Мақолалар

“Дардимға хаёлини табиб эт!” (учинчи мақола)
  1. Илоҳий ишқ – сиддиқлар ишқи

Ана шу ишқ – энг буюк илоҳий ишқдир. У Аллоҳ таолога бўлган севгининг ҳадди аълосига етишидир.

Бу тоифа ошиқларнинг севгиси ҳар бир инсонда бўладиган ишққа монанд. Аммо уларнинг қалбига дунё севгиси бўйламаган ва улар қилган гуноҳлари юзасидан огоҳлантирилмаган, яъни гуноҳ ишларга асло қўл урмаган. Асли руҳлар оламига оид бўлган қалбига тўғридан тўғри илоҳий ишқ шуъласи тушиб Аллоҳга ишқи тушган ошиқлар улар.

Бундай ишқ пайғамбарларда, Аллоҳнинг дўстлари – валийларда ва солиҳ мўминларда бўлади.

Улар керак бўлса, маъшуқни рози қилиш учун ўзларини, наинки оташга отишларига, қурбонлик қилинишларига рози бўладилар, балки буни катта мамнуният ила қабул қиладилар. Айнан ишқи шу даражага келган инсон Қуръон ва суннатга тамоман тобе бўлган инсондир. Улар важд (сархушлик) ичида бўлиб хатти-ҳаракатлари билан бошқаларни ажаблантирсалар-да, ниҳоятда тўғри йўлда бўладилар. Баҳуоддин Нақшбанд ҳазратлари таъбири билан айтганда, ҳол аҳлларида бир ҳолат бўладики, беадаблик айни адабир. Бир ҳолат бўладики, айни адаб беадабликдир. Навоийшунос олимларимиздан бири ёзадики, “(Бобораҳим) Машраб ўзини телба деб айтади. Аммо унинг телбалиги соғлом кишиларнинг соғломлигидан минг карра аълодир”.

Уларнинг ишқи ҳеч сўлмайдиган жаннат боғчаларининг чечаклари каби доимийдир. Улар дунё ҳаётида денгизга ҳеч қўшилмасдан оққан дарё кабидирки, улар учун борлиқ ва йўқлик бирдир...

Уларни бу дунёнинг саврқомат дилбарлари, муҳташам уловлари, сарвати-ю сийрати, қасрлари, саройлари... у дунёнинг жаннати-ю жаҳаннами асло қизиқтирмайди. Улар фақат Уни севадилар ва Унга интилиб яшайдилар. Ким нени севса уни зикр қилади, деганидек, уларнинг тилида фақат Аллоҳ таолонинг номи, қалбида фақат Аллоҳ таолонинг ёди бўлади...

Улар дўзахдан халос бўлишни, жаннатга тушишни истамайдими, дерсиз. Албатта, истайдилар. Аммо бошқалар каби эмас. Бошқаларнинг дўзахдан халос бўлишни ва жаннатга тушишни исташи даҳшатли азобларга йўлиқмаслик ва абадий роҳат-фароғатга етишишга мойилликдан бўлади. Уларники эса Аллоҳнинг висолига етиш илинжидадир. Ахир дўзахдан халос бўлмаса, жаннатга тушмаса Аллоҳнинг висолига етиша оладими! Ҳа, илоҳий ишқ соҳибларининг ягона мақсади Унинг висоли, жаннат эса бир воситадир.

Филология фанлари доктори, профессор Шуҳрат Сирожиддинов бу ишқ аҳлларини қуйидагича таърифлайди: “Машҳур зоҳидлардан бири Робия Адавия (вафоти 752 йил) Аллоҳга муҳаббат ғоясини илгари сурди. Унингча, жаннат орзуси ва дўзах азобидан қўрқув нажот воситаси бўла олмайди. Инсон Аллоҳни шундай севиши керакки, унинг ишқи бу дунё ҳою ҳавасларини куйдириб юбориши керак. У Аллоҳни фақат Аллоҳ бўлгани учун севиш, ўз борлиғини Аллоҳнинг борлиғида сингдириш ва Аллоҳ жамолига эришиш ғояларини илгари сурди. Робия Адавия тасаввуф тарихига «илоҳий ишқ» тушунчасини олиб кирган биринчи зоҳид дейилади”.

Робмя Адавиянинг илоҳий ишқ ғоясини хожагон тариқатининг етук пирларидан бири Абулҳасан Ҳарақоний (933-1037 йй.) ривожлантириб, “Жаннат ва дўзахни Аллоҳ яратган. Уларни инкор этмайман. Лекин, жаннатга интилмайман, дўзахдан қўрқмайман. Сабаби, менинг ошиқишим фақат Яратган Зотгадир”.

Аллоҳ таоло барчамизнинг қалбимизга ана шу ишқ оташини солиб кўнглимизни Ўзининг ишқи билан мунаввар қилсин! Юнус Эмро ҳазратлари айтганидек,

                                  

Ишқинг олди мендан мени,

Менга Сен кераксан, Сен!

 

(Боши ўтган сонларда, давоми бор)

Дамин ЖУМАҚУЛ

Read 3698 times

Мақолалар

Top