Мақолалар

Бола – азиз, одоби – ундан азиз

Фарзанд – инсон наслини давом эттиради ҳамда оиланинг мустаҳкам занжири. Солиҳ фарзанд ота-­онанинг бахт-­иқболи, икки дунё саодатига етказувчи дилбанди. Фарзандлар "жаннат райҳонлари" деб тавсифланиши бежиз эмас. Аммо у одобли, яхши фазилатлар соҳиби, итоаткор ва қобил бўлгандагина ота-онасига раҳмат ва бахт­-хурсандчилик келтиради.

Муқаддас динимиз таълимотига кўра, фарзанд Аллоҳ таоло ин­сонга берган улуғ неъматлардан бўлиши баробарида, у омонат ҳамдир. Бу неъматга сазовор бўлган ота­-оналар унинг қадрига етишлари, шукрлар айтиб, фарзанд олдидаги ота-оналик бурчларини пухта адо этишлари, яъни, унга чиройли исм қўйишлари, яхши таълим­-тарбия беришлари ва охир-­оқибатда Аллоҳ розилигини топадиган, миллати, Ватани, ота-онасига муносиб ўғил-қиз, тенгдошлари ҳурмати ва муҳаббатини қозонган етук бир инсон бўлиши борасидаги масъулиятли вазифаларини чин ихлос ва садоқат билан адо этишлари лозим.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: "Эй имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш, дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар хизмат қиладиган дўзахдан сақлангиз" (Таҳрим, 6)

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтадилар: "Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдордаги нафл садақа беришидан яхшироқдир".

Бошқа бир ҳадисда: "Ота болага гўзал одобдан яхшироқ нарсани бера олмайди", дейилади.

Абу Али ибн Сино фарзанд тарбияси ҳақида васият қилиб, бундай деган эди: «Ёш бола таълим-тарбия оладиган жойда одоб-ахлоқли, туриш­-турмуши намунали катталар бўлиши лозим. Зеро, ёш бола ҳар бир нарсани уларга тақлид қилиб ўрганади ва улар билан дўст бўлади".

Муҳтарам Президентимиз нутқларидан бирида фарзандлар тарбияси ва уларнинг баркамол авлод бўлиб етишишида одоб-­ахлоқнинг ўрни катта эканини таъкидлаб, жумладан, бундай деганлар: “Ёшларимизга бугуннинг ўзида алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Улар нафақат ишончимиз ва келажагимиз, ёшлар – бугунги ва эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучидир. Яъни эртанги кун кутганимиздек бўлиши учун бугуннинг ўзида ёшлар тарбиясига жиддий эътибор қаратишимиз зарур”.

Фарзанднинг одобли, меҳнатсевар, соғлом бўлиб ўсиши кўп жиҳатдан онасига боғлиқ бўлади. Шунинг учун динимиз кўрсатмаларида бўлғуси келинни танлашга алоҳида эътибор қилинади. Келажакда туғилажак фарзандларга муносиб она танлаш ҳақида фарзанд ҳали туғилмасидан қайғурилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фарзандларингизга муносиб онани ихтиёр қилинглар”, деганлар. Мусулмонларда келин танлашда унинг солиҳа, диндор, яхши хулқли бўлиши асосий мезон саналади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аёл тўрт нарсаси: моли, ҳасаби, жамоли ва дини учун никоҳланади. Бас, сен диндорини танла, омон бўлгур", деганлар.

Албатта, Пайғамбаримизнинг ушбу тавсияларида улкан ҳақиқат мавжуд. Зеро, молдорлик, яхши бир насабга эга бўлиш ва ҳусндорлик инсонни ҳовлиқтиради, бошқалардан ўзини устун қўйишга олиб боради. Бундан ташқари, ушбу жиҳатларнинг баъзилари ўткинчи бўлиб, уларга нисбатан қизиқиш вақт ўтиши билан сусаяди. Диндорлик эса, инсонни инсонийликка ундовчи омил бўлиши билан бирга, доимий ажралмас сифатдир.

