Ибратли ҳикоялар

Жиловин маҳкам тут...

Ўзимиз яхши кўрганни ўзгаларга раво кўрайлик. Имонимиз ва нафсимиз хоҳламаган нарсаларни бошқаларга раво кўрмайлик. Нафсимиз жиловини тортиб турайлик, уни ҳай-ҳайлаб йўлимизга солмасак, қамчилаб турмасак, тоату ибодат, савоб ишларга бурмасак, бизни ўзига қўшиб жаҳаннамга тортиб кетади.

Валийлардан бири балиқпазнинг дўкони олдидан ўтиб қолибди. Нафси ғалаён қилиб балиқ егиси келибди, бориб балиқпаздан балиқнинг нархини сўрабди. Унга жавобан балиқпаз нархи икки танга эканини айтибди. Буни эшитган Валий, пул топиш ниятида йўлида давом этаётганда қудуқдан чарх айлантириб сув чиқарадиган жойга бориб қолибди. Чарх эгаси миробдан:

– Бир кунлик иш ҳақи қанча бўлади? – деб сўрабди.

– Икки танга, – дебди мироб ва иккаласи келишибди. Эртадан кечгача тинмай гир айланиб сув чиқарган авлиё қаттиқ чарчаб, ҳолдан тойибди. Хизмат ҳақига келишилган икки тангани олиб, балиқ харид қилиб, ер экан:

– Эй нафсим, агар яна балиқ егинг келса, бундан ҳам қаттиқроқ ишлатаман, – дебди.

Эй азиз фарзанд! Ёмон нафс доимо ёмонликка ундар, қанча кўп бўлса, шунча кам дейди.

Баднафслик хорликка ундагай ҳар дам,

Оташга тушарсан гар бўлсанг ҳамдам.

Нафсингни доимо тарбият айла,

Жиловин маҳкам тут, яхшилаб бойла.

 

Шермурод Тоғайнинг “Қасамини бузган қиз” китобидан

Read 3766 times

Мақолалар

Top