Мақолалар

Қуръон ўқиладиган хонадоннинг файзи бўлакча

Қуръон ўқиш билан нафақат қалбимиз, балки уйларимиз ҳам нурга тўлади. Қуръон ўқиладиган хонадон таровати бўлакча. Чунки Қуръон ўқиладиган хонадон кўзингизга файзли кўринади. Каломуллоҳ тиловат қилинадиган маскан самодаги юлдузлар каби нур сочиб туради.

Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кўкдаги юлдузлар ердагиларга қандай кўринса, Қуръон ўқиладиган уй осмон аҳлига худди шундай кўринади”, деганлар.

Тунда самога боқсангиз, милтиллаб турган минглаб юлдузларни кўрасиз. Қуръон тиловат қилинадиган уй осмондагиларга ана ўша юлдузлар ўхшаб кўринади. Чунки Қуръон ўқиладиган уйдан нур таралиб туради.

Ривоят қилинишича, бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга:

– Кеча Собит ибн Қайс ибн Шаммоснинг уйи ёришиб кетганини кўрдингизми? – дейилди. Шунда у зот:

– Бақара сурасини ўқиган бўлса керак, – деб марҳамат қилдилар.

Ибн Қайсдан бу ҳақида сўралганда, “Тунда Бақара сурасини ўқигандим”, деб жавоб берди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Уйларингизни намоз билан, Қуръон ўқиш билан мунаввар қилинглар”.

Бизнинг ҳанафий мазҳабида фарз намозларини масжидда ўқиш таъкидланган суннатдир. Нафл намозларини уйда ўқиган афзал. Сабаби намоз ўқисак, Аллоҳни эсласак, хонадонимиз мунаввар бўлади.

Одамлар анча-мунча сарф-харажат қилиб, елиб-югуриб чиройли уйлар қуради. Айрим иморатлар бир қарашда кўзингизга данғиллама кўринса-да, бироқ хонадонда файз бўлмайди. Нега? Чунки у ерда Қуръон тиловат қилинмайди, намоз ўқилмайди…

Иморат қанча ҳашаматли бўлмасин, Аллоҳнинг Каломи ўқилмаса, ундай жойда файз-барака бўлмайди. Зеро, қуруқ дабдаба билан уйимизга нур кириб қолмайди. Яшаб турган жойимиз нурга тўлсин десак, Қуръон ўқийлик, ибодат қилайлик, зикр-тасбеҳ айтайлик.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Қуръон тиловат қилинадиган уйнинг аҳли учун кенглик бўлади, фаришталар ҳозир бўлиб, шайтонлар у ердан узоқлашади. Бундай хонадоннинг яхшиликлари кўпаяди. Қуръон ўқилмайдиган уйнинг аҳли учун танглик бўлади. У ерни фаришталар тарк этади. Ўрнига шайтонлар келади. Шунинг учун яхшиликлари камаяди”.

Қуръон ўқиладиган хонадонда фаровонлик бўлади. Чунки у ерга фаришталар киради. Фаришталар бор уйга Аллоҳнинг раҳмати, баракаси ёғилади. Уйи тинч, хонадони файзли бўлишини истаган инсон Қуръон тиловат қилади. Зеро, Қуръон ўқилмайдиган уйдан фаришталар чиқиб кетади, ўрнини шайтонлар эгаллайди. Шайтонлар ўрнашиб олган жойда хайр-барака бўлмайди.

Баъзилар, “Ҳар бир уйда биттадан Қуръон бўлиши керак”, деб отасидан қолган Қуръонни матога яхшилаб ўраб-чирмаб қўл етмайдиган жойга илиб қўяди. Кейин ойда-йилда бир олиб, у ер-бу ерини варақлаган бўлади… Мусҳафни деворга осиб қўйишдан ҳеч қандай фойда йўқ. Аллоҳнинг Каломини ўқисак, ҳукмларини қунт билан ўргансак, илоҳий таълимотларга мувофиқ яшасак, ана ўшанда қалбимиз мунаввар, хонадонимиз файзли, юртимиз тинч, икки дунёмиз обод бўлади, иншоаллоҳ.

 

Хосият ҚОСИМОВА

Сурхондарё вилояти вакилининг

хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси

Read 3815 times

Мақолалар

Top