Мақолалар

Вақф хайрия жамоат фонди биз кутган ташкилотми?

Барчамизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5416-сон Фармони бўйича «Вақф» хайрия жамоат фонди ташкил этилди. Фонд 10 май куни Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилди.

Келинг, бугун ушбу фонд юзасидан фикр алмашсак. Фонднинг вазифаси нима, қандай қилиб молиялаштирилади, халқ учун қандай манфаатли томонлари бор каби саволларга соҳа вакили сифатида жавоб беришга ҳаракат қиламан.

Вақф ўзи нима?

«Вақф» сўзи луғатларда «тутиб туриш», «тўхтатиш» маъноларида келади. Вақфнинг шаръий таърифи борасида турли фикрлар билдирилган. «Вақф - нарсани Аллоҳ мулки ҳисобида сақлашдир». Яъни, вақф қилинган нарса вақф қилувчининг мулкидан чиқади ва Аллоҳ мулкига айланади. Вақф қилинган нарсадан келадиган фойда вақф қилувчи уни вақф этишда тайинлаган жиҳатга (масалан, талабалар, мусофирлар, камбағаллар каби) сарф қилинади ва савоби вақф қилувчига абадий бўлади. Вақф қилинган нарса сотилмайди, ҳадя қилинмайди, мерос бўлмайди.

Фонднинг асосий мулки вақфдан келган маблағларми?

Фонднинг маблағлари 3 қисмга бўлинади. Яъни 1. Хайрия бўлими; 2. Вақф бўлими; 3; Закот, ушр, фитр ва фидя бўлими. Билишимиз керак-ки, ҳозирги кунда 3 та бўлимнинг ҳам алоҳида-алоҳида ҳисоб рақами мавжуд. Дейлик, бир киши закот учун фондга маблағ ўтказса, ўтказилган маблағ закот бўлимига тушади. Шу билан биргаликда шариатда айтилган ўринларга сарф қилиниши айтилмоқда. Умумий қилиб айтганда фонд фақатгина вақф мулкидан иборат эмас.

Фонднинг асосий вазифалари нималардан иборат?

Фондга келиб тушган маблағлар масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, мутахассислари ва ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан, имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш каби бир қатор ишлар учун сарфланади.

Фондга маблағлар қай тартибда йиғилади?

Биламизки, юқорида зикр қилинган хайрия турларининг ҳеч бири мажбурий солиқ тўловларига кирмайди. Балки ҳар бир мусулмон киши зиммасига фарз бўлган ёки саҳоват қилиш ўринларида ушбу маблағларни фондга ўтказиб беришлари мумкин. Ҳозирги вақтда фонд хайрия маблағларни одамлар қийинчиликсиз ўтказишлари учун электрон тўлов тизимларига уланмоқда. Шулардан бири Payme тўлов тизимидир. Аввалроқ фонднинг Payme тизимига улангани хабар берилди. Бу дегани сиз пластик карта орқали истасангиз закот, вақф ёки хайрия маблағларини фондга ўтказишингиз мумкин.

Нима қилсак, фонд ривожланади?

Биз қиладиган фақатгина бир иш қолди, у ҳам бўлса фондга ишониш ва молиявий ибодатларимизни фонд орқали амалга ошириш. Фонд нотижорат ташкилот. Бу дегани фондга келиб тушган ҳар қандай маблағ фақатгина хайрия қилинади. Шуни унутмаслик керак-ки, Президент Фармонида фондни ўта шаффоф бўлишлиги таъкидланган. Демак сизнинг маблағингиз шариатда кўрсатилган ўз ўрнига етказилиши фонд томонидан кафолатланади.

Хулоса қилиб айтганда фондни ривожланиши учун ҳисса қўшайлик. Бир вақтлар хаёл қилиш қийин бўлган ишлар бугун қўлимизда турибди. Ҳисса қўшишимиз бу молиявий ибодатларимизни фонд орқали амалга оширишимиздир.



Темурбек АДҲАМОВ,
Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти талабаси

Read 7174 times
Tagged under

Мақолалар

Top