Мақолалар

Замондан ўзган адиб

Вақт шиддат ила ўтиб бораётгани рост. Улуғ адиб Чингиз Айтматовнинг вафот этганига ҳам 10 йил бўлибди, бир пасда.

2008 йил 10 июнь куни адабиёт ихлосмандлари беназир ёзувчи Чингиз Айтматовдан айрилди. Ундан ажойиб романлар, қисса ва ҳикоялар қолди. Бу асарлар дунёнинг қайси тили (адиб асарлари 157 тилга таржима қилинган)да, ким томонидан мутолаа қилинмасин, ўқувчини ўйга толдиради ва бехосдан адибни эслашга ундайди.

Баъзан кишининг хаёлига ёзувчининг асарларини (айниқса «Охирзамон нишоналари»ни) ўқиганда адиб замондан ўзиб кетмаганмикан деган ҳақли савол келади.

Буюк ёзувчининг вафоти жуда кўп мухлисларни қайғуга солди. Дунё адабиётида бир тоғ қулади, бир юлдуз сўнди. Унинг ўлими мухлисларига «Она тупроқ» китобида ўғлини сафарга кузатаётган Тўлғаной онани яна бир бор эслатади: вокзалда ўғлини кузатган онанинг кўзига дунё қоронғи, ёлғизлик изтироби унинг ич-ичидан ўтиб кетган. Унинг бу ҳолати гўё жигарим келаркан деб вокзалга чиққан, йўловчиларнинг ҳаммаси ҳар ёққа тарқаб кетгач, ёлғиз ўзи темир девор ёнида қолган киши сингари эди. Бу ҳолатларни сўз билан ифодалаш қийин. Лекин буюк ёзувчи «Она тупроқ» романида бунинг уддасидан чиққан: ҳар ким кун келиб бу фоний дунёни ёлғиз тарк этишини она образида аниқ ифодалаб берган.  

Чингиз Айтматов асарларини ўқиган киши унинг сўнгги юз йилдаги энг буюк ёзувчилардан бири эканига шубҳа қилмайди. Адиб асарлари тилининг равонлиги, образларининг мукаммаллиги, воқеалар ривожининг изчиллиги, афсоналар ва ҳикояларнинг ўз ўрнида ишлатилгани билан қадрлидир.   

Ҳар бир ўқувчи Чингиз Айтматов асарларини мутолаа қилганда руҳий кечинмаларини жиловлай олмайди, асарга шунчалар берилиб кетадики, натижада  кўз ўнгида асар қаҳрамонлари бирма-бир гавдаланади. Мутолаа чоғида беихтиёр Помир тоғида кезишни, Тяншан тоғига чиқишни хоҳлаймиз, «Жамила ва Дониёр»нинг драматик севгисига маҳзун бўлиб, «Соҳил бўйлаб чопаётган олапар»га титраймиз, «Алвидо, Гулсари»га исён қиламиз. «Асрга татигулик кун»ни ўқиб манқурт ҳикоясини, Найман она афсонасини ёдламаган, Райимали оғанинг азоб-уқубатларига шерик бўлмаган ким бор?! Зарифанинг қора кўзларини ким ҳам унута оларди? Бундайин қийноқ ва изтиробларга бардош бериб, улкан қоялардан ошиб ўтган ҳақиқий севгининг тақдири яна ва яна ўқувчининг ҳукмига ҳавола қилинаверади. «Эрта келган турналар» хабари, «Қизил олма» ҳикоясидаги миллат ҳасрати, жудоликнинг чидаб бўлмас азоблари олдида ҳайқирмаган ким бор?!

«Биринчи муаллим» китобида 1920-йиллар идеалист бир қишлоқ ўқитувчисининг тақдирини ҳикоя қилар экан, бу асар ўқувчисини  йўлсиз, сувсиз тоғли қишлоқлар сари етаклайди. Ҳуқуқи поймол қилинган ўқувчиси Олтинойни деб таёқ еган муаллимнинг тақдирини ўқиган кишининг ҳам сиртига калтак излари тушади.

«Оқ кема»ни ўқиган ҳар бир киши ўзини у кемага отади...

«Кассандра тамғаси» асарида башариятни «ахлоқий буҳронлар қаршисида огоҳ бўлинг!» деган ҳайқириқлар билан огоҳлантирган эди буюк адиб.

Ўз қадриятларини унутган, манқуртга айланган, ўз онасини отиб ташлашгача бориб етган нотавон инсонларга Наймон она тилидан насиҳат беради «Асрга татигулик кун» асарида.

«Отингни унутма! Отангни унутма, ўғлим! Сенинг отинг Дўнанбой!..». Яна нима десин, нималар десин Айтматов?

Ҳаётининг сўнгги йилларида ёзган охирги китобининг номи «Тоғлар қулаганда» эди. Аслида тоғлар адиб вафоти туфайли йиқилди. Ҳар бир асари каби Айтматовнинг охирги китоби ҳам ҳасрат ва ҳаяжон билан, туну кун демасдан, чегара билмасдан, ҳар ерда севиб ўқилди. Аслида китобнинг номи унинг ҳайбати ва салобати учун етарли эди: «Тоғларнинг йиқилиши не демак? Ким кўрибди уларни?»...

Китоб муаллифининг бу сатрлари кишига беихтиёр Қуръони каримнинг: «...тоғлар (қумлар каби) сочилгач...» (Мурсалот сураси, 10-оят) ва «...тоғлар ҳам (ўз жойларидан) жилдирилганида...» (Таквир сураси, 3-оят) оятларини эслатади.

Асар ваҳший бир ҳайвон – барснинг бошидан ўтган ибратли воқеалар билан бошланади. Бу ҳайвонларнинг бошқаларникига ўхшамаган, ўзларига хос ҳаётлари бор. Уларга фақат улкан тоғларгина бошпана бўла олади. Бу тоғлар Тяншан тоғларидир.

«Тоғлар текисликларга нисбатан яна ҳам ҳур ва яна ҳам чуқур тафаккур қилинадиган жойлардир», — дейилади асарда.

Дарҳақиқат, шундай. Улуғ Аллоҳ Мусо (алайҳиссалом)га Тур тоғида, Исо (алайҳиссалом)га Табур тоғида, ҳақиқат намояндаси Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Нур тоғида ваҳийлар юборган.

Буюк адиб бу асари охиргиси бўлишини билмагандир эҳтимол. Лекин бир нарса равшанки, ҳақиқий тоғ 10 йил аввал қулаган эди. Бу айрилиққа Тяншан тоғи қандай бардош бера олар экан?..

Ёзувчининг охирги асарида «Дунё ўрнидами?» деган бир савол бор. Ҳа, дунё ўз ўрнида. Лекин дунёдан яна бир улкан тоғ кетди, бир юлдуз сўнди...

 

Толибжон НИЗОМОВ

Read 4335 times

Мақолалар

Top