Ибратли ҳикоялар

Ҳурлик

Муҳаммад деган бир дўстим тоғда яшайди. Яқинда уникига меҳмонга бордим. У билан техникумда бирга ўқиганмиз. Қўйлари кўп. Уларни тонг саҳардан қир-адирларга ҳайдайди. Мусаф­фо тонг ҳавосида қўйларини яйловда айлан­ти­риб боқади.

Кечки овқатни тановул қилиш пайти бўрининг увиллаган товуши ўтовга яқин ердан эшитилди. Дўстим бўрининг увиллашидан заррача ташвиш чекмай, бемалол ўтирарди. Тонгда унга қўшилиб, мен ҳам қўй боқишга чиқдим. Қўйларни ҳайдаб бир оз юрганимиздан сўнг, адирда бир бўрини кўриб қолдим. Қўзидек ўлжасини тишлаб, елкасида кўтариб борарди.

– Қаранг, қаранг, бўри! Уни отиш керак, мил­тиғингизни беринг, қочиб кетмасин, – дедим. Дўстим бўлса, хотиржамлик билан:

– Асло! Бу бўри қўшним бўлади. Бўри йиртқич бўлса-да, қўшничилик ҳақини яхши билади. Шу боис, бирор марта бўлса-да, қўйларимга ҳужум қилгани йўқ. Овни бошқа жойдан қилиб, бола­ларини боқади. Ҳатто қўйларимни бошқа йирт­қичлардан ҳимоя қилади, деб бўрига қараб, сўзида давом этаркан:

– Бир ваҳший йиртқич қўшничилик ҳақига шунчалик риоя қилса-ю, мен ақлли инсон дўст­лик­ка нега хиёнат қилишим керак! Ахир биз ақлли жонзотмиз, биз қўшничилик ҳақини гоҳо мана шундай йиртқичлардан ўргансак бўлади.

Ҳа, азизлар! Қўшничилик ҳақи улуғ, чунки қўшни яхши ва ёмон кунларингизда доимо ёнингизда елкадош бўлади. Баъзи мусибат кунимизда узоқдаги қариндошимиз етиб келгунича қўшнимиз ёнимизда бўлади. Моддий ва маъна­вий ёрдам беради. Шу боис, қўшничилик ҳақига риоя қилишимиз лозим. Қиёмат­да яхши ёки ёмон­лигимиз­ни қўшнидан сўрашар экан...

Озодлик нелигин бўрида кўргин,

Ундан ҳамияту мардликни сўргин.

Ажабки, қўшнилик ҳурматин қилар,

Ёвуз нафс амридан ўзини тияр.

 

“Қасамини бузган қиз” китобидан олинди

Read 4096 times

Мақолалар

Top