Мақолалар

Бир хил, аммо фарқли совғалар

Икки ўлканинг ҳукмдори бир-бирига уруш очмас, аммо фурсат туғилган заҳоти бири иккинчисининг тинчини бузар эди. Байрамлар, тантаналар ва бошқа шодиёналар бўлиб қолса, улардан ғоят устамонлик билан фойдаланиб бири иккинчисини мот қилишга уринар эди. Кунларнинг бирида улардан бирининг таваллуди яқинлашиб қолди. Иккинчиси ўз мамлакатидаги энг моҳир ҳайкалтарошни чақириб унга олтиндан бир қарич баландликда учта ҳайкал ясашни амр этади.  Унинг талабига кўра, ҳайкаллар бир-бирига шу қадар ўхшаши даркор эдики, уларнинг ўртасидаги фарқни фақат иккови  билмоғи лозим эди.

Ҳайкалтарош юксак маҳоратини ишга солиб подшоҳи талаб қилганидек бир хил ҳайкалларни айтилган вақтда ясади.

Ҳукмдор ҳайкалларнинг ёнига бир мактуб қўшиб қўшни давлат ҳукмдорига юборди. “Туғилган кунингиз билан қутлайман. Мана шу уч ҳайкалчани совға ўрнида қабул этасиз,  фақат шу ҳайкаллар бир-бирига ўхшаб кўринса-да, уларнинг фарқли жиҳатлари бор, ўша фарқларни топа олсангиз менга хабар берарсиз”, деб ёзилган эди номада. 

Ҳадяни олган ҳукмдор дастлаб ҳайкалларни тарозига тортиб кўрди. Олтин ҳайкаллар бир-бирига грамма грамм тўғри келди. Юртида санъатдан озгина хабари бор инсон борки, ҳаммасини чақирди, одамлар ҳайкалларни синчиклаб ўрганиб чиқар, бироқ фарқини топа олмас эдилар.

Орадан кунлар ўтди. Бутун мамлакат халқи ҳукмдорининг муаммосини эшитди ва унга ёрдам беришга ҳаракат қилиб, масаланинг қошида ожиз қолди. Чорасиз қолган ҳукмдор исёнкор бўлгани боис ўзи зиндонга ташлатган бир ёш йигитни чақиртирди. Кўп ўқиган, илмли, маърифатли, ўз дунёқарашига эга бўлган йигит ҳукмдорнинг айрим сиёсатига қарши чиққани сабабли зиндонбанд этилган эди.

Йигит олдинига ҳайкалларни роса айлантириб кўрди. Сўнгра ингичка бир сим беришларини сўради. Сим берганларидан кейин у симни биринчи ҳайкалнинг қулоғидан тиқди, сим ҳайкалнинг оғзидан чиқди; иккинчи ҳайкалнинг қулоғидан тиқди, бошқа қулоғидан чиқди; учинчи ҳайкалнинг қулоғига тиқди, аммо ташқарига чиқмади, фақат сим сиғадиган ингичка йўл бўйлаб пастга, юракка қараб кетди ва у ердан ҳеч ерга чиқмай букланиб қолди.

Ҳукмдор ҳайкалларни юборган қўшни ҳукмдорга жавоб ёзди: “Қулоғидан киргани оғзидан чиққан инсон яхши одам эмас; биринчи қулоғидан кириб, иккинчи қулоғидан чиқиб кетган инсон ҳам яхши одам эмас; энг ишончли инсон қулоғидан кирганни юрагига кўмган одамдир. Қийматли совғалар жўнатганингиз учун мамнун бўлдим”.

 

Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.

 

Read 4446 times

Мақолалар

Top