Мақолалар

Валийлар каромати ҳақ

Айримлар илмсизликлари сабаб оят ва ҳадисларни нотўғри талқин қилиб, валийларнинг кароматларини кескин инкор этишади. Бу гўёки мушрикларнинг пайғамбар алайҳиссаломнинг мўъжизаларини рад этганлари кабидир. Аллоҳ ҳар нарсага қодир зот. Хоҳлаган бандасига набий, расул ёки валийлик мақомини бериш Унинг измида. У зот ўз дўстларини мўъжиза ёки каромат ила сийлаши табиий ҳол, албатта. Бунга шак келтириш ноўрин. Валийлар Аллоҳнинг эрка бандалари бўлиб, айрим ишларда бошқалардан ажралиб туришган холос. Улар ҳаётига разм солсак, теран мушоҳада этсак, бунинг ҳақлигига яна бир карра амин бўламиз. 

Аввало, валий тушунчасига эътибор берсак. Валий Аллоҳни дўст тутувчи, ибодатда бардавом, ҳукмларда маҳкам, эътиқодда ўрнак, гуноҳдан йироқ, ҳаромдан узоқ юрувчи кишидир. 

Саъдуддин Тафтазонийнинг «Шарҳ ал-ақоид ан-Насафия» асарида айтиб ўтилганидек, шубҳасиз, уларнинг кароматлари ҳақдир. Бундай каромат узоқ масофани қисқа муддатда босиб ўтиш, муҳтож пайтда озиқ-овқат, ичимлик ва кийим-кечакнинг пайдо бўлиши, сув устида юриш, ҳавода учиш, жонсиз ва тилсиз нарсалар билан гаплашиш, келган балоларни пасайтириш каби нарсаларда билинади. Бу каби ҳолатлар валийларда ғайриоддий йўл билан содир бўлади.  

Имом Абу Бакр ибн Фурак айтганлар: «Авлиёларга пайғамбарлардан фарқли ўлароқ кароматларини яшириш вожибдир». 

Абу Бакр Ашъарий эса: «Каромат набийга ҳам, валийга ҳам хос», – деганлар. 

Демак, авлиёларда каромат содир бўлиши айни ҳақиқатдир. Унинг қандай бўлиши ақлга сиғмасада, бироқ шариат қоидаларига асло зид эмас. Ақидавий масалаларни тўғри тушуниш, тўғри талқин қилиш, далил-исботларга суяниб иш тутиш турли хил фитна ва зиддиятларнинг олдини олишда, айрим бузғунчи гуруҳларнинг ботил эътиқодларига раддия сифатида истифода этишда анчайин қўл келади. 

Шундай экан, ўтган валий зотларнинг йўлларини тутиш, суннатларига эргашиш, ҳикматларига суяниб иш тутиш айни камолот чўққиси эканини унутмаслик зарур.


Эркин ҚУДРАТОВ,

Мир Араб ўрта махсус ислом 

билим юрти мударриси

Read 4473 times

Мақолалар

Top