Мақолалар

Нафс муолажаси

Инсон бошига тушадиган ҳар хил бало-офатлар беодоблик ва бадхулқлик натижасида бўлади, десак хато бўлмайди.

Зеро, халқимизда: «Менинг нафсим балодур, ўтдан чўққа солодур», деган пурҳикмат гап бор.

Гапни кўп чўзмай, нафснинг уч муолажасига ўтамиз.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда нафсни поклашга чақириб, бу ишни амалга оширган инсонни ютуққа эришганини таъкидлайди.

    قَدْ أَفْلَحَ مَنْ زَكَّاهَا

«Ҳақиқатда, ким у (нафс)ни покласа, ютуққа эришади» (Шамс сураси, 9-оят).

Машойихлар нафс тарбияси ва ислоҳида асосан, учта муҳим йўлга урғу берадилар.

  1. Нафсдан хоҳлаётган нарсаларини тийиш ёки камайтириш.

Чунки асов ҳайвонни жиловлаш ва қўлга ўргатиш унинг емини камайтириш билан бўлади. Ҳудди шунингдек, бебош нафсни тарбия қиламан деган киши нафс хоҳиш ва истакларини жиловлаб тийиш керак.

  1. Нафсга оғир келадиган ибодатлар, яхши ишларни юклаш.

Асов ҳайвонни бўйин сундиришининг яна бир йўли, унинг емини озайтириш билан бирга устига ортиладиган юкини кўпатириш билан бўлади. Шунда ҳайвон заифлашиб, ўз-ўзидан итоаткор бўлиб қолади. Нафс тарбиясида мана шу усулни қўллаш яхши самара келтиради.

  1. Бу йўлда доим Аллоҳ таолодан тавфиқ ва ёрдам сўраш.

Чунки нафсни Аллоҳ таоло яратди. Унинг ҳолатини, қиладиган ишларини биздан кўра яхшироқ билади.

Уламолар қуйидаги набавий дуони ўқишни тавсия қиладилар.

 

اللَّهُمَّ آتِ نَفْسِي تَقْوَاهَا وَزَكِّهَا أَنْتَ خَيْرُ مَنْ زَكَّاهَا أَنْتَ وَلِيُّهَا وَمَوْلَاهَا

 

Дуонинг таржимаси: Аллоҳим, нафсимга тақвосини бер. Ва уни покла. Сен покловчиларнинг энг яхшисисан. Унинг Эгаси ва Холиқи ҳам Ўзингсан.

 

Асадуллоҳ АЗИМОВ

 Андижон шаҳар «Жиддаи Муборак»  масжиди

имом-ноиби

Read 7379 times

Мақолалар

Top