигига эришасиз-у, нега етарли бўлмасин?!

 

Али Тантовийнинг «Роваиъут-Тантовий» китобидан

Ҳамидуллоҳ НАЖМИДДИНОВ таржимаси

Read 3599 times

Мақолалар

Top