Мақолалар

Дуойим қабул бўлсин десангиз

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

“Эй Муҳаммад, айтинг агар дуо, илтижо қилмас экансизлар Парвардигор сизларга парво қилмас” (Фурқон сураси, 77-оят).

Басра аҳли Иброҳим ибн Адҳам билан учрашишганда: “Бизга нима бўлганки, дуо қиламизу ижобат этилмайди, деб сўрашди. Шайх шундай жавоб қилдилар: Дуоларингиз қабул бўлмаслигининг сабаби, қалбларингиз ўнта нарсадан ўлгандир:

– Аллоҳни танийсизу, бироқ унинг ҳаққини адо этмайсиз.

– Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни севаман дейсизу, аммо суннатларини тарк этасиз.

– Қуръон ўқийсизу, лекин унга амал қилмайсиз.

– Аллоҳ неъматларини ейсизу, бироқ уларни шукрини адо этмайсиз.

– Шайтонни душманингиз дейсизу, аммо у билан муроса қилиб келишасиз.

– Жаннатни ҳақ биласизу, аммо унга кириш йўлида солиҳ амал қилмайсиз.

– Дўзахни ҳақ биласизу, бироқ ундан қочмайсиз.

– Ўлимни ҳақ биласизу, бироқ унга тайёргарлик кўрмайсиз.

– Одамларнинг айби билан машғул бўласизу, аммо ўз айбингизни унитасиз.

  • Ўлганларни дафн этасизу, лекин бундан ибрат олмайсиз.

Аллоҳ таолони танимаган, ғафлат уйқусида ётган қалб эгаларининг дуоси қабул бўлмайди.

Ибн Умар (розиялоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким дуосини қабул бўлишини ва ғамларидан фориғ бўлишни истаса, муҳтож кимсаларга ёрдам берсин”, дедилар.

Саъд ибн абу Ваққос (розияллоҳу анҳу) дуоларим нимага ижобат бўлмаётганлиги хусусида савол қилди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Эй, Саъд ҳаромдан сақлан, чунки қорнингга бир луқма ҳаром кирса ҳам банданинг дуоси қирқ кунгача қабул бўлмайди”, деб жавоб бердилар.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Учта кишининг намози бир қарич ҳам бошидан тепага кўтарилмайди:

  • Қавми уни ёмон кўргани ҳолда имомликка ўтган киши;
  • Эри ундан ғазабланган ҳолда тунни ўтказган аёл;
  • Аразлашган икки биродарнинг”, дедилар.

Аллоҳ таоло барчамизни дуоларимиз ижобат бўлишлигини насиб қилсин!

 

Ойбек МАЪРУПОВ

 “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

Read 4308 times

Мақолалар

Top