Ибратли ҳикоялар

Сабр ҳақида сабоқлар

Сабр сўзининг маъноларидан бири танглик ила ўзини тутиб туришдир.

Сабрнинг истилоҳий маъноси ҳақида уламо аҳли бир-бирини тўлдирувчи бир неча таърифларни айтганлар: Роғиб: «Сабр нафсни ақл ва шариат тақозо қилганидек тутиб туришдир ёки иккиси тақозо қилган нарсадан тутиб туришдир», деган. Муновий: «Сабр ҳиссий ва ақлий оғирлик ва аламларга чидашдир», деган.

Сабр ҳақида шундай демишлар:

– Сабр нафсни қайғу ва аччиқланишдан, тилни шикоятдан ва аъзоларни ташвишдан тутиб туришдир.

– Сабр нафснинг фозил ахлоқларидан бири бўлиб, қилиниши яхши ва гўзал бўлмаган нарсалардан сақланишдан иборатдир.

– Сабр Қуръон ва Суннат аҳкомларида собит туришдир.

– Сабр бало етганда гўзал одоб ила туришдир.

– Сабр изтироб пайтида қалбнинг собит туришидир.

Сабрнинг турлари

Ҳилмий айтади: «Сабр уч турлидир: Жабборнинг тоатига сабр қилиш. Жабборнинг маъсиятидан сабр қилиш. Жабборнинг имтиҳонига сабр қилиш».

Ибн Қоййум айтади: «Сабр ўзи боғланган нарса эътиборидан уч қисмга бўлинади: Амр ва тоатларни адо этишга сабр. Наҳйи ва хилофларни қилмасликка сабр. Қазои қадарларга рози бўлишга сабр».
Ферузободий айтади: «Сабр уч турлидир: Аллоҳга сабр. Аллоҳ билан сабр. Аллоҳ учун сабр». Авф сўзи луғатда тарк қилиш, ўчириш ва йўқ қилиш маъноларини ифода этади. Уламо ахди авфни қуйидагича таърифлайдилар:
Муновий: «Авф бир нарсани тановул қилишни қасд этиш ва гуноҳни ўтиб юборишдир», деган. Кафавий: «Авф қудрати етиб туриб, зарар етказмасликдир. Ким уқубат беришга ҳақдор бўла туриб, уни тарк қилса, авф қилган бўлади», деган.

Авф билан мағфиратнинг орасидаги фарқ

Мағфират иқобни соқит қилиб, савоб беришдан иборатдир. Бунга фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи қодир. Мағфиратга фақат мўмин бандагина сазовор бўлади. Авф маломат ва мазамматни соқит қилса ҳам, савобга эришишни тақозо қилмайди. Авфни банда ҳам қилиши мумкин.
Авф уқубатдан олдин ҳам, кейин ҳам бўлаверади. Мағфиратда эса, уқубат умуман бўлмайди. Авф фақат қодир бўлган шахс тарафидан бўлади.
Авф уқубатни соқит қилади. Мағфиратда эса, гуноҳ беркитилади.
Аллоҳ таоло: «Шубҳасиз, ким сабр қилиб, кечирса, албатта, бу мардлик ишларидандир», деган (Шуро, 43).

Бу ояти каримада сабр қилишга даъват бор. Яна кечиримли бўлишга даъват бор. Яхшилар сифати бўлган ушбу сифатларга такрор-такрор даъват бежиз эмас. Аввало, бу ишларни амалга ошириш осон эмас. Қолаверса, яхши сифатларга қанча тарғиб қилинса, шунча оз. Дунёдаги ҳолатлар бошқача бўлиши мумкин. Баъзан жиноятчи, золим ва тажовузкорларга омад кулиб боққандек кўринади. Бундай қарасангиз, пичоқлари мой устида, кунлари шод-ҳуррамликда ва айш-ишратда ўтаётгандек. Улар дунёнинг ярмига, балки ҳаммасига эга бўлсинлар, аммо беш кунлик ўткинчи дунё матоҳларининг қиммати қанча? Унга эришганлар аслида нимага эришадилар ўзи?
Аммо сабр қилганлар мардлик ишларини амалга оширган бўладилар ва унинг ажрини тўла-тўкис оладилар. Аллоҳ таоло яна: «Албатта, сабр қилгувчиларга ажрлари ҳисобсиз, тўлиқ берилур», деган (Зумар, 10). Баъзи уламоларимиз, сабр қилувчиларга ажрлари берилаётганда, ҳисоблаб ўтирмасдан, улгуржи бериб юборилади, деб таъвил қилганлар.

Ибратли ҳикоя

Икки шаҳарнинг машҳур рассомлари расм чизишда моҳирлик борасида доим тортишар эдилар. Уларнинг бири хитойлик рассомлар, иккинчиси онадўлилик (Туркия шаҳри) рассомлар эди.
Шаҳар ҳукмдори уларни орасини ажратиш учун саройига таклиф қилди. Уларга бир хонани кўрсатди. Уни орасида девор ўрнатишди. Бир қисми Хитой рассомларига ва иккинчиси онадўлилик рассомларга топширилди. Улар ўз маҳоратларини ишга солиб расм сола бошладилар.

Хитойлик рассомлар жуда кўп бўёқлар сўраб, жуда чиройли суратлар чиздилар. Онадўлилик рассомлар эса ўзларига берилган хонанинг бир қисмини биллурдек шаффоф бўлган мовий рангга бўядилар.

Белгиланган вақт тугагач, подшоҳ хонани текширгани кирди. Биринчи бўлиб хитойлик рассомларнинг ишларини кўриб қойил қолди. Улар хонани усталик билан безатиб, расм чизган эдилар. Навбат Онадўлилик рассомларга келган-да, улар орадаги деворни олиб ташлашни айтдилар. Орадаги тўсиқ олингандан сўнг хитойлик рассомлар чизган сурат, онадўлилик рассомлар чизган биллурдек шаффоф мовий деворларда акс этди. Буни кўрган подшоҳ ҳайратдан лол қолди. Бунинг оддийлик ва бежиримлигига тасаннолар айтди.
Қиссадан қисса шуки: Барча гўзаллик ва бежиримлик, чиройли сабр соддалик ва оддийликдадир. Инсон фақат зеб-зийнат ва ҳашаматларга берилмаслик, сабр қилиш мукофатларнинг энг олийсидир.

 

Ислома МУХАММАДОДИЛОВА

“Хадичаи кубро” аёл-қиз ўрта махсус 
ислом билим юрти талабаси

Read 7294 times

Мақолалар

Top