Шунинг учун ҳам бир ҳадисда: "Ким хотиннинг молу жамоли учун уйланса, унинг молу жамолидан маҳрум бўлади ва ким аёлнинг дини учун уйланса, Аллоҳ таоло у кишига унинг молу жамолини ҳам насиб қилади", дейилган.

Олимларнинг тадқиқотларига кўра, ўз онаси тарбиясини олган, унинг ғамхўрлиги, шафқатини ҳар қадамда ҳис этиб турган болалар ўзларини бутунлай жамоат ишига бахшида қилиб, соғлом, ақлли, тарбияли ва кўнгилчан бўлиб улғаяр экан. АҚШда ўтказилган тадқиқотларда, қамалганларнинг ярмидан кўпи она меҳрига тўймаган ёшлар экани маълум бўлган. Дарҳақиқат, фарзанд тарбияси борасида оилада онанинг ўрни алоҳида аҳамият касб этади. Фарзандга меҳр деган улуғ туйғуни ҳеч ким онадан ортиқроқ бера олмайди.

Афсус, баъзан оналар учун бола тарбияси жамият ва рўзғор юмушлари олдида эътиборсиз нарса бўлиб қолмоқда. Аёлларга ҳар қанча ҳуқуқ берилмасин, улар қанчалик юксак мақомларга эришмасинлар, агар болаларига яхши тарбия бермасалар, уларга ўзини, милла­тини, динини, Ватанини танитмасалар ва севдирмаса­лар, оналик ҳақини адо этмаган бўлади.

Зеро, Ислом олимларидан бири айтганидек: "Авлодларни вояга етказиш ва муносиб инсон қилиб тарбиялаш мақсад қилиб олинмаган никоҳ шунчаки бир айш-ишрат ва маишатдан бўлак нарса эмас. Бу никоҳдан туғилган болалар ҳам ўткинчи ҳирснинг қурбони бўлган бечоралардир".

Муҳаммад ибн Муҳаммад Жомий айтади: "Ҳар бир ота-онанинг фарзанд олдида бурчи бор. Чунончи, ҳар бир ота ўз фарзанди номусли аёлдан туғилишига ҳаракат қилсин, токи туғилганидан кейин одамлар фарзандга турли таъналар қилиб юрмасин. Болага яхши ва чиройли исм қўйсин. Унга илму маърифат ўргатсин. Ота-она фарзандини ҳамиша ҳалол овқат билан боқсин. Ҳаром йўлда топилган таом болага ёмон таъсир кўрсатади ва уни ҳаромхўрликка ўргатади. Бунинг учун ота-онанинг ўзи, аввало, ҳалол овқат ейиши керак. Шундагина пуштидан бўлган бола ҳалол ва покиза бўлиб туғилади. Она ҳомиладорлик пайтида ҳаром ва нораво овқатлардан, ношаръий ишлардан тийилиши керак".

Ота-­она тарбиясининг аҳамияти ҳақида жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу ҳадиси шариф ворид бўлган: "Ҳар бир фарзанд мусулмон фитратида туғилади, лекин уни яҳудийга айлантириб юборадиган ҳам, насроний ёки мажусийга айлантириб юборадиган ҳам унинг ота-­онасидир".

   Фарзандларимизга шундай тарбия берайликки, улар ўз ота-боболарига, ўз тарихи, Ватани, она тилига, миллат улуғларига, муқаддас Ислом дини анъаналарига содиқ бўлиб қолсин. Китоблардан ўрганилган маърифий илм қаторида оилада олинган ҳаёт илми ҳам уларга сув ва ҳаводек зарур. Илмли, одобли, фаросатли одам ҳаётда ўрнини топиб олади.

 

Олимжон КАРИМОВ,

Пешку тумани “Хожа Пешку” масжиди имом-хатиби

Read 12877 times

Мақолалар

Top