Мақолалар

Диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар дунёнинг етакчи экспертлари нигоҳида
Яқинда АҚШнинг Ж.Хопкинс университети ҳузуридаги Марказий Осиё ва Кавказ институти президенти Фредерик Старр ҳамда Институт директори Сванте Корнелл томонидан «Ўзбекистон: мусулмон дунёсидаги ислоҳотлар учун янги модель» номли мақола эълон қилинди.
 
Мақолада Ўзбекистонда давлат ва жамият ҳаётининг турли жабҳаларида олиб борилаётган ислоҳотлар, амалга оширилаётган туб ўзгаришларга ижобий баҳо берилган. Муаллифлар Ўзбекистондаги бу янгиланишлар мамлакат Президентининг шахсий ташаббуси асосида амалга оширилаётганини алоҳида қайд этганлар.
 
Тадқиқотчилар Ўзбекистон Раҳбариятининг диний соҳадаги сиёсатига юқори баҳо берадилар. Жумладан, мақолада жиноий фаолияти учун жавобгарликка тортилган, қилган ишидан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлини танлаган 16 мингдан ортиқ фуқароларнинг «махсус ҳисоб»дан чиқарилиши, хорижда юрган шу тоифадаги шахсларни мамлакатга қайтариш бўйича олиб борилаётган ишлар алоҳида қайд этилган.
 
Экспертларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев даврида Ўзбекистоннинг бой диний-маънавий тарихга даъвогарлиги амалий ҳаракатларда намоён бўлмоқда. Унинг даврида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилди.
 
«Ўзининг бой ўтмишга эга эканини эътироф этиш билан бир қаторда, Ўзбекистон ана шу тарихни илмий асосда ўрганиш ва ҳаётга тадбиқ қилишга ҳаракат қилаётгани бутун мусулмон дунёси учун авваллари учрамаган, янги йўналишни тақдим этмоқда», - дейилади мақолада.
 
Муаллифларнинг таъкидлашича: «Минтақа, исломнинг эътиқодий маркази сифатида қараладиган Яқин Шарқдан қолишмаган ҳолда, тарихий, диний ва интеллектуал асосларига кўра, мусулмон дунёсининг маркази бўлишга ҳақли».
 
Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари мусулмон дунёсининг энг илғор илмий кашфиётлари, бебаҳо диний манбалари араблар томонидан эмас, балки айнан марказий осиёликлар томонидан амалга оширилган, деган фикрни илгари сурадилар.
 
Жаҳоннинг етакчи экспертлари ва илмий доиралари томонидан Ўзбекистондаги диний-маърифий ислоҳотларга билдирилаётган муносабат, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимизда ушбу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар халқаро майдонда эътироф этилаётганининг амалий ифодасидир.
 
Шоазим Минаваров,
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори

 

Read 4042 times

Мақолалар

Top