Мақолалар

Вақт қиличидан эҳтиёт бўлайлик

Вақт асрашимиз керак бўлган  энг қимматли неъмат. Биз эса уни беҳуда ўтказмоқдамиз.                                                                                  

Дунёга келган ҳар бир инсоннинг умри вақт давомида тўхтовсиз ўтиб боради. Бу дунёдан кетиш муддати етганда дунёни ташлаб кетишдан ўзга чора қолмайди. Кетиш вақти эса бугунми, эртами қачон келиши инсонга номаълум. Дунё ҳаёти бир кундек бўлиб ўтиб боради. Чунки кечаги кун ўтиб кетган кун, эртанги кун эса ҳали келмаган. Инсон амал қиладиган асосий кун эса бугунидир. Ҳикматли шеърда бу ҳақда шундай дейилган:

Ўтмиш ўтиб кетди, келажак орзу,

Шу турган онингга қилавер ружу.

Ўтаётган ҳар бир лаҳза инсон ҳаёти ва умрининг бир қисмидир. У қиёмат куни инсоннинг фойдасига ё зарарига гувоҳлик беради. Уламолар ўтаётган вақт ҳақида шундай деганлар: “Вақт бетараф бўлмайди, ё сенга қадрдон дўст ёки ашаддий рақиб бўлади”. Яъни ўтган вақт инсоннинг ё фойдаси, ё зарарига ҳужжат бўлади.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деган: “Бошланаётган ҳар бир кун шундай нидо қилади:Эй одам боласи, мен янги кунман, сенинг амалингга гувоҳман, мендан фойдаланиб қол, агар ўтиб кетсам, қиёмат кунигача қайтмайман.

Умрни қадр-қиммат ва нафисликда ҳеч нарса ила ўлчаб бўлмайди. Агар минг йилни беҳуда сарфлаб, сўнг тавба қилиб, сизга умрингизнинг охирида саодат насиб этса, абадул-абад жаннатда яшайсиз. Шунда (сиз учун) энг шарафли нарса охирги лаҳзадаги мана шу ҳаётингиз эканини биласиз. Вақт энг мукаммал неъматдир. Унда ҳеч қандай айб йўқ.  Айбдор ундан фойдаланмаётган инсоннинг ўзидир. Шунинг учун  вақтнинг қадрига етган зоҳид тобеинлардан бири Омир ибн Абду Қайсга бир киши: “Менга бирор нарса гапириб беринг”, деганида, унга: “Қуёшни ушлаб турсанг, гапириб бераман” (яъни, вақт тўхтовсиз ўтиб кетаверади. Ҳеч ортга қайтган эмас. Уни қўлдан бой берган одам ўзидан кўрсин. Энди уни тополмайди. Чунки, ҳар бир вақт ўз ҳақига эга. Кеча қилмаган ишимни бугун қилдим-ку, деган одам ўзини алдаяпти холос. Мен вақтимга хиёнат қилмайман. Хафа бўлма, вақтим йўқ.) деган эканлар.

Мўмин икки хавотир орасида бўлади: тез ўтиб кетган кеча ва ҳали келмаган эрта орасида, кечада Аллоҳ таолонинг нима қилганини (яъни ундан амалларини қабул этган ё этмаганини) билмайди, эртага Аллоҳ таолонинг нима ҳукм қилишини билмайди.

Шунга кўра, банда ўзи учун ўзидан фойдаланиб қолсин, охирати учун дунёсидан фойдаланиб қолсин, қаришидан олдин ёшлигидан фойдаланиб қолсин, ўлимидан олдин ҳаётидан фойдаланиб қолсин.

Шундай экан эй азизлар, соғлик, вақт, ақл... уларнинг ҳаммаси  бойлик. Уларнинг барчаси бахтли бўламан деган кишиларга бахт ва саодат калити. “Вақт қиличга ўхшайди, агар сен уни кесмасанг у сени кесади”.

Аллоҳ таоло барчамизни вақтнинг қадрига етадиган ва ундан тўғри фойдаланадиган кишилардан қилсин. Зеро, омонат умрнинг қадрига етадиган зотлар ўзларини ҳам, миллатларини ҳам, юртларини ҳам манфаатлардан маҳрум қилмайдилар. Ана ўшалар тўғриликда юрувчилардир. Аллоҳ таоло барчамизнинг оқибатларимизни хайрли қилсин.

 

Манбалар асосида Хўжаобод тумани

“Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби

Муҳаммадқуддус Абдулманнон тайёрлади

Read 3499 times

Мақолалар

Top