Мақолалар

Зайд ибн Арқам

Тўлиқ исми Зайд ибн Арқам ибн Зайд ибн Қайс ибн Нўъмондир. Куняси Абу Амр. Абдуллоҳ ибн Равоҳанинг қарамоғида тарбия топган.

Зайд ибн Арқам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бир замонда яшади, ғазотларда қатнашди. Бани Мусталиқ сафари вақтида Зайд ёш бола эди. Жангдан сўнг, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва саҳобалари Мурийсида сув ичиш, туя ва отларни суғориш учун қудуқ олдида тўхтадилар.

 

Муҳожирлардан Жаҳжаҳ ибн Масъуд Ғифорий ва ансорлардан Синон ибн Вабр Жуҳаний бир вақтда қудуққа келишди. Биринчи бўлиб сув олишни талашиб қолишди.

Мунозара кучайгач, Жуҳаний: “Эй ансорлар жамоаси!” деб қичқирди. Шундан сўнг Жаҳжаҳ ҳам: “Эй муҳожирлар жамоаси!” деб қабиладошларини чақирди. Саҳобалар аралашгачгина муросага келишди. Бундай ножўя ишлар мусулмонларга ярашмаслигини ҳамма биларди. Лекин у ерда Убай ибн Салул исмли бир мунофиқ бор эди. Одамлар кўзига ўзини мусулмон кўрсатиб, намоз ўқир, сафарларга чиқар, аслида Аллоҳга ва Унинг Расулига имон келтирмаган эди. Агар мусулмонлар ғолиб бўлса, уларнинг яхшилигига эга чиқишни истарди у.

Убай ибн Салул: “Жаҳ­жаҳнинг гапини эшитдинг­ларми? У қандай қилиб “Эй муҳожирлар жамоаси!” деб нидо қилишга ботина олди?! Бу билан у нимани назарда тутди? Нима, улар ўша ансорийни ўлдиришмоқчими? Мадинага суқилишиб, тиқилишиб келганларида биз уларга бошпана берганимиз эсларидан чиқибди, шекилли?! Шунга айтадилар-да: “Ит боқсанг, ўзингни қопар”, деб Аллоҳга қасам, Мадинага қайтгач, кучлилар кучсизларни албатта, қувиб чиқаради”, деди.

Ушбу қасами билан у Мадинага қайтганида Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва саҳобаларни чиқариб юборишни қасд қилди. Яна у қавмига: “Агар қўлларингиздаги нарсадан, мол­ларингиз­­дан муҳожирларга бермасангиз, бирга ўтирмасангиз, тез орада улар бошқа шаҳарга жўнаб кетишади. Улар бошқа шаҳарга кўчиб кетмагунича, Муҳаммаднинг ҳузуридаги кишиларга эҳсон қилманглар”, дейди.

Бу гапларнинг барини Зайд ибн Арқам эшитиб турган эди. У Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёнларига бориб, бу хабарни етказди. Набий (алайҳиссалом) билан Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) бирга эдилар. Зайднинг сўзларини эшитгач, Умар (розияллоҳу анҳу) ғазабга минди ва: “Ё Расулуллоҳ! Уббод ибн Бишрга буюринг, ўша мунофиқни ўлдирсин!” деди.

Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қаттиқ яхши кўрар, бирор киши ҳатто сўз билан бўлса-да, уларга озор беришига тоқат қилолмасди. Лекин Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мунофиқни ўлдирмадилар. У зот (алайҳиссалом) бу хабарнинг ҳақиқати яширилиб, тафсилоти ўзгартирилиб, мишмишга айланиб, тарқаб кетишини ўйладилар. Чунки одамларнинг “Муҳаммад мунофиқ кишини ўлдирди”, дейишларидан кўра, “Муҳаммад ўзининг одамларини ўлдиряпти”, дейиши осонроқ эди.

Сўнгра Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Умарга (розияллоҳу анҳу) Мадинага қайтиш ҳақида жар солишни буюрдилар. Убай ибн Салул эса иғволаридан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хабар топганини билгач, у кишининг ҳузурларига бориб: “Аллоҳга қасам, ё Расулуллоҳ, мен бундай деган эмасман. Бунақа гапни тилимга олганим йўқ”, деди. Жазодан қутулиб қолиш учун тинмай қасам ичди.

Шунда бир ансорий: “Шояд ҳалиги бола сўзини гумон билан гапирган бўлса”, деди. Яъни, яхши эшитолмагандир, ким айтганини ажратолмагандир, эшитганини ёдида яхши сақлаб қололмагандир, бу киши ундай гапни айтмагандир, деган маънода фикр билдирди.

Зайд йиғлаганича уйига кетди. Устига-устак амакиси ҳам тинмай: “Нима учун бундай дединг? Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ғазаблантирдинг ва анавилар ҳам сени тасдиқламадилар”, дерди. Зайд эса йиғлар, тўғрисўзлигини исботлашга ёрдам беришини сўраб, Аллоҳга дуо қиларди. Шундан сўнг, “Мунофиқун” сураси нозил бўлди. Унда Ибн Салул нималар дегани зикр қилинди. Абу Бакр билан Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳумо) Зайдга бу хушхабарни етказиш учун шошилдилар. Набий (алайҳиссалом) Зайдни қулоғидан ушлаб: “Эй болакай, қулоқларинг сени алдамабди”, деб қўйдилар. Шу тарзда Аллоҳ Зайдни тасдиқлади ва у Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундан-да кўпроқ меҳр қўйди.

 

* * *

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Зайднинг бетобланиб, кўзларида оғриқ пайдо бўлганидан хабар топдилар. Уни кўргани бордилар ва: “Агар кўзларингга бир гап бўлса, нима қиласан?” деб сўрадилар. Зайд: “Сабр-тоқат қиламан”, деб жавоб қилди. Шунда Набий (алайҳиссалом): “Агар шундай қилсанг, жаннатга кирасан”, дедилар ва шифо сўраб ҳаққига дуо қилдилар.

Абу Яълонинг “Муснад”ида келишича: Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафотларидан сўнг Зайд ибн Арқамнинг кўзлари ожиз бўлиб қолди, сўнг Аллоҳ таоло яна унга кўз нурини қайтарди.

 

* * *

Зайд ибн Арқам Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) етмишта ҳадис ривоят қилган. Бухорий ва Муслим улардан қирқ­­тасига иттифоқ қилишган. Шунингдек, ундан Анас ибн Молик, Ибн Аббос ва кўплаб тобеинлар ҳадис ривоят қилишган. Тобеинлар Зайдни Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўргани, у зотнинг ҳадисларини эшитгани ва у кишига эргашиб намоз ўқигани сабабидан кўп яхшиликка эришган деб билардилар.

Воқидий ва Иброҳим ибн Мунзир Хазамий берган маълумотга кўра, Зайд ибн Арқам ҳижратнинг олтмиш саккизинчи йили Куфада вафот этган.

 

БУШРО

тайёрлади.

Read 3744 times

Мақолалар

Top